Кекса муаллим ибрати

13:34 17 Июнь 2025 Жамият
272 0

Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Денов туманидаги 6-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Эргаш Саидовнинг номи алоҳида ифтихор билан тилга олинади. 82 ёшда бўлишига қарамай, бу инсон ўзининг фидокорлиги билан намунага айланган устоз саналади. Эргаш ака 1967 йилдан буён шу мактабда таълимга содиқ хизмат қилиб, юзлаб болалар ҳаётига нур сочиб келаётган заҳматкаш педагогдир. Меҳрибон муаллим учун ҳаёт — таълим ва меҳр йўли.

Устоз таълимга бўлган муҳаббатини болалик давридан бошлаган. Ёшлигидан илмга чанқоқ бўлиб, ҳақиқий ўқитувчи бўлишни орзу қилган. Бу орзу вақт ўтиши билан унинг мақсадига айланди. Бошланғич синф ўқитувчиси сифатида Эргаш ака болаларнинг энг нозик ва эътибор талаб қилувчи палласида — уларнинг маънавий ва руҳий камолоти йўлида бутун борлигини бағишлаб, ҳозиргача меҳр ва садоқат билан хизмат қилиб келмоқда.

— Болалар билан ишлаш катта масъулият, балки саодат ҳамдир, — дейди ардоқли устоз Эргаш Саидов. — Ҳар бир мурғак қалбга шунчаки билим эмас, балки меҳр, инсонийлик ва эзгу орзуларни ҳам сингдириш зарур. Бола қалбига нур улашиш, унинг қалбида умид, ишонч ва меҳр пайдо қилиш педагогнинг энг олий бурчи саналади. Ҳаётдаги мақсадим фақат дарс ўтишмас, балки болаларни ватанпарвар, юксак маънавият соҳиблари, меҳнаткаш қилиб тарбиялашдир. Уларнинг ҳар бири эртанги куннинг етук мутахассиси, фидойи инсон бўлишига ишонаман.

Эргаш Саидовнинг мактабдаги фаолияти 58 йилдан зиёд давом этмоқда. Бу муддатда у юзлаб ўқувчиларнинг қалбида ўчмас из қолдирди. Уларга нафақат фан асослари, балки ҳаёт учун зарур бўлган ахлоқий қадриятларни ҳам ўргатди. Унинг ҳар бир дарси фақат дарслик асосидаги маълумот эмас, балки маънавий тарбия, ҳаётда тўғри йўлни танлаш, инсон бўлиб яшашни ўргатувчи мактабга айланган. Эргаш ака учун ҳар бир ўқувчи — юксак масъулият ва алоҳида эътибор талаб қиладиган шахс. Шу боисдан ҳам у ҳар бир болага юрагидаги меҳрни бериб, келажагига ишонч билан йўл очиб келмоқда.

— Устознинг сўзларида катта куч ва чуқур маъно бор, — дейди шу мактаб директори Меҳринисо Худойбердиева. — У ҳар бир дарсни сабр-тоқат, чин дилдан ўтади. Ҳар бир боланинг қалбига алоҳида эътибор беради. Унинг меҳри ва масъулиятлиги ҳанузгача сақланиб қолган. Бу ёш устозлар учун намуна. Эргаш ака фақат билим эмас, инсонпарварликни ҳам ўргатади, шу боис унинг устозлик мактаби жамиятимиз учун қадрли бойликдир.

Айни пайтда мамлакатимиз бўйлаб зўр иштиёқ билан давом этаётган «Долзарб 90 кунлик» дастури мактаб ўқувчилари ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда, уларни соғломлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Эътиборлиси, ушбу эзгу ташаббусда Эргаш Саидов ҳам фаол иштирок этмоқда.

— Бу лойиҳа нафақат ёшларга имконият, балки катталар учун ҳам жамият олдидаги масъулиятни оширади, — дейди фидойи ўқитувчи Эргаш Саидов. — Таътилда ҳам фарзандларини келажаги учун муҳим бўлган тўгараклар ва машғулотларга олиб келаётган ота-оналар кўпайганидан хурсандман.

Эргаш Саидов нафақат мактабда заҳматкаш устоз, балки маҳаллада ҳам фаол нуроний, оилада талабчан ота ва меҳрибон бобо ҳамдир. У олти нафар фарзандни ҳалол луқма билан вояга етказиб, уларнинг ҳар бирини олий маълумотли, жамиятга фойдали шахслар қилиб камолга етказди. Ҳозирда 27 нафар набиралари оғушида умргузаронлик қилиб келаётган Эргаш акага мустаҳкам соғлиқ, янги авлодни тарбиялашда бардавомлик тилаймиз. Унинг меҳнати ва ҳақиқий устозлик намунаси ҳамиша эътиборда ва қадрда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?