Карвон йўлларидан рақамли йўлгача
Хоразм воҳасининг иккита тарихий шаҳри Урганч ва Хивани боғловчи карвон йўли XVII асрда Абулғози Баҳодирхон томонидан барпо этилган бўлиб, асрлар мобайнида муҳим савдо-сотиқ ҳамда маданий алоқаларни таъминлаган. Қишда лой, ёзда чанг бўладиган бу йўлда асрлар мобайнида не-не карвонлар ўтмаган дейсиз. 1997 йилда Хиванинг 2500 йиллиги муносабати билан ушбу йўл обод қилиниб, автотранспортларнинг равон ҳаракатланиши таъминланди, жумладан, троллейбуслар қатнови ҳам йўлга қўйилди.
Бугунги кунда ушбу йўл вилоятда транспорт оқими жуда катта, энг тирбанд йўл ҳисобланади. Чунки, туризмнинг ривожланиши туфайли, очиқ осмон остидаги музей шаҳарга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Масалан, ўтган йил Хивага 12,5 млн нафар, жумладан, 2,2 млн нафар хорижий сайёҳлар ташриф буюрди. Бу муҳим омил, шунингдек, Хива шаҳри ва туманининг ишлаб чиқариш ҳамда инвестициявий салоҳиятининг ортиши Урганч ва Хива шаҳарлари оралиғида қатновчи автотранспорт воситалари сони кескин ошишига олиб келди. Натижада ушбу йўл ҳудуднинг бугунги ўсиш суръатлари талабига жавоб бера олмай қолди.

Президентимизнинг ташаббуси билан Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи пуллик автомобиль йўлининг қурилиши бу масалага энг самарали ечим бўлди. Лойиҳа қиймати 120 млн доллар, умумий узунлиги 35 км бўлган ушбу 4 тасмали йўл асфальт-бетон қоплама асосида барпо этилади. Унинг ўтказувчанлик қобилияти суткасига 20 мингдан ортиқ автотранспорт воситасини ташкил қилади. Йўл инфратузилмасидан 17 та кўприк, 11 та йўл ўтказгич,1 та туннель, 5 та махсус ўтиш жойи бошқа иншоотлар ўрин олган.
- Йўллар фақат автотранспорт воситалари ҳаракатланадиган, йўловчилар ва юкларни манзилга элтишга имкон берадиган восита эмас, балки ҳудуд иқтисодиётининг “қон томири”, туризм, логистика ва хизмат кўрсатиш тармоқларини ривожланишига туртки берадиган муҳим омилдир,- дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Тангриберган Дўсжонов. – Шу маънода Урганч ва Хива шаҳарлари орасида қурилаётган янги йўл нафақат аҳоли ва сайёҳларга қулайлик яратади, балки ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширади, минглаб янги иш ўринлари яратилишига имкон беради. Ўзбекистонда биринчи пуллик автомобиль йўли Хоразмда қуриляпти. Албатта, бу тажриба кейинчалик мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам кенг татбиқ этилади.

Янги йўлда транспортларнинг тўсиқларсиз ҳаракатланиши туфайли манзилга етиб бориш вақти 3 баробар қисқаради, яъни Урганчдан Хивага ҳозир мавжуд йўлда тирбандлик ва чорраҳаларда тўхташ туфайли 1 соатда етиб борилса, янги йўлда бунинг учун атиги 17 минут вақт сарфланади. Лойиҳалаш ишлари “Йўл-лойиҳа бюроси” МЧЖ томонидан олиб бориляпти, бош пудратчи эса “Ўзйўлкўприк” кластерининг Тошкент филиали ҳисобланади. Ҳозирги кунда йўл қурилишига мингдан ортиқ махсус техника воситалари, шунингдек, Республикамизнинг турли вилоятларидан ва Туркиядан юқори малакали мутахассислар жалб қилинган.
-Ушбу йўл қурилишида Туркияда қўлланиладиган замонавий ечимлардан кенг фойдаланяпмиз, — дейди туркиялик муҳандис Булент Байир.- Транспортлар оқимини бошқариш учун сунъий интеллект асосида ишлайдиган рақамли қурилмалар ўрнатилади. Улар юк машиналари, автобуслар, микроавтобуслар, енгил автомобилларни алоҳида аниқлайди, вазни ва сонига қараб ҳисоб-китоб қилади. Йўлнинг қалинлиги 87 см бўлади, устки икки қатлами битум билан модификация қилинади. Хоразмнинг иқлим шароити, яъни ёзи жазирама, қиши қаҳратон совуқ бўлишини эътиборга олиб, шунга бардошли қурилиш материаллари ишлатилади.

Бундан ташқари Хоразмда ер ости сизот сувлари сатҳи юқорилигини инобатга олиб автомобиль йўли бўйлаб дренажлар ўрнатиш кўзда тутилган. Ушбу уникал лойиҳа фақат автомобиль қатнови билан чекланиб қолмайди. Урганч халқаро аэропортидан Хива шаҳрига электрлаштирилган темир йўл ҳам барпо этилмоқда. Узунлиги 10,85 км бўлган мазкур темир йўл қурилишига 18 млн доллар маблағ сарфланади. Қурилиш якунига етгач аэропортга келиб тушган сайёҳ шу ернинг ўзидан замонавий поездга ўтириб бир неча дақиқада Хивага етиб боради. Шу билан бирга транспорт тармоғининг яна бир муҳим бўғини — Шовот канали устида янги кўприк қурилиши ҳам жадал давом этяпти.
Бир сўз билан айтганда, мазкур лойиҳа нафақат транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, балки Хоразм вилоятини мамлакатнинг муҳим транспорт ва туризм марказларидан бирига айлантиришга хизмат қилади.
Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг