Канндан гапирамиз: Францияда блекаут содир бўлди

24 май куни Франциянинг машҳур Канн шаҳри ва унинг атрофида кенг кўламли электр узилиши юз берди. Бу ҳолат Денгизбўйи Алп департаментининг бутун ғарбий қисмини қамраб олди. RTE энергетика тармоқлари операторининг хабар беришича, эрталаб соат 10 дан бошлаб 160 мингга яқин хонадон электрсиз қолган. Электр узилиши туфайли интернет ва мобил алоқа ишламаган, шунингдек, лифтлар, светофорлар ўчиб, темирйўл қатнови тўхтаб қолган. Вокзалларда юзлаб йўловчилар сарсон бўлмоқда.
Айни пайтда Канн шаҳрида нуфузли 78-Канн кинофестивали якунланиши керак эди. Фестивалнинг асосий танлов ғолибини эълон қилишдан олдин охирги филм намойишлари режалаштирилган. Бироқ юзага келган алоқа узилиши туфайли тадбирга кириш чипталарини кўрсатишда муаммолар юзага чиқди. Хусусан, франко-испан режиссёри Оливер Лашенинг «Сират» филми фестиваллар ва конгресслар саройида намойиш этилиши тўхтаб қолган.
RTE компаниясининг аниқлик киритишича, аввалига Канн ҳудудидаги электр подстансиясида ёнғин чиққан, сўнгра шаҳарга яқин жойда юқори кучланишли электр узатиш линиясининг устуни қулаб тушган. Бу бир қатор аварияларни келтириб чиқаргани айтиляпти. Расмий баёнотда «Канн ва Денгизбўйи Алп тоғлари ғарбидаги йирик электр узилишига жиноятчилар сабаб бўлган», — дейилади.
Энергетиклар электр таъминотини имкон қадар тезроқ тиклаш устида ишламоқда. Ҳолат айниқса халқаро эътибор марказида бўлган фестивал арафасида юзага келгани сабабли, кўплаб меҳмонлар ва иштирокчилар жиддий ноқулайликларга дуч келишмоқда.
Қайд этиш жоиз, бундай ҳолат аввал ҳам кузатилган. 1966 йилда айни фестивал давомида электр таъминоти узилиши сабабли Клод Лелушнинг «Эркак ва аёл» фильми намойиши ҳам тўхтаб қолган эди. Қизиғи шундаки, ушбу фильм кейинчалик бош соврин — «Олтин палма япроғи»ни қўлга киритган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг