Камбағалликдан бандлик, бандликдан фаровонликка

Бугун Наманган шаҳрида «Камбағалликдан фаровонлик сари» III халқаро форуми ўз ишини бошлади. Халқаро ҳамкорлар иштирокида ташкил этилган анжуманда 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар, хусусан, Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмалари, Жаҳон банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, Халқаро меҳнат ташкилоти раҳбарлари ва юқори мартабали вакиллари, шунингдек, қатор давлатлар делегациялари ҳозир бўлдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев форум очилишида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш бўйича учинчи бор ўтказилаётган халқаро анжуман иштирокчиларини самимий қутлади. Тадбирда иштирок этаётган Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Ал-Жассир, Осиё тараққиёт банки вице-президенти Инмин Янг, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги бош вице-президенти Сачико Имото, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Каха Имнадзе, Жаҳон банкининг камбағалликни қисқартириш бўйича глобал директори Луис Фелипе Лопез-Кальва ва барча меҳмонларга миннатдорлик билдирди.
Мазкур форумнинг асосий мақсади – камбағалликни қисқартириш, барқарор ва юқори даромадли иш ўринларини яратиш, инсон капиталини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш сингари долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган халқаро мулоқот платформасини яратишдан иборат. Анжуман аввалида айтиб ўтилганидек, глобал ҳамжамият 2030 йилгача дунёда камбағалликка барҳам бериш, атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиётга ўтиш, тинчлик ва фаровонликни таъминлашда халқаро ҳамкорликни кучайтириш каби юксак мақсадларни мужассамлаштирган Барқарор ривожланиш мақсадларини қабул қилган. Бироқ сўнгги йилларда жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган мураккаб шарт-шароитлар оқибатида ҳозирги кунга келиб ушбу мақсадларнинг атиги 18 фоизигагина эришилганидан ташвиш билдирилди. Бу эса, ўз навбатида, масалага янада жиддийроқ ёндашиш масаласини долзарб қилиб қўймоқда.
Таъкидлаш керакки, халқаро даражадаги мураккаб вазиятга қарамасдан, мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган таркибий ислоҳотлар натижасида ҳозирги кунда Барқарор ривожланиш мақсадларининг қарийб ярмига эришилиб, уларнинг 70 фоизида ижобий натижа қайд этилди. Бунда аҳоли бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси муҳим ўрин тутаётгани айни ҳақиқат.
Форум манзили этиб нега айнан Наманган танланди? Бу энг аввало, вилоятда мазкур соҳадаги ишларнинг натижадорлиги таъминланаётгани билан боғлиқ. 2021 йилда юртимизда биринчи бор камбағал аҳоли сони очиқланганда ҳудудда ушбу кўрсаткич 15,7 фоизни ташкил этган эди. Аниғини айтганда, 104,5 мингта оиладаги 459,9 минг нафар киши камбағаллик тоифасига киритилган. Аниқ мақсадни кўзлаган чора-тадбирлар самараси ўлароқ 2024 йил якуни билан 52 минг оиладаги 238 минг фуқаро камбағалликдан чиқарилди ва бу борадаги кўрсаткични 7,6 фоизга қисқартиришга эришилди. Демак, ўрганса, оммалаштиришга арзийдиган тажрибалар етарли. Улар орасида давлатимиз раҳбарининг ўтган йилги ташрифи чоғида Уйчи туманини ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар ҳақида алоҳида гапириб ўтиш лозим. Бу ерда аҳоли бандлигига эришиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича уч йўналишда амалга оширилган амалий тадбирлар қисқа вақт ичида ўзининг аниқ натижаларини кўрсатди ва бу билан бутун мамлакат бўйлаб эътироф этилаётган Уйчи тажрибаси майдонга келди. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, бир йил ичида туманда 38289 кишининг бандлиги таъминланди ва жорий йил сентябрь ойи бошига келиб ишсизлик даражаси аввалги 10,8 фоиздан 4,8 фоизга туширилди.
Икки кун давом этадиган форумнинг панель сессияларида камбағалликни қисқартиришда янги йўналишларни белгилаш, мавжуд муаммоларга замонавий ва самарали ечимлар топиш ҳамда Ўзбекистонда орттирилган тажрибани халқаро ҳамжамият билан ўртоқлашиш мақсадида бозор талабларига мос кўникмалар орқали аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликка қарши курашишда ислом молияси имкониятларидан фойдаланиш йўналишларида алоҳида муҳокамалар олиб борилади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг