Камбағаллик айб эмас, аммо…
Камбағаллик айб эмас. Аммо, унга кўникиб яшаш, берилган имкониятларни рад этиш, ўз тақдирини фақат ёрдамга боғлаб қўйиш жамият учун ҳам, инсоннинг ўзи учун ҳам оғир оқибатларга олиб келади. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда, хусусан Андижон вилоятида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни доимий даромад манбаига эга қилиш ва тадбиркорликка йўналтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ҳар бир оиланинг ички имкониятларини ишга солиш, маҳаллада ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш ва камбағалликни бартараф этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Давлатимиз раҳбарининг камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсати бугунга келиб ўзининг ижобий самарасини бермоқда. 2025 йил бошида Андижон вилоятида камбағаллик даражаси 9,5 фоизни ташкил этиб, шу тоифадаги оилалар сони 73 минг 762 тани ташкил этган эди. Бу рақамлар ортида минглаб оилаларнинг оғир турмуши, ишсизлик ва барқарор даромаднинг йўқлиги каби муаммолар тургани, шубҳасиз. Шу боис вилоятда эҳтиёжманд оилаларни ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда доимий даромад манбаига эга қилиш ишлари изчил йўлга қўйилди.

Йилнинг иккинчи ярмида аҳолини камбағалликдан чиқариш мақсадида “Ислоҳотлар штаби” ташкил этилди. Маҳаллалар иқтисодий ва ижтимоий ҳолатига қараб тоифаларга ажратилди. Камбағаллик даражаси 3 фоизгача бўлган 240 та маҳалла “яшил”, 3 фоиздан юқори бўлган 639 та маҳалла “қизил” тоифага киритилди. Уларнинг ҳар бирига 79 та вилоят, 560 та туман-шаҳар даражасидаги раҳбарлар бириктирилди. Бу эса ҳар бир маҳалланинг муаммосини жойида кўриш, ҳар бир оила билан якка тартибда ишлаш имконини берди. Ана шу тизимли ёндашув натижасида бугунги кунга қадар 44 минг оила камбағалликдан чиқарилди. Йил бошига нисбатан камбағаллик даражаси 6,5 фоизга қисқариб, 3 фоизга тушди. Ишсизлик даражаси ҳам 2025 йил бошидаги 5,4 фоиздан 3,7 фоизгача пасайди. Бу ўз-ўзидан эмас, балки ҳар бир хонадонга кириб борилган, ҳар бир инсоннинг имконияти ўрганилган мақсадли ишларнинг самарасидир.
Жорий йилнинг ўзида 61 та янги лойиҳа ишга туширилди. Айниқса, чекка ҳудудлардаги аҳолини маҳалласининг ўзида банд қилиш мақсадида енгил саноатга ихтисослаштирилган 10 минг иш ўринли 51 та янги лойиҳа шакллантирилгани аҳамиятлидир. Ҳозирга қадар уларнинг 16 таси ишга туширилиб, мингдан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланди. Бу ишларнинг яна бир муҳим жиҳати маҳаллий ишлаб чиқаришни экспортга йўналтиришдир. “Ислоҳотлар штаби” фаолияти давомида экспорт қилинадиган давлатлар сони 11 тага ошиб, 56 тага етди. Бу борада маҳаллада яратилган маҳсулотнинг ташқи бозорга чиқиб, аҳоли даромадини янада оширишга хизмат қўшаётгани натижасидир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Ислоҳотлар штаби” фақат идораларда эмас, балки ҳар бир хонадонда иш олиб бораётгани билан ҳам аҳамиятлидир. Унинг фаолияти орқали эҳтиёжманд фуқаро аниқланиб, қобилияти, меҳнатга мойиллиги ва имкониятларига қараб йўналтирилмоқда. Буни Асака туманидаги “Озод” маҳалласи мисолида яққол кўриш мумкин. Йил бошида ушбу маҳалла “қизил” тоифага киритилган эди. Аҳолини иш билан таъминлашда қийинчиликлар, инфратузилма ҳолатининг қониқарли эмаслиги муаммо бўлиб турган. Аввало, аҳолини доимий даромадга йўналтириш чоралари кўрилди. Айниқса, хотин-қизларни касаначилик орқали иш билан таъминлаш самарали бўлди. 27 нафар аёл тикувчиликка, 10 нафари пойабзал маҳсулотлари тайёрлашга жалб этилди. Эндигина иш бошлаган бу ишчилар дастлабки ойда 4 миллион 200 минг сўмдан ойлик маош ола бошлади. Шу каби хайрли ишлар натижасида маҳаллада ишсизлик даражаси 2 фоизга, камбағаллик кўрсаткичи эса 1,5 фоизга тушди.
— Маҳалламизда аҳолини иш билан таъминлаш, даромадга йўналтириш билан бир қаторда ҳудуд инфратузилмасини яхшилашга ҳам эътибор қаратилди,-дейди шу манзилда яшовчи меҳнат фахрийси Икромжон Абдуназаров. -Масалан, 1964 йилда қурилган мактабимиз анча ачинарли ҳолга келиб қолган эди. Мукаммал таъмирдан сўнг у намунали ўқув масканига айланди. Шунингдек, мактаб ёнида ташкил этилган “Ҳунармандчилик” мактаби фарзандларимизни ҳам таълим олиб, ҳам ҳунар ўрганишига хизмат қилмоқда. 20 ўринли тикувчилик цехи ишга туширилиши эса айни муддао бўлди. Илгари ишсиз бўлган қизларимиз, келинларимиз энди шу ерда ишлаб, рўзғорига ёрдам бермоқда. Жамоатчилик назорати маскани ташкил этилди, 19 та кузатув камераси ўрнатилди. Қисқаси, маҳалламиз намунали кичик шаҳарчага айланиб қолди.
Давлатимиз раҳбари “Маҳалла — энг муҳим таянч, халқ ва давлат ўртасидаги ишончли кўприк”, деган эди. Бугун айнан шу фикр ўз тасдиғини топмоқда. Қувонарлиси, бу ўзгаришлар оддий одамлар тақдирида ҳам яққол акс этяпти.

— Авваллари ишсизлик туфайли уйда эдим,-дейди Асака туманидаги электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ишчиси Марҳабохон Асророва. -Маҳалла фаолларининг кўмаги билан ушбу корхонага ишга жойлаштирилдим. Дастлаб замонавий техник воситаларни кўриб, иккиланиб қолдим. Уларни бошқара олмасам керак, деган ҳадик бўлди. Лекин устозлар ёрдами билан ўргандим. Ҳозир меҳнат шароитим ҳам, турмуш шароитим ҳам яхшиланди. Ойлик маошларимни ўз вақтида оляпман. Рўзғордан ошириб, ўғлимни қўшимча машғулотларга жалб этдим.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда аҳолини камбағалликдан чиқариш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Давлат грант, лойиҳа, иш ўрни, ўқиш ва ўрганиш имкониятини бераяпти. Аммо бу йўлда аҳолининг ўзи ҳам фаол бўлиши, берилган имкониятлардан унумли фойдаланиши зарур. Зеро, биз қўлимизга тутқазилган балиқ учун эмас, балки қармоқ учун хурсанд бўлишимиз керак. Ана шундагина нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги кунимизга ҳам ишонч билан қараймиз.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Муҳаммад Ризо Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндорлари маълум бўлди
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг