Кафтдеккина ердан катта даромад

20:06 14 Сентябр 2023 Жамият
461 0

Фото: “Халқ сўзи”

Халқимиз ерни хазинага қиёслайди. Бу бежиз эмас, албатта. Агар ер билан тиллашиб, диллашиб меҳнат қилсангиз, унинг бир парчасидан ҳам миллиардлаб даромад топиш мумкин. Буни ўз вақтида англаб етган ота-боболаримиз ҳар қарич ердан унумли фойдаланишга, боғ-роғлар яратишга алоҳида эътибор қаратишган.

Бугун ҳам кичик томорқадан тонналаб ҳосил олиб, ҳам ўз оиласи фаровонлигини таъминлаётган, ҳам бозорларимиз тўкислигига ҳисса қўшаётган оилалар кўп.

Косон туманининг Аралиқ маҳалласида истиқомат қилаётган Шаҳло Тўраева ҳам бундан бир неча йил аввал ҳовлисининг бир бурчагида қўлбола усулда кичик иссиқхона қуриб, у ерга 4 туп лимон кўчатини ўтқазган эди. Бугунга келиб, ҳар бир туп лимондан 50 килограммдан ошириб ҳосил олмоқда.

Эътиборимизни тортган жиҳат, ҳовлидаги 3 сотих томорқада бир қарич ҳам бўш ер йўқ. Ҳамма жойга турли кўкатлар, сабзавот, полиз маҳсулотлари уч-тўрт тупдан бўлсада, экиб чиқилган. Мўъжазгина майдоннинг четига тартиб билан ўнлаб мевали дарахтлар жойлаштирилгани эса оила аъзоларининг деҳқончиликдаги уқувидан дарак бериб турибди.

— Озгина нарида яна 4 сотихча томорқамиз бор, — дейди Шаҳло Тўраева. – У ерда ҳам мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирамиз. Бу аввало оиламиз эҳтиёжини қоплайди, истеъмолдан ортгани эса бозорга чиқариляпти.

Томорқа — ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Унинг дастурхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс. Ҳамма гап Шаҳло опа каби ундан оқилона фойдаланишда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер