Кадрларни танлашда замонавий ёндашув
Фото: Халқ сўзи
Нарпай туманида Самарқанд вилоятидаги ҳудудий ҳокимликлар ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари, халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашлари котибиятлари мудирлари ҳамда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вакиллари иштирокида «Кадрларни танлаш ва ўз ўрнига қўйиш жараёнига янгича, замонавий ёндашувлар» мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Унда дастлаб давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида илгари сурилган масалаларга эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, Президентимиз Мурожаатномада 2023 йилдаги устувор йўналишларга тўхталиб, биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш зарурлигини айтди. Яъни келаси йилда кадрлар соҳасида ишлаётган ҳар бир раҳбардан алоҳида масъулият талаб қилиниши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада таъкидлаганидек, «қўл бошқаруви»дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келди. Маъмурий ислоҳотларнинг биринчи босқичида Ҳукумат ва вазирликлар ислоҳ қилиниб, вазирликлар сони 61 тадан 28 тага қисқартирилади. Вазирликларнинг ўз соҳасида давлат сиёсатини юритиши бўйича масъулияти ва ўрни оширилади. Давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқаради. Иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади. Ҳар бир вилоятдаги муаммоларни ечиш учун ҳар ойда жойига чиққан ҳолда, «Ҳукумат куни» ўтказилиши йўлга қўйилади. Маъмурий ислоҳотларнинг иккинчи босқичи сифатида келгуси йилда ҳудудлардаги бошқарув тизими ҳам ислоҳ қилинади. «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун доирасида номзодлар давлат лавозимларига фақат танлов асосида ишга қабул қилинади. Барча раҳбарлар фаолияти самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилади. Ҳар йили 500 нафар мутахассис энг нуфузли хорижий олийгоҳ ва марказларда ўқитилади. Келгуси икки йилда ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимлигига республика идораларида юқори лавозимларда ишлаган, билимли ва тажрибали кадрлар қўйилади. Янги йилдан бошлаб ҳар бир ҳоким ўз туманига 40-50 миллион доллар хусусий инвестицияларни олиб келиши керак бўлади.
— Самарқанд шаҳри халқаро туризм ва бизнес маркази, Наманган эса саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топмоқда. Шу боис, Мурожаатномада Самарқанд ва Наманган шаҳарларини алоҳида маъмурий-ҳудудий бирликлар сифатида республика бўйсунувига ўтказиш таклиф қилинди, — дейди Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Беҳзод Раҳматуллаев. — Ушбу йўналишда Самарқанд шаҳри бошқарувига янгича услубда ишлайдиган, креатив фикрлайдиган раҳбарларни танлаб, жой-жойига қўйиш масаласи олдимизда турибди. Бугунги семинар барча иштирокчиларга бу борада билим ва тажриба алмашиш имконини беради.
Тадбирда ҳудудий ҳокимликлар ташкилий-кадрлар гуруҳлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, Халқ депутатлари шаҳар ва туманлар Кенгашлари котибиятлари ишини янги босқичга олиб чиқишга доир долзарб вазифалар, ҳокимликлар тизимида ходимларни ишга қабул қилиш жараёнида очиқ танлов талаблари бузилиши ҳолатларининг олдини олиш, амалдаги ва истиқболдаги кадрлар захирасини муносиб номзодлар билан тўлдириш каби мавзуларда маъруза ва тақдимотлар қилинди.

Тадбир доирасида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар агентлиги тизимидаги Нарпай ихтисослаштирилган мактабида туман маҳалла фуқаролар йиғинларида фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари ва истиқболли кадрлар захирасига олинган ёшлар билан давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.
Шунингдек, иштирокчилар Нарпайда янгидан ишга туширилган «Самарқанд СИЛК АО» МЧЖ, “NBA ALLIANZ” ҳамда «Мароқанд сифат» кластерларда яратилган иш ўринлари билан танишдилар.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг