Йўллардаги таҳдид

14:05 24 Декабрь 2025 Жамият
285 0

2025 йилнинг 6 октябрь куни Асака тумани ҳудудида ҳаракатланаётган автомашина иштирокида автоҳалокат содир этилди. Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган ёш йигит бошқарувидаги “Тико” русумли автомобиль олдинда ҳаракатланаётган юк машинасига келиб урилди. Зарб шу қадар кучли бўлдики, енгил машина ичида бўлган икки нафар йўловчи оғир тан жароҳати олди. Шифокорлар уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун бор имкониятни ишга солишди, афсуски, икки инсоннинг ҳаётини асраб қолиб бўлмайди. Бу воқеа яна бир бор йўлдаги бепарволик қанчалик қимматга тушишини кўрсатди.

Бундай фожиалар тасодиф эмас. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бугунги кунда жамият учун энг оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис соҳа ходимлари томонидан қатъий чора-тадбирлар кўриляпти. Бу ўз навбатида ижобий самарасини ҳам бермоқда. Мисол учун, Андижон вилояти сўнгги йилларда муайян ижобий ўзгаришлар бор. 2025 йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида вилоятда қайд этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 2024 йилга нисбатан 15 фоизга камайиб, 630 тадан 536 тага тушган. Энг қувонарлиси, ҳалокатли оқибатлар ҳам қисқарган: ўлим билан якунланган ЙТҲлар 137 тадан 112 тага камайган, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар эса 473 тадан 424 тага тушган. Бу яхши маълумот, албатта! Бироқ, автоҳалокатлар сони битта бўлгани ҳолатда ҳам у фожиадир!

Таҳлиллар ҳодисаларнинг катта қисми ҳали-ҳамон пиёдалар ва велосипедчилар иштирокида юз бераётганини кўрсатмоқда. Йўлдаги фожиаларнинг 40 фоиздан ортиғи пиёдаларни уриб юбориш билан боғлиқ бўлса, қарийб учдан бир қисми транспорт воситаларининг тўқнашуви натижасида содир бўлмоқда. Велосипедчилар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам салмоқли ўринни эгаллайди. Қолган ҳодисалар эса ағдарилиш, тўсиққа урилиш ёки бошқа омиллар билан боғлиқ.

-Йўлдаги ҳалокатларнинг қарийб ярми инсон омили билан боғлиқ, — дейди вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Ташкилий бўлим бошлиғи, майор Элёрбек Солиев. -Яъни, ҳайдовчи ёки пиёданинг қоидаларга амал қилмаслиги фожианинг бош сабабига айланмоқда. Пиёдаларнинг белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтиши, ҳайдовчиларнинг тезликни ошириши, қувиб ўтиш қоидаларини бузиши, светофор ва йўл белгиларини инкор этиши кўплаб бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўляпти. Айрим ҳолларда эса тажрибасизлик ҳам оғир оқибатларга олиб келмоқда.

Ҳудудлар кесимида энг кўп йўл транспорт ҳодисалари Андижон шаҳри ва Асака туманида қайд этилган. Бу ерларда ҳаракат зичлиги юқори бўлиши билан бирга, йўл маданиятига етарлича эътибор берилмаслиги ҳам сезилади.

-Шу боис вилоят бўйлаб профилактик ишлар изчил олиб борилмоқда,-дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот хизмати гуруҳи катта мутахассиси, катта лейтенант Абдумажид Раимжонов. -Аҳоли гавжум ҳудудлар, маҳаллалар ва автотураргоҳларда ҳайдовчилар ҳамда пиёдалар билан мунтазам учрашувлар ўтказиляпти. Мактаб ва боғчаларда болаларга йўл ҳаракати қоидалари ўргатилмоқда, хавфли нуқталарда эслатувчи баннерлар ва огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилган, фуқароларга буклетлар тарқатилмоқда.

Маълумотлар қанчалик ижобий бўлмасин, ҳар бир ҳалокат ортида синган тақдирлар, изтиробни бошидан кечирган оилалар туради. Шундай экан, бу каби аянчли ҳолатларнинг олдини олишни ҳар биримиз ўзимиздан бошлашимиз муҳимдир. Бунинг учун шунчаки йўл қоидаларига амал қилишнинг ўзи кифоя. Зеро, йўл барчамизники!

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?