Йўллар равон бўлса…

13:12 19 Ноябрь 2024 Жамият
307 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Бундан ўн-ўн беш йиллар муқаддам самарқандлик бир танишим иш юзасидан Фарғона водийсига келди. Унинг эътиборини тортган илк жиҳат йўлларнинг кенг ва равонлиги бўлганди. Орадан йиллар ўтди. У эса ҳали-ҳануз Фарғона водийси ҳақида сўз кетгудек бўлса “Водийнинг йўллари зўрда!” деб қўяди.

Бу эски гап, албатта, бироқ унинг қадри ҳамон янгидек. Сабаби, нафақат автомобиль қатнови йўллари, балки ички кўчалар ҳам таъмирланиб, аҳоли учун қулай шароитлар яратилмоқда. Андижон вилоятида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 63 та объект бўйича умумий қиймати 79,4 миллиард сўмга тенг лойиҳалар доирасида 221,2 километр ички йўллар таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Бу хайрли ишлар натижасида Олтинкўл туманидаги “Қайирма” маҳалласида яшовчи фуқароларнинг ҳам узоқ йиллик муаммолари ижобий ечим топди.

— Ҳудудимизда таъмирталаб бўлмаган кўчанинг ўзи қолмади, — дейди маҳалла раиси Ўткирбек Норматов. — Маҳалладошларимиз қирқ йилдирки, равон йўлнинг орзусида яшади. Республикамизда манзиллар инфратузилмасини шакллантириш орқали аҳоли турмуш шароитини яхшилашга бўлган эътибор туфайли ўтган йили 3 та кўчамиз таъмирланган эди. Бу йил яна 6 та кўчамизда асфальтлаш ишлари бажарилди. Ҳозирга келиб маҳалламизда таъмирталаб йўл қолмади.

Айтиш жоиз, ички йўлларни таъмирлашда фуқароларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, мавжуд муаммоларга биргаликда ечим излашлари муҳим аҳамият касб этмоқда. Буни “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

— “Очиқ бюджет” ахборот порталида ўтказилган “Ташаббусли бюджет” танловида Андижон вилоятидан 2007 та лойиҳа иштирок этди, — дейди вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Сарварбек Миттилаев. — Энг кўп овоз йиққан 205 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Уларнинг 63 таси ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ бўлиб, бу борада 82,2 миллиард сўм маблағ ажратилган. Натижада 221,2 км.дан иборат ички йўлларда асфальтлаш ишларини амалга оширдик.

Аслида масъуллардан бажарилган ишлар юзасидан рақамларни сўрашга ҳожат йўқ. Боиси, мавзуга доир ўзгаришлар кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Шундай бўлгани ҳолда айрим жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ҳали-ҳануз учраб турибди.

— Ҳар гал телевизорда йўлларнинг таъмирланаётгани ҳақидаги лавҳаларни кўрсам, “Бу ислоҳотлар бизнинг маҳаллага ҳам етиб келармикин?” дейман, — дейди Қўрғонтепа туманидаги “Ёрти боши” МФЙда истиқомат қилувчи Абдулазиз Қамчиев. — Ёлғон бўлмасин, баъзи кўчаларимиздаги ички йўллар бетон қопламадан иборат. Бироқ “Дил изҳори” номли кўчамизнинг лоақал шағал тўкилмаган жойлари ҳам кўп. Шу қишлоқда туғилиб, яқинда нафақага чиқдим. Аммо маҳалламизнинг ягона автомобиль йўлида қачон таъмирлаш ишлари амалга оширилганини эслай олмайман. Собиқ иттифоқ даврида босилган асфальт кўчиб, йўлни абгор ҳолатга айлантирди. Ўтган йили қўшни маҳалла бўлмиш “Қизил тўқай”да кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Эндиги навбат биз томонларга бўлса ажабмас, дея умид қилиб турибмиз.

Жалақудуқ туманидаги “Қутлуғ” маҳалласи нафақат Андижон вилоятининг, балки республикамизнинг ҳам чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Шундоққина Қирғизистон Республикасига ёндош ушбу манзилда, афсуски, инфратузилмани шакллантириш билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

— Мен ушбу маҳалланинг “Тараққиёт” кўчасидаги хонадонда яшайман, — дейди Каримахон Тешаева. — Оталаримизнинг айтишича, бундан 60 йиллар муқаддам шу кўчага ҳам асфальт босилган экан. Бу хотиралар биз учун эртак бўлиб қолди. Сабаби, шу маҳаллада туғилиб, салкам олтмиш ёшни қаршилаётган бўлса ҳали бирор марта қуруқ йўлдан юрганим йўқ. Эсимни танибманки, ёзда чанг, қишда лой кўчада юрамиз. Қўшнилар биргаликда шағал ётқизган пайтларимиз бўлган, бироқ хурсандчилигимиз нари борса уч ойга етарди, холос. Бизнинг ҳам кўчага масъуллар эътибор қаратиб, ҳеч бўлмаса шағал тўкишда ёрдам берсалар яхши бўларди.

Афсуски, шу каби мисолларни ҳар бир ҳудудда учратиш мумкин. Бу эса соҳада ҳали бажарилиши муҳим бўлган вазифалар бисёрлигидан далолатдир. Шундай бўлсада, суҳбатдошларимизни “Мана кўрасиз, навбатдаги ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган кўча айнан сизнинг кўчангиз бўлади”, дея юпатдик ва бу гапга ўзимиз ҳам ишонишни хоҳладик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?