“Йўл харитаси” — муаммолар ечимида муҳим дастуриламал

14:33 20 Октябр 2021 Жамият
1793 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - "Ҳалқ сўзи"

Юртимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли яшаш шароитини тубдан яхшилаш, уларнинг турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш мақсадида секторлар фаолияти йўлга қўйилди.

Биргина Зафаробод туман прокурори, 2-сектор раҳбари аҳоли хонадонларига уйма-уй кириб, муаммоларини аниқлаш ва бартараф қилиш юзасидан тизимли равишда ишлар олиб бормоқда.

Айтиш керакки, ушбу сектор ҳудудига қарашли “Бирлик” ҚФЙ ва “Ёрқин” ШФЙда жами 2479 та хонадонда 16240 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 8 минг 190 та аҳоли хонадони ўрганилиб, улардаги минглаб муаммолар бартараф қилинди.

Жумладан, 216 та хонадонга газ баллонлар тарқатилди, 325 нафар фуқарога малакали тиббий хизмат кўрсатилди, 478 нафарининг бандлиги таъминланди, 49 нафарига кредит ажратилди, 6 нафар шахсга фуқаролик паспорти олиб берилди, 81 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилди.

Шу билан бирга, ҳудуддаги мактабларда компьютер саводхонлиги бўйича ўқув машғулотлари режалари ишлаб чиқилиб, ёшлар иштирокида дарс машғулотлари ўтказилмоқда. Китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида электрон кутубхона ташкил қилиниб, аҳоли томонидан фойдаланиб келинмоқда.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолиси йўлларини таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида салмоқли ишлар бажарилмоқда.

Аҳоли хонадонларида уйма-уй юриш натижасида таъмирталаб аҳволга келиб қолган ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ 126 та муаммо аниқланиб, туман прокуратурасининг ташаббуси билан мазкур йўналишда ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, туман электр тармоқлари корхонаси томонидан “Бирлик” ҚФЙ ҳудудига 35 млн. сўмлик, “Ёрқин” ШФЙ ҳудудига 152,5 млн. сўмлик трансформаторлар ўрнатилди. Носоз 48 дона симёғочлар темир-бетон устунларга алмаштирилиб, 1,5 км. электр узатиш тармоғи янгидан тортилди. Шунингдек, “Бирлик” ҚФЙ ва “Ёрқин” ШФЙ ҳудудидаги ички йўлларга 192,3 млн. сўмлик 1,7 км. шағал қопламалари ётқизилди.

Булардан ташқари, 2-сектор ҳудудидаги “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилганларни иш билан таъминлаш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

“Темир дафтар”га киритилган 121 нафар меҳнатга лаёқатли шахслар ишга жойлаштирилди. Ҳозирда ушбу дафтарга киритилган 79 та эҳтиёжманд оилаларнинг оилавий шароити яхшилангани сабабли “темир дафтар”дан чиқарилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Туман ҳудудида содир бўлган барча жиноят маҳалла фуқаролар йиғинларида секторлар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда. Жиноятларнинг фош этилиши юзасидан Зомин туманида жорий йилнинг биринчи ярмида 95 та жиноят содир этилган бўлиб, бугунги кунга қадар фош этилмасдан қолган жиноятлар мавжуд эмас.

Жорий йил давомида ишчи гуруҳ аъзолари томонидан қайта хатлов ўтказиш натижасига кўра, 214 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган хотин-қизлар борлиги аниқланиб “аёллар дафтари”га киритилди. Бугунги кунда дафтарга киритилган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш билан бир қаторда, уларга бошқа турдаги ёрдамлар ҳам кўрсатилмоқда.

Мисол учун, “аёллар дафтари”га киритилган 24 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг 16 нафари иш билан таъминланди, 3 нафар аёллар касб-ҳунарга ўқитилмоқда, 2 нафар тадбиркорлик билан шуғулланиш учун кредит олиш истагини билдирган аёлга кредит ажратиш чоралари кўрилмоқда. Булардан ташқари, психологик ва ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизларга ёрдамлар кўрсатиляпти.

Хатлов натижасига кўра, 171 нафар ёш “ёшлар дафтари”га киритилган. Ушбу 171 нафар “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида ёшларнинг 11 нафарига 20 млн. 100 минг сўмлик субсидиялар ажратиш йўли билан уларнинг бандлиги таъминланди.

— Ўнлаб ёшларга пайвандлаш ускунаси ва тикув машиналари олиб берилди, — дейди туман прокурори Д. Байназаров. — Бундан ташқари, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш истагини билдирган ёшлар тўловларини тўлашга кўмак берилди. Шунингдек, 8 нафар ёшларга 980 минг сўмдан жами 7 млн. 840 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Олий таълим муассасаларида шартнома асосида таҳсил олаётган ёшларнинг салкам 38 млн. сўмлик шартнома тўловлари тўлаб берилган. 

“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлардан 4 нафари касб-ҳунарга ўқитилиб, 78 нафари қишлоқ хўжалиги соҳасида ер ажратилган. Мисол учун, М. Абдурасулова, Ш. Тошпўлатов, Б. Рўзимуродов, С. Қаршибоев ва бошқаларга фермер хўжаликлари ер майдонларидан 0,5 гектардан жами 39 гектар ер майдонлари экин экиш учун ажратиб берилди. 

Шунга асосан, “ёшлар дафтари”га киритилган 171 нафар ёшдан 163 нафарининг муаммолари ҳал этилиб, дафтардан чиқарилиши таъминланди. Ҳозирда “ёшлар дафтари”га киритилган 8 нафар ёшни дафтардан чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Бу борада туман прокуратураси томонидан 2-сектор ҳудудидаги “аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ва “ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни иш билан таъминлаш, уларга ҳар томонлама кўмак бериш ҳамда уларни қийнаб келаётган муаммоларини ҳал этиш борасида “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. Бу эса муаммолар ечимида қўл келмоқда.

 

“Халқ сўзи”.

                                                         

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?