Ижтимоий ҳимоя тизими — янги босқичда
Фото: “Халқ сўзи”
Меҳр-оқибат, дардга дармонлик, мурувват — халқимизга хос бўлган бебаҳо фазилат. Айни қадриятларнинг давлат сиёсати билан чамбарчас уйғунлашгани ижтимоий муҳофаза масаласини устувор ўринга олиб чиқиб, аҳоли эҳтиёжманд қатлами турмуш даражасини кўтаришга хизмат қилаётгани кўплаб юртдошларимиз ҳаётида амалий исботини топмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилиши билан ушбу муҳим тизим фаолиятининг янги босқичига қадам қўйилди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли орган бўлган агентлик ва унинг жойлардаги бўғинлари ташкил этилиши негизидан биринчи навбатда фуқароларни давлат томонидан манзилли ҳимоялашнинг профессионал тизимини жорий қилиш, кўмакка муҳтож қатламнинг ижтимоийлашувини таъминлаш, фаолиятда маҳалла даражасигача кириб бориш, оғир аҳволга тушиб қолган инсонларга индивидуал ёндашиш, ижтимоий суғурта механизми қўлловини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт кечириши учун қулай муҳит яратиш сингари долзарб вазифалар ўрин олган.

— Янгича иш юритишга ўтиш юзасидан ишлаб чиқилган меъёрий ҳужжатларда жорий йилнинг 15 октябридан 2024 йил 1 январгача туман, шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини ташкил этиш ҳамда тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, келгуси йил бошидан барча бўғинларни тўла ишга тушириш мақсад қилинган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи Иброҳим Хожиев. – Бунда дастлабки босқичда 26 турдаги хизматлар йўлга қўйилиб, янаги йил бошидан улар сони 49 тага етказилади. Ушбу вазифалар ижросига жадал киришилиб, ўтган қисқа вақт ичида ижтимоий хизмат ва ёрдамларнинг паспортлари ишлаб чиқилди. Бир пайтнинг ўзида “Ижтимоий ходим тўғрисида»ги вақтинчалик Низом, вақтинчалик йўриқнома, ижтимоий ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидалари ва “Маҳалланинг ижтимоий паспорти” сингари зарур ҳужжатлар тасдиқланди. Қайд этиш лозимки, вилоятда ижтимоий ҳимоя янги тизимини жорий этиш билан боғлиқ ташкилий, шунингдек, аҳолига юқори сифатли манзилли ижтимоий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш билан боғлиқ тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, бошқарма ҳамда шаҳар, туманлардаги марказлар босқичма-босқич ишга туширилиб, малакали ходимлар билан таъминланмоқда. Махсус ишчи гуруҳи томонидан агентлик тасарруфига кирувчи аҳоли тоифалари ажратиб олиниб, маҳалла бешлиги ва патронажлар томонидан хатловдан ўтказилди.
Маълумотларга қараганда, бугунги кунда 2,6 миллиондан ортиқ нуфусга эга Наманган вилоятида 3761 нафар ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар, 74473 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 254877 нафар “Ягона ижтимоий ҳимоя реестри”да турувчи фуқаролар, 621 нафар тазйиқ ва зўравонликка учраган шахслар, 679 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш мақсадида Президент қарори билан республикадаги 28 та туман ва шаҳарда тажриба тариқасида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ташкил этилиши белгиланган эди. Яқинда Наманганда биринчи бўлиб Косонсой туманида шундай марказ тўла иш бошлади. Замонавий бинода жойлашган муассасада маҳаллаларга мажмуавий хизмат кўрсатувчи 24 нафар малакали мутахассис фаолият олиб бораётир. Улардан бири – иккинчи гуруҳ ногирони Жавлон Абдуллаев мутахассис лавозимига ишга қабул қилинган.
— Бу ерда ишлашдан алоҳида қониқиш ҳосил қиламан, — дейди Ж.Абдуллаев. – Чунки, жисмоний жиҳатдан имконияти чекланган инсон сифатида бу тоифадаги шахсларнинг ички дунёси, дарду-ташвишларини юракдан ҳис қиламан. Уларнинг ҳаётий масалалари ечимида жону-дилим билан иштирок этаман.
Декабрь ойи бошида Чуст туманида ҳам шундай марказ ишга туширилиб, тўла таркибда аҳолига 26 турда ижтимоий хизматларни кўрсатишга киришади.
Ижтимоий хизмат ва ёрдам соҳасидаги ишларда мазкур тоифадаги шахсларга нафақат моддий ва бошқа турдаги амалий кўмак кўрсатиш, балки, уларнинг маънавий эҳтиёжларини ҳам қамраб олиш кўзда тутилган. Шундан келиб чиқиб, ҳар ҳафтанинг жумасида йўлга қўйилган “Меҳр ва саховат куни” тадбирлари ўз самарасини бермоқда. Унда жойлардаги эҳтиёжманд оилалар, ногиронлар ва ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, хайрия юмушлари амалга оширилади. Ҳозирга қадар шу йўналишдаги 350 дан зиёд тадбир давомида 17 мингдан кўпроқ фуқаро совға-саломлар билан йўқланиб, уларнинг кўпчилигига махсус аравачалар, реабилитация воситалари, озиқ-овқатлар тўплами топширилди. Бу орада кекса авлод вакилларининг вилоятдаги тарихий ва манзарали жойларга саёҳатлари уюштириляпти. Кейинги пайтларда уч мингдан ортиқ нуронийлар ана шу имкониятдан фойдаландилар. Бу сингари мазмунли саёҳатлар вилоятдаги “Ахсикент” тарихий ёдгорлиги, Исъҳоқхон Ибрат мажмуаси, “Балиқликўл” зиёратгоҳи сингари манзилларга ҳам ташкил этилаётгани ўзгалар ёрдамига муҳтож отахон-онахонларга айниқса, маъқул тушяпти.

Юқорида таъкидлаганимиздек, вилоятда истиқомат қилаётган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами янги йил бошидан 49 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдамлардан тўлиқ фойдалана бошлайди. Улар орасида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда кексаларнинг қариндош ва яқинлари билан муносабатларини тиклаш, психологик-тиббий – педагогик комиссияларнинг хулосасини олиш учун ариза қабул қилиш, аёлларни реабилитация қилиш маркази ва ҳудудий бўлинмаларида ёрдам кўрсатилган ҳамда ҳимоя ордери берилган шахсларни сайёр мониторингини олиб бориш, ота-онаси уч ойдан ортиқ миграцияда бўлган болаларни аниқлаш ҳамда маълумотларни васийлик ва ҳомийлик органига юбориш сингари ҳозиргача амалда бўлмаган хизмат турлари ҳам борки, бу фуқаролар учун максимал енгиллик яратиши билан алоҳида аҳамият касб этади.
Кўриниб турибдики, ижтимоий ҳимоя тизимини янгилаш йўлида ташланаётган дадил қадамлар, бу борада яқин вақт ичида рўёбга чиқариладиган янада кўламли юмушлар Янги Ўзбекистонда инсон қадрини бундан ҳам улуғлаш йўлидаги олий мақсадлар рўёбига йўналтирилган. Масаланинг эътиборга молик жиҳати ҳам шунда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг