Ижро бор жойда интизом бор

11:48 18 Июль 2025 Жамият
76 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Жорий йилнинг биринчи ярмида Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси томонидан 3,4 трлн. сўмлик ижро ҳужжатларининг ижроси тамомланди. Бунинг учун солиқ қарзлари, иш ҳақи, банк ва коммунал тўловлар, алимент ҳамда бошқа ижро ҳужжатлари бўйича амалий ишлар бажарилди. Бу ҳақда бюронинг вилоят бошқармасида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

— Фаолиятимиздаги энг оғриқли жиҳатлардан бири алимент масаласидир, — дейди бошқарма бошлиғи Аюбхон Алимов. — Ҳеч кимнинг оиласи бузилиб, фарзандлар аросатда қолмасин. Зеро, бу жамиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Бироқ йилнинг ўтган даври мобайнида 89 млрд. сўм алимент пуллари ундириб берилганининг ўзиёқ бу борадаги вазият жиддий эканидан далолатдир. Шу ўринда ҳар бир инсон зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этиши зарур. Дарз кетган оила аъзолари билан олиб борилган тарғибот ишлари натижасида 1436 та оилаларни яраштириш, 988 нафар алимент тўловчиларни ишга жойлаштиришга эришилди. Бюро бу борада фақат юридик эмас, балки инсонпарварлик ёндашувини ҳам амалга оширмоқда.

Сўнгги йилларда бюро фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш мақсадида 5 та қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Аммо ҳар қандай ҳуқуқий ислоҳотнинг самараси, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти, ўз бурчи ва жавобгарлигини тўғри англашига боғлиқ эканлигини ҳам унутмаслик керак.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?