Ижод боғи ниҳоллари

12:22 19 Декабрь 2022 Маданият
1055 0

Архив сурат

Чин сўз, мардонавор калом соҳиби гарчи бугун орамизда бўлмаса ҳам, унинг хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт ва зиёлиларни алоҳида ҳурмат қилишини ҳаммамиз яхши биламиз. Президентимизнинг, айниқса, Абдулла Орипов шахси ва хотирасига нисбатан самимиятини барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб келяпмиз.

Давру давронлар, замонлар ўтади, аммо Ватан равнақи, халқ манфаати йўлида фидойилик кўрсатганлар номи барҳаётдир. Мустақил Ўзбекистон давлатининг мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳам, шубҳасиз, миллатимизнинг ана шундай қадри баланд фарзандларидан биридир.

Абдулла Орипов шеърлари миллат шаъни, ор ва ғурур, қувонч ва изтироб, дарду ҳасрат, улуғвор мунг ифодаси сифатида дилларга кириб борди. Бирор-бир шеъри шунчаки битилмаган, донишмандлик нафаси уфуриб турган ижоди боис у қардош ва кўплаб хориж мамлакатларида ҳам маълуму машҳур бўлди.

Улуғ шоиримиз бир шеърида: “Ҳаёт мендан аямади неъматларини, Не истасам, берди доим — ҳеч бир тонмайман”, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, юксак иқтидор ва тафаккур ато этилган ижодкор умри давомида кўпдан-кўп мукофоту эътирофларга эришди. Энг муҳими, одамлар қалбидан чуқур жой олди. Содда ва равон, самимий ва халқчил шеърияти ила ёддан чиқариб бўлмас ном қолдирди.

Чин сўз, мардонавор калом соҳиби гарчи бугун орамизда бўлмаса ҳам, унинг хотирасига юксак эҳтиром кўрсатилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт ва зиёлиларни алоҳида ҳурмат қилишини ҳаммамиз яхши биламиз. Президентимизнинг, айниқса, Абдулла Орипов шахси ва хотирасига нисбатан самимиятини барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб келяпмиз. Шоирнинг рафиқаси Ҳанифа ая Мустафоеванинг айтишича, Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳокими бўлиб ишлаган чоғларида ҳам, кейинчалик мамлакат Бош вазири лавозимида фаолият юритганида ҳам доим Абдулла акани йўқлаб турган.

Халқнинг суюкли фарзандига давлат раҳбари томонидан бу қадар баланд муносабатда бўлиш ҳеч бир юртда кузатилмаса керак. Ўтмишда бўлса бордир, аммо бугунги шиддатли замонда, адабиёту маърифат, матбуот ва маънавият тушунчалари кимлар учундир эски даврда қолди, дея талқин қилинаётган кунимизда ижодкор шахсияти, зиёлиларга мамлакатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборидан хулоса чиқарадиганлар камайиб кетгандек, назаримизда.

Бўлғуси Ренессанснинг узвий ҳалқаси

Ҳолбуки, учинчи Ренессанс пойдевори сифатли таълим, мустаҳкам тарбия орқали шаклланади. Китоб кўрмаган, газета-журнал ўқимаган, умуман, зиё омилларисиз ўсиш, юксалиш мумкин эмас. Ушбу ҳақиқат теран англанган юртимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янгидан-янги мактаблар ташкил этилмоқда. Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳам шундай масканлардан биридир.

Юртбошимизнинг: “ҳозир бизга Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби одамлар етишмаяпти”, деган гапини эшитгансиз, албатта. Бу гап замирида ҳам миллатга ватанпарвар инсонлар ҳар доимгидан кўра бугун зарурлиги ҳақидаги ниятлар мужассам. Мазкур мактабга қадам қўяётганлар шу эзгу ниятларга муносиб тарзда тарбияланмоқда.

Таълим масканида бўлиб, унинг сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланганига ҳавас қилдик. Замонавий ўқув биноси, ётоқхона, ошхона, спортзал ва 210 ўринга мўлжалланган фаоллар зали кўзни қамаштиради. Мактаб биноси олд қисмида — Абдулла Орипов номи билан аталадиган кенг ва муҳташам майдонда шоирнинг муаззам ҳайкали қад кўтарган. Бинонинг биринчи қаватида Абдулла Орипов музейи фаолият олиб бормоқда.

Ҳозирги кунда 161 нафар иқтидорли ва ижодкор ўқувчи бу ерда таълим олмоқда. Улар орасида Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларидан ҳам ўғил-қизлар бор.

Қувонарли факт шуки, ижод мактаби очилганидан сўнг ўтган 3 йил давомида битирувчиларнинг барчаси олий таълим муассасалари талабаларига айланишди.

— Ўқувчилар билан қизиқишига қараб назм, наср, публицистика ва таржима йўналишларида индивидуал тарзда иш олиб борилади, — дейди мактаб-интернат директори вазифасини бажарувчи Ёқутхон Жамолова. — Шунга кўра, таниқли ижодкорлар таклиф қилинади, ижодий кечалар уюштирилади. Дарсдан ташқари вақтда ўқувчиларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллашларини йўлга қўйиш мақсадида “Веб-дизайн”, “Компьютер графикаси”, “Аудиовизуал асарларни яратиш ва қайта ишлаш”, “Тасвирий ва рақамли санъат”, “Ижодий тўгарак”, “Актёрлик маҳорати”, “Мусиқа сеҳри” тўгараклари фаолият олиб бормоқда.

Ҳар йили Абдулла Орипов таваллуд куни арафасида ижодкор ўқувчиларнинг шеърий баёзларини чоп эттириш анъанага айланган. 2018 йилда “Абдулла Орипов издошлари”, 2019 йилда “Яна баҳор келди...”, 2021 йилда “Жилғалар қўшиғи”, 2022 йилда “Митти юлдуз жилолари” шеърий тўпламлари нашр қилинди.

Бундан ташқари, Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан чоп эттирилган “Ижод боғидан гулдаста” баёзига юртимиздаги барча ижод мактаби ўқувчилари қаторида бизнинг ўқув масканимиз ижодкор ёшларининг ҳам шеърлари киритилди.

Биламизки, маънавиятга тикилган сармоя самараси кўп-да кўзга кўринавермайди. Дейлик, бирор қурилишга маблағ ажратилса, оз муддатда унинг натижалари намоён бўлади. Адабиёт ёки санъатда эса бундай тезкор натижаларни кўра олмайсиз: у йиллар ўтиб, кишилардаги нозик дид, эстетик савия, юксак ғояларга илҳомлантирувчи манба сифатида бўй кўрсатади. Бордию 10 — 15 йилдан кейин республикада 9 ижодий мактабдан Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Зулфия даражасидаги ижодкорлар етишиб чиқса, мазкур мактаблар ўзини оқлади, деб бемалол айтиш мумкин ва бу натижа қийматини бошқа ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Шундай умид қилишимизга эса кичик асослар бор: мактабда ўтказилаётган барча маънавий-маърифий тадбирлар ўқувчиларнинг ижодкорликларига йўналтирилиб ташкил этилмоқда.

Муҳим саналарга бағишлаб ижодий ишлар танлови мунтазам ўтказилмоқда. Чунончи, буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Бобур таваллуд кунларига бағишлаб “Ҳар сатрида улуғ бир ҳикмат”, “Абдулла Орипов ижодида баҳор, она, аёл мадҳи”, “Абдулла Орипов ижодида буюклар тимсоли”, шунингдек, ўзбек адабиётининг атоқли намояндалари таваллуд саналарига атаб адабиётнинг назм, наср, драматургия мусиқа, тасвирий санъат йўналишлари бўйича ўтказилган ижодий ишлар танловлари яхши самара бериб, ўқувчиларнинг ижодга муҳаббатини янада оширмоқда.

Ҳайрат ва ҳавас мевалари

Ўқув даргоҳи ташкил этилгандан буён эришилаётган ютуқлар талайгина. Ўқувчилар қўлга киритаётган муваффақиятлар улуғ шоир асарларидан ҳайратланиш ва уларга ҳавас меваларидир, десак, муболаға эмас. Жумладан, 2018 йилда мактабнинг 8-синф ўқувчиси Севинч Омонова “Йилнинг энг ёш истеъдодли шоири” кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади. 2019 йилда 10-синф ўқувчиси Эъзоза Алишерова “Сакура илм-фан дастури” асосида Японияда ўтказилган халқаро симпозиумда иштирок этди. Ўзбек, инглиз, рус, япон, тожик тилларини мукаммал ўрганаётган Эъзоза 2019 йил март ойида Юртбошимиз Фармонига кўра Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.

Абдулла Ориповнинг Эъзоза томонидан инглиз, япон тилларида ўқилган шеърлари кўпчиликда катта таассурот қолдирди. Хўш, Абдулла Орипов шеърлари нимаси билан японлар эътиборини ўзига тортди? Албатта, фалсафаси, бадиияти билан. Яна бир жиҳат ҳам борки, бу ҳақда ижодий учрашувлардан бирида Абдулла Орипов бир воқеани кулги билан эслаганди. Шоирнинг айтишича, у Японияда бўлганида, нуфузли меҳмонлардан бири шоирни отасига ўхшатиб роса йиғлаган, шундан бери унга японларнинг муносабати жуда илиқ экан. Қашқадарё даштлари шамолларидан қисилган қийиқ кўзли, кичик жуссасига катта масъулият залварини олган шоир, дарҳақиқат, Кунчиқар юрт одамларига ўхшаб кетади, унинг бўлажак издоши шеърлари ўша илиқликни қайта эсга туширган бўлса не ажаб?!

Абдулла Орипов чин маънода миллат шоири эди. Бироқ унинг ижоди фақат шу миллат доирасида чекланиб қолмоқда. Демак, ижодкор шеърларини хориж тилларига таржима қилиш керак. Бунинг учун кучли таржимон зарур, таржимон эса бадиий ижодни чуқур англайдиган бўлиши даркор. Масалан, Абдулла Орипов қаламига мансуб “Жаҳон меҳробида пайдо Алишер” ёки “Колумбда бор аламим маним” каби мисраларни немис ё французларга қай тарзда асл маънони бузмай етказса бўлади? Шунинг учун кучли таржимонлар ҳам шу мактабнинг ўзида тарбияланиши керак. Модомики, хорижий тилларни чет эллик мутахассисларнинг ўзи ўтса, нур устига нур бўлади. Бир ёқда шоир ижоди, бир ёқда чет тили пухта ўрганилади. Иккиси бир нуқтада бирлашганда эса ажойиб таржима асари бунёд бўлади.

Умуман олганда, мазкур мактаб фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Муҳими, ўзбекнинг буюк шоири ижодини халқимизга янада яқинлаштиришга, унга муносиб издошлар тайёрлашга эришишдир. Ҳамма гап — мактаб жамоасининг ушбу масъулиятни нечоғли ҳис қилишида.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таълим ва тарбиянинг аҳамияти ҳақида сўз борган эди. Давлатимиз раҳбари атоқли француз адиби Виктор Гюгонинг: “Мактаб очган одам бамисоли қамоқхонани ёпгандек гап”, деган ҳикматли иборасини мисол келтирди. Бу нима дегани? Мактаб, таълим, тарбия бор жойда болалар ёмон йўлга кирмайди, жиноят содир этмайди. Демак, қамоқхоналарга зарурият қолмайди.

Мамлакатимизда улуғ алломаларимиз — Мирзо Улуғбек ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги иқтидорли болалар мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, Президент мактаблари, хусусий мактаблар сингари янги ва замонавий намунадаги таълим даргоҳлари очилди. Уларнинг ҳар бири ўзига хослик касб этиб бораётгани эса қувонарлидир. Масалан, Абдулла Орипов номидаги мактаб ўқувчилари шоир ижоди билан қанчалик таниш? Улар донишманд шоирнинг сукунат ичра исёнини англаб етишга қодирми? Ана шундай саволларга жавоб топиш мақсадида ўқувчилар билан суҳбат-мулоқот қилганимизда, уларнинг фикрлаш тарзига ҳавасимиз келди. Улардан бири, айниқса, улуғ шоиримизнинг юртга муҳаббати акс этган шеърларини жуда чиройли қилиб гапириб берди.

Ватанга муҳаббат туйғуларининг рамзий ифодалари

Абдулла Ориповнинг “Мен нечун севаман, Ўзбекистонни?!” деб бошланувчи машҳур шеърида ҳали мустабид тузум Ватан деб уқтириб турилган бир пайтда ўзбек адабиётида илк маротаба Ўзбекистон Ватан сифатида улуғланади. Аслида давр руҳиятини ҳисобга оладиган бўлсак, шоирнинг дадиллик билан билдирган бу фикрларини қаҳрамонлик деб баҳолаш лозим. Шеърнинг кейинги бандларида шоир бу юртни севиши сабабларини ахтаради. Ҳар бир бандини ўқиган ўқувчи беихтиёр асар таъсирига берилиб, ижодкорга қўшилган ҳолда бу саволга жавоб излай бошлайди. Мисраларда тупроқни тўтиё сифатида кўзга суртиш, уни эъзозлаш, она табиат, Ватан боғларини жаннат, деб кўз-кўз қилиш каби мадҳиядек янграй оладиган сўзларни қўлласа-да, бироқ Фурқат образи мисолида эл-юртга соғинч туйғусининг нақадар оташин эканини, она тупроқнинг қадри ундан айрилиқда яққол ҳис этилишига урғу беради. Шоир таъкидлаганидек, одил табиат тупроқни Ер юзига тенг қилиб ажратган. Лекин ҳар бир инсон учун унинг киндик қони томган маъво афзал, қадру эъзозга эга. Ватанга муҳаббат туйғуларининг ҳаётий образлар асосида тасвирланиши шоирнинг маҳоратидан далолатдир.

Шеърнинг сўнгги бандларидан шоирнинг Ўзбекистонни сўлим манзаралари, унумдор тупроғи, серқуёш об-ҳавоси учун эмас, балки халқи учун севиши маълум бўлади. Шоир буни халққа, юртига риторик хитоб қилиш орқали эътироф этади ҳамда шеърнинг кульминацион нуқтасини белгилайди:

Халқим, тарих ҳукми сени агарда,

Мангу музликларга элтган бўлсайди,

Қорликларни макон этган бўлсайдинг,

Меҳрим бермасмидим ўша музларга?

Ватанлар, Ватанлар, майли, гулласин,

Боғ унсин мангулик музда ҳам, аммо,

Юртим, сени фақат бойликларинг чун

Севган фарзанд бўлса, кечирма асло!

Шўролар тузуми ғояларининг аслида пуч ғоялардан иборат эканлигини англаган Абдулла Қодирий ўзининг кўнглидаги дардларини “Ўткан кунлар” романида Юсуфбек ҳожига сўйлатган эди: “Иттифоқнинг не эканини билмаган, ёлғиз ўз манфаати шахсияси йўлида бир-бирини еб-ичкан мансабпараст, дунёпараст ва шуҳратпараст муттаҳамлар Туркистон тупроғидан йўқолмай туриб, бизнинг одам бўлишимизга ақлим етмай қолди. Биз шу ҳолда кетадирган, бир-биримизнинг тегимизга сув қуядирган бўлсак, яқиндирки ўрус истибдоди ўзининг ифлос оёғи билан Туркистонимизни булғатар ва биз бўлсак ўз қўлимиз билан келгуси наслимизнинг бўйнига ўрус бўйиндируғини кийдирган бўлармиз.

Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлига тутқин қилиб топширгучи — биз кўр ва ақлсиз оталарга Худонинг лаънати, албатта, тушар, ўғлим! Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни тўнғизхона қилишга ҳозирланган биз итлар яратғучининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғанлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб судрағучи, албатта, тангрининг қаҳрига сазовордир, ўғлим! Гуноҳсиз бечораларни бўғизлаб, болаларини ятим, хоналарини вайрон қилғучи золимлар — қуртлар ва қушлар, ердан ўсиб чиқған гиёҳлар қарғишига нишонадир, ўғлим!..”

Абдулла Қодирийни безовта қилган миллат, Ватан, истиқлол мавзулари орадан йиллар кечиб Абдулла Орипов ижодида ҳам бўй кўрсатди. Шу боис ўзбекнинг бири насрда, бири назмда ижод қилган икки боласи — икки Абдулласи бир-бирига ҳамоҳанг, уйғун. Бу даврда Абдулла Орипов шеърларида бахт, орзу, истиқлол каби эзгу тушунчалар турли рамзлар, ишораларда бўртиб кўрина бошлади. Ваҳоланки, шўро шоирининг қулоғи замон юрагида, кўзи партия оғзида бўлиши лозим эди. Шеърият олам ҳодисаларини ифодалаш воситаси, чақириқ, даъват саналарди. Абдулла Ориф эса одамнинг ўзини, унинг шахси, туйғулар оламини асосий қадрият деб билди. Шу боис инсоннинг қалбини тадқиқ этиш эҳтиёжини туйди. Шоир ўз руҳиятини тафтишдан ўтказар экан, шу вақтга қадар ёзган шеърларини кўзгунинг парчаланиб ётган бўлакларига қиёслайди. У ўз шеърини “Кўзгу парчалари” деб номлаш билан оламни бутун, мукаммал кўриш имконсиз эканлиги, инсоний муносабатлардан тортиб табиат манзараларигача хилма-хил тарзда намоён бўлиши, жилоланишига ишора қилади:

Бир кун фазилатинг олсам қаламга,

Бир кун қабиҳлигинг ёйгум оламга.

Бир кун кўз ёшларинг қоғозимдадир,

Бир кун заҳарханданг овозимдадир.

Бир кун ўтмишингдан фарёд солурман,

Бир кун иқболингдан ўйга толурман.

...Ўқувчиларнинг навбатма-навбат билдирган бу каби фикрларини тинглаб, кўнглимиз ойдинлашди. Уларнинг ҳар бири катта мақсадларни кўзлаб истиқболга интилаётгани равшан бўлди. Айни шу ўринда Абдулла Ориповнинг мана бу сўзлари ёдга тушади: “Улуғ устозларимиздан бири Абдулла Қаҳҳорнинг “Келажакда ўзбек адабиёти буюк адабиёт бўлади” деган гапини яхши биласиз. Устоз орзуларини ХХI аср ўзбек адабиёти — Мустақиллик даври адабиёти амалга оширгай, иншааллоҳ! “Буюк” деган сифатни ўзимча шарҳлаб айтсам, бу адабиёт ҳақсуяр, халқчил, камалакдек сержило, олмосдек серқирра, биллурдек тиниқ... хуллас, ҳар жиҳатдан гўзал, чинакам бадиий адабиёт — сўз санъати бўлади. Шундай сўз санъати бўладики, жаҳон аҳли ўзбекнинг ўзидан аввал сўзини кўриб, бу “ўзбек мўъжизаси”га яна бир карра ҳайрат ва ҳавас билан мафтун-маҳлиё бўлиб қарайди... Ривож-равнақ имкониятига эга бўлган адабиёт ва санъатнинг келажаги эса порлоқ бўлишига аминман”.

Шоир ишонч билан айтган кунлар келди! Бугун шоир ижодига, ўзбек адабиётига, санъатига, мумтоз асарларимизга хорижликлар қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Инчунин, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ижод мактаблари том маънодаги янги ғоя маҳсулидир. Бу ғоя халқимиз, миллатимиз маънавиятини янада юксакларга кўтарадиган, буюк аждодлар каби Ватан номини шарафларга буркайдиган ёшларни камолотга етказишдек эзгу мақсадларни кўзда тутади.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер