Исроил УЕФАдан четлатилмайдиган бўлди. Вазиятга АҚШ аралашган

18:00 24 Сентябр 2025 Дунё
145 0

Исроил футбол федерацияси УЕФАдан четлатилмайдиган бўлди. «Israel Hayom» нашрининг ёзишича, Исроил муқаррар чекловлардан АҚШнинг босими сабаб қутулиб қолган.

«Дипломатлар, футбол ассотсиацияси расмийлари ва спортдаги бошқа юқори мартабали шахсларнинг кучли босимидан сўнг Исроил УЕФАдан чиқариб юборилмайдиган бўлди», дейилади манба хабарида.

Демак, ҳозирча Исроил Европа мусобақаларидан четлатилмайди, бу эса “Маккаби Тел-Авив” клуби режага мувофиқ равишда Грецияда ПАОК (Салоники)га қарши Европа Лигасидаги илк баҳсини ўтказишини англатади.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Исроил футболига берилган эркинлик вақтинчалик, кўплаб давлатларнинг унга нисбатан санкция қўлланиш талаби ҳали ҳам кун тартибида. Исроил бу галги баҳсда ғолиб чиққан бўлса-да, унинг халқаро футболдаги мавқеи учун кураш ҳали якунлангани йўқ.

Таъкидлаш жоиз, кеча, 23 сентябрь куни БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгашининг Маслаҳатчи қўмитаси Исроилни футболдан четлатиш ва унинг УЕФА ҳамда ФИФА мусобақаларидаги иштирокини номаълум муддатга чеклашга чақирди. Бироқ бу органнинг футболга ҳеч қандай расмий алоқаси бўлмагани учун, унинг аъзолари БМТ ёки қўмита номидан сўз юритиш ваколатига эга эмас.

Маълумки, Қатар расмийлари спортдаги таъсирли шахслар орқали Исроил клублари ва миллий термасига Европа мусобақаларида иштирок этиш имкониятини чеклаш ҳамда турли санкциялар қўлланиш орқали халқаро босимни кучайтиришга интилмоқда.

Ҳеч кимга сир эмас, Қатар Европа футболида катта таъсирга эга. Шу боис ушбу мамлакат босими таъсирида Исроилнинг УЕФАдан чиқарилиши масаласи сўнгги ойларда Европа футболида энг долзарб мавзулардан бирига айланди. Айниқса, Исроил жорий йил 9 сентябрда Доҳага ҳаво зарбаси йўллагани вазиятни янада чигаллаштирди.

Энди нима бўлади?

Исроил футболи учун асосий мақсад — март ойидаги Миллатлар лигаси қуръасига қўшилиш ва мусобақада иштирок этиш. Ҳозирги вазиятда бунинг имкони жуда кам, агар сиёсий шароит ўзгармаса ва Исроил урушга барҳам бермаса, четлатиш таҳдиди исталган вақтда яна кун тартибига қайтиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?