Исроил билан асирлар алмашинуви душанба куни бошланиши мумкин — ҲАМАС

22:18 11 Октябр 2025 Дунё
183 0

ҲАМАС ва Исроил ўртасида асирлар алмашиш жараёни катта эҳтимол билан душанба, 13 октябрь кунидан бошланиши мумкин. Бу ҳақда ҲАМАС Сиёсий бюроси аъзоси Муса Абу Марзук маҳаллий телеканал эфирида маълум қилди.

Абу Марзукнинг сўзларига кўра, асирларни топшириш вақтида ҳар қандай ҳарбий маросим ёки байрам тадбирлари ўтказилиши кўзда тутилмаган. ҲАМАС бу масалада ўз аниқ позициясига эга.

Унинг таъкидлашича, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувдан сўнг Исроил армияси “сариқ чизиқ” деб аталувчи чегарагача чекиниб кетган. Бироқ Ғазо сектори ҳудудининг тахминан 53 фоизи ҳали ҳам Исроил назоратида қолмоқда.

«Исроил томонидан белгилаб берилган чекиниш чизиқлари на тўғри, на режали. Улар изчилликдан йироқ ва бефарқ белгиланган», деди Абу Марзук.

У, шунингдек, ҲАМАС ҳеч қачон Исроил армиясининг ҳозирги позицияларда қолишини қабул қилмаслигини қатъий таъкидлаган.

ҲАМАС вакилининг маълум қилишича, америкалик ҳарбийлар минтақа тинчлигини назорат қилиш учун юборилган, лекин улар Ғазо чегарасида эмас, Исроил томонида жойлаштирилган.

Абу Марзукнинг қўшимча қилишича, яқин вақт ичида миллий лойиҳа муҳокамаси ҳамда Ғазо сектори ва Иорданиянинг Ғарбий соҳилида тинчликпарвар кучларнинг эҳтимолий иштирокини муҳокама қилиш бошланади.

«Фаластин муаммосини бугунги инқироздан олиб чиқишнинг ягона йўли — бу миллий муваффақиятга эришишдир», дея Фаластин маъмуриятини умуммиллий йиғилиш ўтказиш ва миллий муваффақиятли келишувга эришиш мақсадида ҳамкорлик қилишга чақирган ҲАМАС вакили.

«Биз халқимизнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Трамп режаси ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни қабул қилдик. ҲАМАС фақат ўзи ёлғиз ҳолда фаластин халқининг тақдирига оид қарорлар қабул қилмайди», деган Абу Марзук.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?