Иситилмайдиган иссиқхоналар
Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган “Ижтимоий иссиқхона лойиҳаси” доирасида ўт ёқиб иситилмайдиган иссиқхоналар пайдо бўлмоқда. Ҳа, одатдагидан ўзгача ва антиқа, энг муҳими кам харажатли бу ойнаванд далаларнинг иситиш тизими йўқ. Яъни уларни иситиш учун газ ҳам, кўмир ҳам ёқилмайди.
Таъбир жоиз бўлса, бундай иссиқхоналар ўз ғамини ўзи ейди, яъни керакли иссиқликни ўзи йиғади. Гап шундаки, улар шарқдан-ғарбга — кун ботиш томонга 14 градус бурилган шароитда қурилади ва шимол томони махсус қалин иситиш кўрпалари билан ёпилади.
— Маълумки, Ўзбекистонда йилнинг 300 куни куёшли. Бу табиий-иқлимий шароитимиз туфайли иссиқхона хўжалиги юритишдаги Хитойнинг амалда синалган ва юқори натижа бераётган айни технологияси юртимиз деҳқонлари учун ҳам жуда қўл келади, — дейди Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Акмал Қултоев. — Бундай иссиқхоналарнинг қурилиш шакли-шамойили кун давомида қуёш энергиясини худди аккумулятор сингари ўз ичига йиғишга мослаштирилган. Кун ботиши билан эса иссиқхона томи йиғилган иссиқликни сақловчи махсус кўрпалар билан ёпилади. Шундай қилиб, кундузи тўпланган иссиқлик ҳисобига иссиқхонадаги ҳарорат мўътадил ушлаб турилади. Экин майдони саҳни ернинг музлаш қатламидан 40 сантиметр пастда бўлишида ҳам керакли ҳароратни сақлаш мақсади бор. Иситилмайдиган иссиқхоналар майдони ихчам бўлиб, унча катта бўлмайди ва бу ҳолат иссиқлик тўплаш ҳамда уни сақлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Айтиш лозимки, ҳозирги кунда вилоят бўйича Хитой технологияси асосидаги 38,3 гектар ана шундай иссиқхоналар мавжуд. Хусусан, Сардоба туманидаги “Имкон қадри” МЧЖ томонидан тажриба тариқасида 2 сотихдан 4 та айни турдаги иссиқхона қурилган. Дастлабки натижалар яхши, айни пайтда ушбу иссиқхоналарда турли кўкатлар ўстирилмоқда.
Ҳозирда Боёвут туманида 80 гектар майдонда 5 сотихдан 1600 та айни турдаги иссиқхоналарнинг қурилиши режалаштирилган. Ушбу кам харажатли ойнаванд далалар фойдаланиш учун Сирдарё вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ижтимоий иссиқхона лойиҳаси” доирасида аҳолининг банд бўлмаган ва ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд вакилларига берилади.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг