Ишонч менга халоскор бўлди

15:32 16 Ноябрь 2023 Жамият
247 0

Фото: “Халқ сўзи”

Ғам-ташвиш деганлари эшик қоқмай кириб келаркан. Буни ўз ҳаётим мисолида айтяпман. Кечагача мактабда югуриб-елиб қишлоғимиз болаларига дарс берар, фарзандларим, шогирдларимнинг ўқишдаги ютуқларини кўрганимда ўзимни қушдек енгил ҳис этардим.

Аммо тўсатдан юрсам ҳолдан тоядиган бўлиб қолдим. Шифокорга учрадим. Таҳлиллар суяк емирилиши дардига йўлиққанимни кўрсатди. Шифокор тавсиясига кўра, менга ногиронлик гуруҳи берилди.

Жарроҳлик амалиёти фалон миллион сўм туради, дейишди. Жўжабирдай жонмиз. Фарзандларим бирин-кетин вояга етишяпти. Уларни олий ўқув юртларида ўқитиш, тўйларини қилиш орзусидаман. Турмуш ўртоғимнинг қоровулликдан келаётган маоши қора қозонни қайнатишга аранг етяптику, деган ўйлар гирдобига тушдим. Дунё кўзимга зим-зиё кўринди.

Бу орада аҳволим оғирлашди. Ҳассага, кейин эса қўлтиқтаёққа таяниб қолдим. Аммо кўнглимнинг бир четида шундай инсонпарвар юртимиз бор, мени бу дард олдида ёлғизлатиб қўйишмайди, деган ишонч ҳам бор эди. Шу ишонч менга халоскор бўлди.

Аҳволимдан хабар топган туман оила ва хотин-қизлар бўлими, вилоят касаба уюшмалари кенгаши масъуллари ёрдам қўлини чўзди. “Аёллар дафтари”га киритилдим.

Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мураккаб жарроҳлик амалиёти сарф-харажати, яъни 26 миллион сўм пул тўлаб берилди. Жарроҳлик амалиётидан сўнг ҳам маҳалламиз ҳамда вилоят касаба уюшмалари кенгаши вакиллари ҳолимдан хабар олиб туришди.

Шукр, ҳозир саломатлигим жойида. Қўлтиқтаёқсиз юряпман. Фарзандларим, невараларим бағридаман. Оиламиз учун мушкул паллада ёрдам қўлини чўзган савобталаб инсонлардан, биз, оналарга эҳтиром кўрсатаётган давлатимиздан бир умр миннатдорман.

Зулхия ПЎЛАТОВА,

Вобкент тумани, Сариосиё маҳалласи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер