Ишим бордир ўша оҳуда

15:41 11 Декабрь 2024 Маданият
711 0

 

12 декабрь — Ҳамид Олимжон таваллуд топган кун

(Илҳом парисига)

Ишим бордир ўша оҳуда,

У менга кўринар ҳар замон,

Фикримни чулғайди беомон,

Ўтларга ташлайди хўп ёмон, —

Ишим бордир ўша оҳуда.

У кўринар сойдаги сувда,

Бир паридир тоза, осуда...

Қоялардан учар бемалол,

Қушлар кўрса титраб қолар лол, —

Ишим бордир ўша оҳуда.

Тунда ухламадим ахтариб,

Кутиб турдим булоққа бориб,

У-чи? Қоқиб ўтди қанотин,

Оқ булутлар бағрини ёриб, —

Ишим бордир ўшал оҳуда.

У юрганда очилар гуллар,

Бахмалга бурканар баҳори чўллар,

У бор ерда жонланар ҳаёт,

Уни кўрса чайқалур кўллар, —

Ишим бордир ўша оҳуда.

Ўлкасидан ўтар шаббода,

Севинч билан тўлуғдир жоми:

Гўзалларга у тутар бода,

Кўрса келар пари илҳоми, —

Ишим бордир ўша оҳуда.

Қўшиғини тинглар Қашқа тоғ,

Оғушида мангудир баҳор,

Чиройида зарра йўқдир доғ,

Даласида ёзда ухлар қор, —

Ишим бордир ўша оҳуда.

Мен ҳалок этарман ўзимни,

Тинчланмасман, топмай қўймайин,

Шикоятим, дардим, арзимни,

Қулоғига сўйларман майин, —

Ишим бордир ўша оҳуда.

Усиз менинг тинчим йўқолур,

Усиз юрак чолғусиз қолур,

Усиз эсдан чиқар одатим,

Унутилар бор саодатим, —

Ишим бордир ўша оҳуда.

ҒАЗАЛ

На бўлғай бир нафас мен ҳам ёноғинг узра хол бўлсам,

Лабинг япроғидан томган ки гўё қатра бол бўлсам.

Бутоғингга қўниб булбул каби хониш қилиб тунлар,

Ўпиб ғунчангни очмоқлиққа тонг чоғи шамол бўлсам.

Бўйингни тарқатиб оламни қилсам масту мустағриқ,

Ўзимнинг санъатимга сўнг ўзим ҳайратда лол бўлсам.

Сенинг бирла қолиб бу масту лол оламда мен ёлғиз,

Ўзимни ҳам тополмай, майлига, охир хаёл бўлсам.

Агар боғингда гул бўлмоқ менинг-чун нораво бўлса –

Ки, минг бор розиман қасрингга ҳаттоким дувол бўлсам.

Бошим ҳеч чиқмаса майли маломат бирла бўҳтондин,

Рақиблар рашкига кўкрак керай, майли, қамал бўлсам.

Кезиб саҳрою водийлар етишсам бир висолингга,

Фидо жонимни қилдим йўлингга, майли, увол бўлсам.

Ҳамид ОЛИМЖОН

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?