Иқтисодий самарадорлик натижаси
Рустам Нурматов/«Халқ сўзи». Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида биринчи Фориш туманидаги «Basalt Uzbekistan» кластери фаолияти билан танишганди. Фориш ҳудуди бўйича вилоятда энг катта туман. Лекин ердан фойдаланиш самарадорлиги анча паст эди. Адир ва яйловларда, асосан, чорва боқилиб, саноат корхонаси йўқ эди. Етти йил аввал Форишга саноат кириб келди — Олмоссой конидан базальт тошини қазиб олиб, ундан тола тайёрлаш йўлга қўйилди. Ноёб, инновацион технология асосида қурилиш саноати учун муҳим бўлган арматура ва сеткалар ишлаб чиқарила бошланди.
Давлатимиз раҳбари 2019 йил январь ойида бу корхонага ташриф буюриб, унинг фаолиятни янада кенгайтириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берганди. Шу асосида бозордаги талаб, хомашё олинадиган конлар ўрганилди. Германия, Франция, Италия, Чехия каби давлатлардан энг замонавий технологиялар келтирилди. Натижада 300 гектар майдонда умумий қиймати 498 миллион долларлик олтита лойиҳа ташкил этилиб, корхона кластерга айланди.
— «Basalt Uzbekistan» саноат кластери Марказий Осиё минтақасида базальт композит қурилиш материалларини ишлаб чиқаришда етакчидир, — дейди «Basalt Uzbekistan» саноат кластери бош директори Азим Абдусаттаров. — У 2015 йилдан буён вилоятимиз фахри сифатида саноатда ўсишни таъминлаб келмоқда. Мамлакатимизда 2025 йил –атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили деб эълон қилиниши муносабати билан кластерда улкан ишлар амалга оширилди. Йил давомида технологик базани такомиллаштириш, инновацион ва экологик хавфсиз композит материалларни ишончли, самарали ва мувозанатли ишлаб чиқаришга бағишланган халқаро илмий форум ўтказилгани, ИСО-халқаро сертификатларининг қўлга киритиши муҳим ютуқларимиздан саналади.
«Basalt Uzbekistan» саноат кластеридаги 7 та корхона 4 тадан ИСО — халқаро сертификатига эга бўлди. Жумладан, ИСО-14064 «Яшил саноатлаштириш» халқаро сертификати Германиянинг ГИЗ фонди кўмагида қўлга киритилди. Мазкур сертификат халқаро талабларга асосланган аудит ўрганиши орқали 5 ой мобайнида кластерга тегишли барча ишлаб чиқариш корхоналари, мавжуд инфратузилмалар, атроф-муҳит муҳофазаси каби жараёнларни ўз ичига олган дастур доирасида амалга оширилди.

ГИЗ фонди томонидан Ўзбекистондаги йирик саноат корхоналар ичида, энг илғор технологияларга асосланган «Яшил саноатлаштириш» стандартлар талабларига жавоб берадиган ишлаб чиқарувчилар сараланиб, Германияда малака алмашиш ўқув дастури асосида махсус сафар уюштирилди. Ўқув машғулотларида «Basalt Uzbekistan» саноат кластери вакиллари ҳам қатнашишди. Учрашувларда Германия ва дунёнинг ривожланган саноат корхоналари раҳбарлари билан мулоқот ва тажриба алмашинилди. Саноат кластер вакиллари Мюнхен шаҳрида БАУ халқаро қурилиш материаллари кўргазмасида иштирок этди. Келгусида бундай йирик тадбирларда Ўзбекистон базальт маҳсулотларининг ҳам намойиш этилишига келишиб олинди.
Айни вақтда «Basalt Uzbekistan» саноат кластери ҳудудида Илмий тадқиқот ва инновация марказининг дастлабки ишлари бошланган. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи доирасида Олий таълим ва инновация вазирлиги билан кластерда мавжуд муаммоларни ўрганиш, илмий ишланмалар, лаборатория синовлари, метрология ва стандартлаштириш бўйича йўл харитаси тузилганди.
Шу йилнинг январь ойида Тошкент кимё-технология институти ва Жиззах политехника институтларининг илмий изланувчилари кластерга ташриф буюришди. Учрашувда оқова сувлари утилизация қилиш технологиясини ишлаб чиқиш муаммолари ўрганилди. Сувни тежамкорлик билан ишлатиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда чиқиндиларини қайта ишлаш каби чоралар кичик ёки йирик бўлишидан қатъи назар ишлаб чиқарувчининг табиат олдидаги вазифаси ҳисобланади. Саноат кластерида шу каби иккиламчи ишлаб чиқариш жараёнига ҳам кенг эътибор қаратилади.
«Яшил макон» лойиҳаси доирасида шу кунгача 40 минг туп дарахт кўчати экилди. Улар йил сайин бўй чўзиб, теварак-атрофга яшиллик ва тоза ҳаво таратиб турибди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- Табиат ва цивилизация уйғунлашган шаҳар – Сюрихдан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг