Инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи воситаларни сотган шахслар қўлга тушди

14:06 11 Март 2025 Жамият
147 0

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чилонзор ва Учтепа тумани бўлимлари, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Унга кўра, ўтказилган тезкор тадбирларда муқаддам судланган фуқаро Э.Б. фуқаро Т.К.га 600 дона «Keto coffee mix» номли ҳамда фуқаро А.Ю. ва бошқалар фуқаро Ш.Д.га 300 дона «S F. Slim Coffee» номли инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи воситаларни сотган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат тезкор тадбир ходимлари томонидан назоратга олиниб, инсон руҳиятига кучли таъсир қилувчи воситаларни ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Шу каби яна бир ҳолат, Булоқбоши туманида ҳам аниқланган.

Маълум қилинишича, фуқаро А.Х. 5 дона «Тропикамид» ва 4 дона «Регапен» номли дори воситаларини сотган вақтида ушланиб, ёнидан 12 дона «Регапен» номли дори воситаси топилган ҳамда ашёвий далил сифатида олинган.

«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», — дейилада Департамент хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?