Индонезиядаги Левотоби вулқони отилди

11:07 19 Июнь 2025 Дунё
261 0

Индонезиянинг жанубий марказий қисмида жойлашган Левотоби вулқони отилиб, осмон узра қалин кул булутларини ҳосил қилди. Ҳодиса ортидан расмийлар хавф даражасини энг юқори босқичга чиққанини қайд этиб, хавфли ҳудуд радиусини 8 километргача кенгайганини эълон қилди.

Индонезия Геология агентлиги баёнотида айтилишича, вулқон 10 минг метр баландликка қалин кул ва иссиқ газлар булутини пайдо қилган. Бу ҳолат одатдаги кунлик 8–10 маротабалик вулқон фаоллигидан фарқли равишда, икки соат ичида 50 марта портлаш билан кузатилди. Иссиқ кул ва тутун катта қўзиқорин шаклидаги булут ҳосил қилган бўлиб, у 90 дан 150 километргача узоқликдаги шаҳарлар осмонида ҳам кўринган.

Ҳозирча бу воқеада ҳеч ким жабрланмагани хабар қилинди. Бироқ расмийлар кучли ёғингарчилик ҳолатида вулқон атрофидаги дарёларда лава аралаш лой оқимлари – яъни лаҳар хавфи кучайишини айтиб, аҳолини огоҳлантиришмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу вулқон ноябрь ойида ҳам отилиб, 9 кишининг ўлимига сабаб бўлган ва яна ўнлаб кишилар жароҳатланган эди. Шунингдек, у жорий йил март ойида ҳам фаоллик кўрсатган. Левотоби 1584 метр баландликдаги тоғ бўлиб, Флорес туманида жойлашган.

Индонезия 270 миллион аҳолига эга ороллар давлатидир. У «Олов ҳалқаси» деб аталувчи Тинч океани бўйлаб жойлашган сейсмик фаоллик ҳудудида жойлашгани сабабли, бу ерда тез-тез зилзила ва вулқон отилишлари содир бўлади. Мамлакатда ҳозирда 120 та фаол вулқон мавжуд.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?