Имконият яратган ирода
Баъзан инсон тақдирида шундай синовлар бўладики, улар ё синишга, ё юксалишга олиб боради. Аммо иродаси мустаҳкам, нияти пок, ишончи кучли инсон учун ҳар қандай чеклов — янги имкониятга айланади. Бугун юртимизда инсон қадрини улуғлаш, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига қаратилган давлат сиёсати ана шундай иродали инсонлар тақдирида ўз ифодасини топмоқда.
Ангор туманидаги Гулзор маҳалласида фаолият олиб бораётган “Art Design Sofia” кичик корхонаси шундай эзгу мақсадлар рўёбига хизмат қилаётган масканлардан бири. Ижтимоий масъулиятли, тадбиркорликни ҳаёт тарзига айлантирган ушбу корхона раҳбари София Маҳмадмуродова бугун нафақат маҳсулот ишлаб чиқармоқда, балки инсонларга ишонч, умид ва келажак бағишламоқда.
Жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, корхона раҳбари, София Маҳмадмуродова тадбиркорликни аввало даромад манбаи эмас, балки жамият олдидаги масъулияти, деб билади. Бугунги кунда тумандаги 53 нафар ногиронлиги бўлган шахс касаначилик асосида доимий иш билан таъминлангани ана шу масъулиятнинг амалий натижасидир. Улар ўз уйида, ўз оиласи бағрида меҳнат қилиб, жамиятга фойда келтирмоқда.

— Президентимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарвар сиёсат, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар биз тадбиркорларга катта ишонч ва куч бағишламоқда, — дейди София Маҳмадмуродова. — Айниқса, аёлларга ҳомиладорлик ва туғруқ нафақалари Давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси орқали тўлаб берилиши белгилангани биз учун катта ижтимоий кафолат, аёлларга бўлган эътиборнинг яққол намунасидир. Бу қарор оила, она ва бола манфаатларини давлат сиёсати даражасида ҳимоя қилинаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Давлат томонидан тадбиркорга 156 миллион сўм миқдорида ажратилган субсидия ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, замонавий ускуналар харид қилиш ва янги иш ўринлари яратиш учун мустаҳкам пойдевор бўлди.
Бугун корхона мактабгача таълим ташкилотларини чойшаблар билан таъминлаб келмоқда. Бу кичик ишдек туюлиши мумкин, аммо ҳар бир боланинг тоза, озода муҳитда тарбия олишига қўшилган ҳиссадир. Қаҳрамонимиз ногиронлик нафақасини олади, аммо унга эҳтиёжи йўқ. Чунки меҳнат қилиш, бошқаларга иш ўрни яратиш, ўзига ва жамиятга ишонч билан яшаш у учун энг катта бойлик.
— Ҳозир туман миқёсида иш олиб бораётган бўлсак-да, келажакда фаолиятимизни вилоят миқёсида кенгайтиришни мақсад қилганмиз, — дейди София Маҳмадмуродова. — Чунки бугунги яратилган имкониятлар, давлатимиз раҳбарининг адолатли ва инсонпарвар сиёсати бундай орзуларни реал мақсадга айлантирмоқда.

Шу ўринда Президентимизга, давлатимиз томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрлик учун чуқур миннатдорлик билдираман, — дея самимийлик билдирди тадбиркор аёл. — Бу сиёсат бизга нафақат ишлаш, балки орзу қилиш, режа тузиш ва келажакка ишонч билан қараш ҳуқуқини берди.
Ирода бор жойда имконият топилади. Имконият бор жойда эса албатта натижа бўлади. София Маҳмадмуродованинг бугунги ютуқлари шунга ёрқин далил.
Фарҳод ЭСОНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Ўзбекистон дунёдаги сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган етти мамлакатдан бири — БМТ ҳисоботи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг