Илм йўлидаги фидойилик

18:14 27 Июнь 2025 Жамият
248 0

Академик Аҳмадали Асқаров нафақат йирик археолог олим, балки ҳалол меҳнат ва илмга садоқатнинг ёрқин тимсолидир. Унинг бутун ҳаёти Ўзбекистон тарихини чуқур ўрганишга, археологик меросни тадқиқ этишга ва ёш авлодни билим сари руҳлантиришга бағишланган.

Кўп йиллик илмий ва педагогик фаолияти давомида у ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва ватанпарварлик тамойилларидан ҳеч қачон чекинмаган. Яқинда, 2023 йилда, устоз олим «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» унвонига сазовор бўлди. Бу мукофот унинг ёшларга илм ўргатиш ва тарбия беришдаги улкан хизматлари эътирофи эди. Оддий деҳқон оиласидан чиққан олим 1935 йилда Наманганда оддий деҳқон оиласида дунёга келди. Болалигиданоқ меҳнатнинг қадрини ҳис этиб улғайди. Отаси фарзандига ҳалол меҳнат ва сабрнинг аҳамиятини доим уқтирди. Ҳаётида кимлар томонидандир адолатсизликка учраса, «Қўй, болам, уларни, сен ёшсан, ҳалол меҳнат қилавер, Худо беради», деган ота насиҳатини ёш Аҳмадали умр бўйи ёдда тутиб келмоқда. Кейинчалик у ўз ҳаётий тажрибаси мисолида шу ҳикматнинг ростлигини тасдиқлади.

— Мен серқуёш ўзбек диёрининг оддий меҳнаткаш деҳқон оиласида туғилиб, ҳалол меҳнат туфайли бир инсон эришиши мумкин бўлган ҳаётий орзуларимга етдим, — дейди суҳбатларининг бирида академик. — Барча ютуқларим замирида ота-онамнинг дуоси ва ҳалол меҳнатга садоқат туради.

Асқаров илм йўлида ҳамиша интилувчан ва матонатли бўлди. У Тошкент давлат педагогика институтини тамомлагач, илмий изланишларни давом эттириш мақсадида буюк олим, Ўзбекистоннинг биринчи археологи, устози академик Яҳё Ғуломов қўллови билан Санкт-Петербургга йўл олди. Ўша даврда у ердаги илмий муҳит ёш истеъдодларга катта имконият яратганди. Аҳмадали Асқаров машҳур рус олими Михаил Грязнов қўлида тарбия топди, археология сирларини ўрганди. Устозларининг оталарча ғамхўрлиги ва сабоқлари ёш изланувчига нафақат археология сирларини, балки илм ахлоқи ва ватанпарварлик туйғуларини ҳам сингдирди. Унинг илм-фанга чексиз иштиёқи ва фидойилиги тез орада ўз натижасини берди. У археолог сифатида камол топди. 1970 йилда ўзи асосчиларидан бири бўлган, янги очилган Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институтига раҳбарлик қила бошлади.

Академик Асқаров ўнлаб йиллар давомида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида археологик тадқиқотлар олиб борди. Унинг асосий илмий ишлари Марказий Осиёда сақланиб қолган моддий маданият ёдгорликларини очиб ўрганиш, шу орқали ўлкамиз тарихи ҳақиқатларини юзага чиқаришга қаратилганди. Олим бронза ва илк темир даврига оид қадимги деҳқончилик ва чорвачилик маданиятларини, Ўзбекистон ҳудудида илк шаҳарсозлик цивилизацияси ва давлатчиликнинг шаклланиш босқичларини чуқур тадқиқ этди. Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи билан боғлиқ илмий масалаларга оид йирик назарий ишланмаларни амалга оширди. Асқаров бошчилигидаги экспедициялар Сурхондарёдаги дунёга машҳур Сополли маданияти ёдгорликларини кашф этди. У Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий шаҳар ёдгорлиги – Жарқўтонни ҳам очиб ўрганди. Олимнинг беҳад сермаҳсул меҳнати натижасида 600 дан ортиқ илмий ишлар, жумладан, 20 га яқин монография, 1 та дарслик, 10 га яқин ўқув қўлланмалар яратилди. Бу асарлар миллий археология ва тарихшунослик фанининг турли жабҳаларини янги маълумотлар билан бойитиб, ўзбек тарих фанининг тараққиётига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшилди.

Олим узоқ йиллар илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиб, юртимизда янги археолог ва тарихчилар авлодини тарбиялашга катта ҳисса қўшди. Институт директори сифатида ҳам, профессор сифатида ҳам, у ёш мутахассисларга ўз билим ва тажрибасини бериб, уларни мустақил изланишга руҳлантирди. Асқаров кўплаб шогирдлар етиштириб, уларга илмий раҳбарлик қилди. Археология бўйича дарслик ва методик қўлланмалар ёзиб, таълим сифати юксалиши йўлида хизмат кўрсатди. Устоз ўз хотираларида «Зора уларни ўқиган ёшлар қалбида илму маърифатга интилиш учқунлари аланга олса, олимлик бурчимни адо этган бўлар эдим...» дея таъкидлайди.

Бугунги кунда академикнинг шогирдлари республикамиз илм-фанининг турли жабҳаларида муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Улар ичида бугунги Ўзбекистон илм-фанининг машҳур олимлари ҳам бор. Олим ҳаётда ҳалоллик ва меҳнатсеварликни ўзининг асосий шахсий тамойили қилиб олди. У ҳар қандай вазиятда пок виждон билан ишлашни, илмий ҳақиқатни рўй-рост айтишни лозим деб билди. Ҳатто юқори лавозимли раҳбарлар олдида ҳам у ҳақиқатни айтишдан чўчимаган – бу жасоратли фазилат унга осонликча берилмаган бўлсада, умр бўйи у ўз тамойилларига содиқ қолди. Тарихчи олим мустабид тузум даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам тарихий адолат ва илмий ҳақиқат учун курашди, археологик меросни асраб-авайлаш йўлида фидойилик кўрсатди. Унинг ҳалол меҳнати муносиб эътироф этилди. У Беруний номидаги Давлат мукофоти, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрий унвони, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳибидир.

Академикнинг ташаббуси ва илмий раҳбарлиги остида археологик қазилмаларда топилган нодир топилмалар бўйича музей экспозициялари шакллантирилган, янги бўлимлар очилган. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасидаги музейларда Амударё бўйи маданияти, Сополлитепа – бронза даври ёдгорлиги, Илк темир даври ижтимоий-иқтисодий тараққиёти каби экспозициялар ташкил этилиши устознинг бевосита раҳбарлиги остида амалга оширилди. У меҳнат қилаётган Ўзбекистон миллий педагогика университети Тарих факультети қошидаги «Археология» музейи ҳам унинг меҳнатлари самараси ҳисобланади. Устознинг ташаббуси билан Норин туманидаги Учтепа-Булоқмозор ёдгорлиги очиқ осмон остидаги музейга айлантирилган. Шунингдек, Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Суйирлитепа шаҳар ёдгорлигидаги археологик қазишмаларда топилган 350 дона тарихий ашёлардан кўргазма тайёрланиб, 2023 йилда очилди. Ушбу кўргазма Олмалиқ шаҳридаги «Металлург» маданият саройида бугунга қадар фаолият кўрсатмоқда.

Аҳмадали Асқаровнинг ҳаёт йўли бугунги ёшлар учун ҳақиқий намуна мактабидир. У оддий қишлоқ боласидан академик даражасигача машаққат билан ўсиб, меҳнат ва илм орқали юксак марраларни забт этиш мумкинлигини ўз ҳаёти мисолида кўрсатиб берди. Унинг меҳнатсеварлиги ва ҳалоллиги, илм-фанга ташналиги, Ватанга садоқати ҳар бир йигит-қиз учун намунадир.

Археолог — олим ўз кашфиётлари орқали халқимизнинг бой тарихини дунёга танитди, ёш авлодга миллий ғурур ва ўтмишга ҳурмат туйғуларини улашди. Бу улуғ инсоннинг фаолияти ва шахсий фазилатлари шуни англатадики, эзгу ният ва тинимсиз меҳнат ила инсон ҳар қандай чўққиларни забт эта олади. Ёшлар Аҳмадали Асқаров мисолида ҳалол меҳнат ва илм йўлида фидойилик қандай самара беришини кўриб, ўз келажакларига қатъият ва умид билан интилишлари шубҳасиз.

Убайдулла ИСМОИЛОВ,

ЎзФА Тарих институти кичик илмий ходими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?