Икки ҳудудда психотроп моддалар савдоси тўхтатиб қолинди

18:36 06 Февраль 2026 Жамият
358 0

Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Унда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Маълум бўлишича, кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаролар К.Т. ва бошқалар фуқаро М.Х.га хорижда ишлаб чиқарилган 170 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 13,6 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Чилонзор тумани бўлими ходимлари томонидан худди шундай ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ҳам аниқланган.

Унга кўра, фуқаро Д.К. фуқарога 30 дона «Зардекс» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 300 АҚШ долларига сотган вақтида ушланиб, жами 36 дона «Зардекс» дори воситаси ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Бундан ташқари, Департаментнинг Андижон шаҳри бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ҳам қонунга хилоф равишда дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган О.У. ва бошқалар қўлга олинган.

Улар фуқарога хорижда ишлаб чиқарилган 5 дона «Тропикамид» ва 5 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 1,8 миллион сўмга сотган вақтида ушланиб, уларнинг яшаш хонадонидан 24 қути кучли таъсир қилувчи дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?