Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал...
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Шаҳарларда ўтмиш билан бугунги кун, замон нафаси ҳамоҳанг яшайди, дейди донишмандлар. Буни кейинги йилларда янгича қиёфада намоён бўлаётган кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарларимиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Бугун юртимизнинг барча ҳудудларини ўзаро боғловчи мустаҳкам ришталар, марварид маржонлари – элимизнинг осойишта ва тинч, обод ва фаровон, йилдан йилга юксалиб бораётган бош шаҳарларидир. Фахру ифтихоримизга айланиб бораётган бундай шаҳарларимиз эндиликда халқимизнинг барча орзу-умидларини ўзида тўлиқ мужассам этмоқда.
Табиати, иқлими каби дилкушо, меҳмоннавоз ва очиқкўнгил фарғоналиклар учун Фарғона шаҳри нафақат вилоят маркази, балки яхши ниятлар билан Фарғона водийсининг узоқ-яқин манзилларидан бу ерга келувчиларнинг меҳр билан бошини силагувчи, борини баҳам кўрувчи қадрдон кентдир. Шу боис ҳам бугун Фарғонани эзгу ниятлар шаҳри, деб айтсак, ўринли бўлар эди.
Шу маънода, Фарғона жаннатмакон диёримизнинг турфа манзилларидан келган фарзандларига билим ва тарбия берадиган, катта ҳаётга узатадиган илм-фан маскани, устоз шаҳар. Навқиронлик орзулари ҳамоҳанг, муштарак қалблар ўзаро ҳамроҳ бўлган дилларни бирлаштирувчи муҳаббат шаҳридир.
Янгиланаётган Фарғона тимсолида улуғворлик билан бирга гўзаллик, кўркамлик ва муҳташамлик мужассам. Бундаги кенглик ва орасталикдан кўчалар, хиёбонлар, шаҳар аҳли ва меҳмонлари яйраб – эркин-эркин нафас олади.
Айни пайтда вилоят марказида замонавий шаҳарсозликнинг ўзига хос, айнан Фарғонага монанд тимсоли яратилаётир. Бу шаҳар кўчалари қиёфасини тубдан ўзгартириб юбораётган қадди баланд иморатлар, ноёб манзарали дарахтлар, ландшафт архитектураси фарғоналикларнинг ғурури, қадриятлари, бобомерос анъаналарини ўзида тўлиқ намоён этаётгани эътиборга молик.
Бундай роҳатбахш манзаралар муштарак мақсадлар йўлидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, ақлу заковат, узоқни кўзлаган юксак тафаккур маҳсули эканлиги янада қувонарлидир. Шундай лаҳзаларда ардоқли шоиримизнинг севимли шеърий мисралари хаёлимизда чарх ураверади:
Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал,
Умрнинг ҳар дами ғанимат...
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- «Ўзгидромет» шошилинч огоҳлантириш эълон қилди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг