Ҳарбийларга янги уйлар топширилди

16:28 24 Сентябр 2024 Жамият
424 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/“Халқ сўзи”. Сўнгги йилларда миллий армияни ислоҳ қилиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий кадрлар тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бир қаторда ҳарбийларга ўз хизмат вазифаларини бекаму кўст адо этиши учун барча шароитлар яратиб берилаётир.

Хоразм вилоятининг Боғот туманида чегарани қўриқлаш взводи ҳарбийлари учун янги хизмат уйлари ва 25 ўринли мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди. Лойиҳа қиймати 4 млрд. сўм бўлган ушбу бино қурилиши “Ниёзмат заргар” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди. Шунингдек, Қўшкўпир туманининг “Ғазовот” чегара пости ҳарбийлари учун ҳам 8 та хонадондан иборат хизмат уйи барпо этилди.

Янги тураржойларнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тадбирларда вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Жўрабек Раҳимов иштирок этиб, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари учун яратилаётган шароитлар хусусида тўхталди.

Янги бинолар энергиятежамкор конструкциялардан фойдаланган ҳолда, замонавий лойиҳа асосида бунёд этилган бўлиб, барча қулайликларга эга. Ҳудудда фаолиятини бошлаган мактабгача таълим ташкилотида эса ҳарбийларнинг фарзандлари таълим-тарбия олади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер