Ҳаракатда барака бор
Ҳеч кимнинг тақдири азалига камбағаллик қисмати битилмайди. Бинобарин, “Сендан ҳаракат — мендан барокат”, деган ҳикматда ҳам ҳар бир инсонни ўз ҳаётини гўзаллаштириш, турмушини фаровон қилишга даъват мужассам. Албатта, бунда жамиятнинг камбағалликка муносабати, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган фуқароларни ижтимоий-иқтисодий тангликдан олиб чиқишга бўлган рағбати ҳам алоҳида ўрин тутади.
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш Президентимиз томонидан миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларидан бири сифатида танланиб, турли ижтимоий тадбирлар билан бир қаторда жамиятда ўзи истаса-да, оиласи фаровонлигини таъминлай олмаётган кишиларга кўмаклашиш зарурлиги кечиктириб бўлмас вазифа сифатида белгиланди. Зотан, жамиятда камбағаллик муаммоси мавжуд экан, давлатнинг стратегик мақсадларга эришиши мушкуллигича қолаверади. Боиси, камбағаллик мамлакатда бюджет тақчиллиги, таълим ва тиббий хизмат сифати пастлиги, жамиятда боқимандалик кайфиятининг ортиши билан асоратлидир.
Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва республика нуронийларининг яқинда қабул қилинган Мурожаатида камбағаллик биргина шахснинг муаммоси эмас, балки халқнинг, жамиятнинг камчилиги, хатоси ва эътиборсизлиги ҳамда лоқайдлиги оқибати эканлигига урғу берилиб, уни бартараф этишда барча кучлар бирлашиб, бор имкониятлар сафарбар этилишига даъват қилинган.
Албатта, бу биз, тадбиркорлар олдига ҳам камбағаллик гирдобига тушиб қолган юртдошларимиз, уларнинг оила аъзолари, айниқса, фарзандларига муносабатларимизни ўзгартириш, биродарларимиз каби ғамхўрлик қилиш, таълим олишларига кўмаклашиш, интилишларини рағбатлантириш, шуурида жамият тараққиётига дахлдорлик ҳиссини улғайтириш вазифасини қўяди.
Табиийки, бу бир-икки кунлик иш эмас, бироқ натижалари нафақат уларнинг, балки ўз ҳаётимизда ҳам тезда кўзга ташланади. Энг аввало, жамиятда маънавий камбағаллик барҳам топади, ўзаро бирдамлик мустаҳкамланади. Иқтисодиёт ҳам, ижтимоий соҳа ҳам барқарор ривожланади. Бундан кўриниб турибдики, камбағалликни қисқартиришга ҳар бир юртдошимиз ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бу эзгу йўлда қайси касбу кор эгаси, қайси миллат ва элат фарзанди бўлмасин, ҳеч ким четда қолмаслигига ишонамиз.
Иброҳим ФАЙЗИЕВ,
“Navpromlitmash” МЧЖ таъсисчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг