Ҳар бир ўқувчининг ўз дарахти бор
Фото: “Халқ сўзи”
Бир ниҳолни улғайтириб, дарахтга айлантириш осон иш эмас. Бунинг учун унга йиллар давомида парвариш, қаров, эътибор зарур.

Миришкор туманидаги 40-мактаб ҳовлисидаги ниҳолларнинг бари бирдек ривожланиб, бўй чўзиб бораётганининг боиси эса ҳар бир дарахтнинг ўз эгаси борлиги туфайли экан.

— Икки йил аввал ушбу ниҳолларни экиб, ҳар бирини биттадан юқори синф ўқувчисига бириктириб берган эдик, — дейди мактаб директори Абдулла Ҳамраев. – Ўқувчиларни қизиқтириш учун уларнинг исм фамилиясини махсус қоғозчага ёзиб, ўз дарахтига осиб қўйганмиз. Аслида биз буни шунчаки ўқувчиларимизда табиатга, дарахтларга меҳр уйғотиш учун қилгандик. Улар эса ўз дарахтларига кутганимиздан ҳам кўпроқ меҳр беришмоқда. Ҳатто ҳар куни ўз дарахтининг ёнига бориб, унинг ривожланишини кузатадиган, дарахтни қандай парваришлаш бўйича тажрибали боғбонлардан маслаҳат сўраб келадиган ўқувчиларимиз ҳам кўп.
Таъкидлаш жоиз, мазкур мактаб 2020 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, бугунги кунда 116 нафар ўқувчига 21 нафар педагог таълим ва тарбия бериб келмоқда. Мактабнинг умумий майдони 3,9 гектарни ташкил этади. Шундан 0,7 гектарга яқин қисми ободонлаштириш ҳудуди ҳисобланади. Мактаб жамоаси ушбу майдондан унумли фойдаланиш мақсадида у ерга мевали, манзарали дарахтлар ва озиқ-овқат экинларини шу қадар тартиб билан экиб парваришламоқдаки, кишининг кўриб кўзи қувонади.

— Ҳовлига 206 дона дарахт экканмиз, — дейди Абдулла Ҳамраев. Уларнинг 182 таси мевали, қолгани манзарали дарахтлар. Дарахт ораларига эса ҳар йили озиқ-овқат экинларини алмашлаб экамиз. Масалан, баҳорда картошка, помидор ва шу каби маҳсулотларни эккан бўлсак, уларнинг ҳосилини олгач ўрнига исмалоқ, шивит, саримсоқпиёз, турп, шолғом, редиска каби турли тўқсонбости сабзавот ва кўкатларни экдик. Айни пайтда барча экинларимиз баравж ривожланмоқда. Экинларни қоровул, хўжалик ходими ҳамда ўқитувчилар парваришлашади. Шу боис ҳосилни ҳам аввало уларнинг ўзлари тақсимлайди. Бир қисмини ўқитувчилар олади, кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига берилади, қолгани эса мактаб жамғармасига топширилади.

Абдулла Ҳамраевнинг айтишича, шу йўл билан мактаб жамғармасига анча-мунча даромад келмоқда. Бу пул асосан турли байрамларда фаол қатнашган ўқувчиларга рағбатлантирувчи совғалар олиш учун ишлатилар экан. Шунингдек, жамғарма маблағлари ҳисобидан ўқув йили давомида энг фаол бўлган аълочи ўқувчиларга бир марталик стипендия ҳам жорий этилибди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг