Ҳалол касб, ҳунаридан эъзоз топган муаллим

14:00 14 Ноябрь 2024 Жамият
175 0

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Дилшод Тожиқулов Ширин шаҳрининг Нуробод маҳалласидаги 4-мактабда физика-математика фанидан дарс беради. Мактаб уйига яқин. Ёш бўлишига қарамай, кўплаб шогирдлари аниқ фанлар бўйича юртимиздаги энг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда.

Интернет ким учундир шунчаки ахборот алмашинуви, кимгадир илҳом манбаи. Дилшод ҳар бир дақиқа қадрини билади. Пандемия даврида барча таълим муассасаларидаги ўқиш бир неча ой онлайнга ўтказилди. Ёш ўқитувчи ҳар куни телефон орқали талабаларга сабоқ беради. Бўш вақтида асаларичилик билан шуғулланиш истаги туғилади. Ижтимоий тармоқлардан соҳага оид кўплаб қўлланмаларни ўқиб ўрганади. Дастлаб тадбиркорлик фаолиятини 3 та асалари оиласи билан бошлайди. Иш жараёнида қандай қийинчиликка дуч келса, дарров интернетдан ечим ахтаради.

Нуробод бундан 25 йилча илгари Ширин шаҳрининг маъмурий ҳудудига қўшилган. Унгача мазкур маҳалла Ховос тумани тасарруфидаги қишлоқ эди. Атрофида фермер хўжаликларининг далалари, боғлари кўп. Шундан Дилшод ўз уйида асалари боқиш билан шуғулланади.

Эътиборлиси, асаларичиликни бошлагач, кўп фермерлар Дилшод Тожиқуловга асалари оилаларини дала-ю боғларига жойлашни таклиф қилади. Чунки асалари деҳқоннинг яқин ёрдамчиси. Бир неча йилдирки, фермерларнинг экинлари, дарахтлари гуллашга кирган заҳоти Дилшоднинг асаларилари уча бошлайди. Гулларни ҳосил тугунчаларига айлантиришда беминнат хизмат қилади. Асалариларнинг гуллардан нектар олиш баробарида уларни чанглатиши натижасида ҳосилдорлик 20-30 фоиз ошиши исботланган. Асаларилар уяларидан 3-5 километр радиусда нектар йиғади. Бутун Нуробод маҳалласидаги мевали дарахтларнинг гули тўлиқ мевага айланмоқда. Маҳалла аҳли ҳам асаларичи йигитдан миннатдор.

— Айни пайтда асалари уяси 200 тага етди. Шундан 50 таси асал беряпти. Қолгани янги оилалар ҳисобланади, — дейди биз билан суҳбатда тадбиркор ўқитувчи. — Ҳар бир оила 40 килограммдан 50 килограммгача асал йиғади. Асалдан ташқари гул чанги, она асалари сути каби 10 яқин маҳсулотларни турли идишларга жойлаб, сотувга чиқаряпмиз. Уларнинг барчаси шифобахш. Асалари оилалари ва зотдор она асаларини етиштириб сотишни ҳам йўлга қўйганмиз. Даромад ҳам ҳавас қилгулик.

Атиги 3 оила асалари уяси олишдан бошланган тадбиркорлик бугун Дилшод Тожиқулов хонадонини меҳнатсевар оила сифатида элга танитди. Мактабдаги фидойилиги туфайли моҳир педагог деган юксак эътирофларга ҳам сазовор бўлмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?