Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак

17:49 13 Август 2022 Маданият
1869 0

Ўзбекистон халқ шоири, драматург ва носир Усмон Азим бугун табаррук 72 ёшга тўлди. Атоқли ижодкорнинг ўнлаб шеърий ва насрий асарлари адабиёт ихлосмандлари томонидан қўлма-қўл ўқиб келинмоқда. У яратган ўнлаб тўпламларга кирган шеърлар, достонлар ёрқин туйғуларга, ўзига хос ташбеҳ ва истиораларга бойлиги, жўшқин ва жозибадорлиги, даъваткорлиги, бахшиёна руҳи, гоҳ ғамгин, гоҳ беғубор эркаловчи оҳанглари билан китобхон қалбидан чуқур жой олади.

Усмон Азимнинг шеърлари француз, немис, инглиз, поляк, эстон, грузин, македон, литва, турк, тожик, рус, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларга таржима қилинган.

Қуйида шоир ижодидан намуналар туҳфа этамиз.

***

Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида,

Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ.

Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…

Замин — тилсим, осмон — тилсим… шеър — бешафқат!

Мен қийналдим. Хаёлимнинг қанотида

Денгизларни кўтарганча толиб учдим.

Юлдузларни кўп кўрганман ҳаётимда,

Денгиздаги юлдузларни келди қучгим.

Кўкка боқдим, ўт туташди жоним аро…

Қат-қат булут қатларида не сир-асрор!

Ҳайрат ичра ўлдиргуси мени само,

Она замин, уча қолай, қўйиб юбор!

Мен ёр дедим… Лайлими ё, Ширинми ё!

Ёки энди туғилажак бирор малак?

Мана мен, деб кўз олдимда бўлди пайдо,

Мана мен, деб шеърдан боқди якто юрак.

Юлдузларни ўчирмоқда гулгун шафақ,

Тонг титрайди кеч кузакнинг қучоғида.

Шеър ёзилар… Қийноқ, сенга бўлсин шараф,

Жоним, қалбим шеъриятнинг пичоғида…

Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак.

Фақат бекор билиб ором қучоғини —

Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак,

Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!

***

(«Бахшиёна» туркумидан)

Карвон кўрдим, туялари бўзлаб борар,

Нортуяда менинг ёрим музлаб борар.

Менга берган ваъдалари эсдан чиқиб,

Остонаси тилло юртни излаб борар.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,

Жоним чиқар — қўшиқ айтсам, қайрилма, ёр!

Ойтуман ёр кетиб борар карвон билан,

Оғринма, дил, мард қолади армон билан.

Мол-дунёнинг измин тутиб кетаверсин,

Мен қолайин юрак деган сарбон билан.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,

Жоним чиқар — қўшиқ айтсам, қайрилма, ёр!

Ойтуман ёр, тумандайин сузиб кетдинг,

Юрагимнинг қалъасини бузиб кетдинг.

Парчалансам — мени қўшиқ йиғиштирар,

Сен қўшиқсиз қолдинг, гулим — тўзиб кетдинг.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,

Жоним чиқар — қўшиқ айтсам, қайрилма, ёр!

Карвон йўли кетгунича қизғалдоқзор,

Йиғламагин, йиғлагандан дунё безор.

Кулиб-кулиб, қувнаб-қувнаб кетавергин,

Ғамга ўзим харидорман, ўзим бозор.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,

Жоним чиқар — қўшиқ айтсам, қайрилма, ёр!

Қорли тоғдан наридадир ўзга диёр,

Ўзга юртда келин бўлиб қолишинг бор.

Ўзга юртда ўз юртингни эслаб тургин,

Менга эмас, тупроғингга бўл интизор.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,

Жоним чиқар — қўшиқ айтсам, қайрилма, ёр!

Менчи? Менга гоҳ шодлик, гоҳ алам тўлар,

Ҳар сатримга кулгум тўлар, нолам тўлар.

Бу оламку, маним кўнглим ярим этди,

Ярми билан куйласам ҳам олам тўлар.

Пешонангнинг ёздиғидан айрилма, ёр,

Жоним чиқар — қўшиқ айтсам, қайрилма, ёр!

Усмон АЗИМ,

Ўзбекистон халқ шоири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер