Гулларга бурканган санъат мактаби

20:17 09 Октябр 2023 Жамият
667 0

Фото: “Халқ сўзи”

Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати ёнидаги йўлдан ўтаётганлар автомобилини атай тўхтатиб, айни куз ойида худди баҳордагидай яшнаб, атрофга фусункорлик бахш этиб турган гўзал манзарани томоша қиладиганлар жуда кўп. Айниқса, кексаю ёш шу гулзорлар ичида суратга тушишни яхши кўришади.

Фото: “Халқ сўзи”

— Умумий майдонимиз 2 гектар атрофида, — дейди мактаб-интернат директори, “Шуҳрат” медали соҳиби, таниқли миниатюрачи мусаввир Баҳодир Бобоназаров. — Шундан 1 гектарини бинолар эгаллаган бўлса, қолганини гулзор ва боғ қилганмиз.

Фото: “Халқ сўзи”

Яшиллик яратиш ҳам таълим муассасаси номига уйғун бўлган. Яъни санъат даражасидаги ландшафт ҳосил қилинган. Масалан, ўртада қизил гуллар, ҳошиясида эса олтинранг чечаклар... Бундан бир неча йил олдин, мактаб остонасида гилам мисоли сариқ гуллар пайдо бўлган ва у кўпчиликнинг эътиборини тортган эди. Хризантемалар турига кирувчи ушбу чечакни мактаб директори бир хонадонда кўриб қолади ва 50 тача кўчатини олади. Эътиборлиси, ушбу гулнинг бир тупидан ўнлаб кўчатларни ажратиб олиш мумкин. Айни хусусияти туфайли бугун сариқ хризантемалар мактаб ҳовлисини гулшанга айлантиргани билан бирга Гулистон шаҳри ва узоқ-яқин манзилларга ҳам тарқалди.

Фото: “Халқ сўзи”

Мактаб боғбони Аъзам Ғофуровдан “Неча хил гулларингиз бор?”, деб сўрасангиз, саноғида адашади. Боиси, уларнинг тури кўп. Боғда ҳам ўнлаб номдаги дарахтлар ўсмоқда.

— Табиат — тасвирий санъат учун энг асосий манба, — дейди мактаб-интернатнинг дастгоҳли ранг-тасвир ва миниатюра фани ўқитувчиси, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Ҳусан Тошбоев, — Демоқчиманки, ўқувчи ижодкорларимиз учун мактабимизнинг ўзида ана шундай табиий шароит яратилган. Яъни мактабимиз боғи ва гулзорлари уларнинг амалий машғулотлари учун ҳам хизмат қилмоқда.

Фото: “Халқ сўзи”

Бинобарин, яшил бойлик ҳар жиҳатдан фойдали. Уни яратишга эса фақат тегишли ташкилотлар эмас, ҳар бир киши, ҳар бир хонадон ва албатта, ҳар бир муассаса жамоаси ўзларини дахлдор деб билса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шу ўринда “Яшил макон” дастури доирасида “Энг яхши боғ яратган муассаса”, “Энг яхши гулзор яратган ташкилот”, “Энг кўп яшиллик яратган маҳалла ” “Энг яхши яшил хонадон”, “Энг яхши офис боғбони” ва бошқа шу сингари номинациялар бўйича танловлар ташкил қилиниши ҳам юртимиз шаҳару қишлоқлари, маҳалла ва кўчаларининг янада боғу гулзорларга бурканишида муҳим омил бўлар эди. Ўйлаймизки, ушбу таклиф мутасадди идоралар томонидан ўрганилиб, амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Фото: “Халқ сўзи”

Эътироф этиш лозимки, чаман-чаман гулзорли, боғу роғли Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатини бу йил битирган ўқувчиларнинг 92 фоизи олий таълим йўналишлари бўйича талаба бўлгани замирида ҳам ободлик ва орасталик каби улуғ туйғулар мужассам десак, сира муболаға бўлмайди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер