Фориш узумзорларининг шуҳрати тикланмоқда

16:33 13 Декабрь 2024 Жамият
368 0

Саид Донишев/«Халқ сўзи». Фориш деганда кўз ўнгимизга қора кишмиш, асалдек сояки майизлар келади. Яна оқ кишмиш, ҳусайни, тоифи... Бу узумларнинг таъми ва мазаси нафақат мамлакатимизда, балки қўшни республикаларда ҳам машҳур.

Давлатимиз раҳбарининг Жиззах вилоятидаги 4 та туманда боғдорчиликни ривожлантириш бўйича топшириқлари асосида Фориш туманида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳудуднинг Эгизбулоқ ва Оқтом маҳаллаларида узоқ йиллар бўш турган унумсиз 100 гектар майдон тадбиркорларга берилди. Тижорат банки кўмагида катта майдон ўрнида йирик узум плантацияси барпо қилинмоқда. Бу лойиҳа юзлаб аҳолини иш билан таъминлаш билан бирга, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади. Айни пайтда узум кўчатларини экиш ва томчилатиб суғориш ишлари олиб борилмоқда.

— Фориш туманининг узумчиликка ихтисослашувининг ўзига хос сабаби бор, — дейди агроном Намоз Қамбаров. — Бу ерда доим шамол эсиб туриши натижасида узумларни касалликка чалиниш бошқа ҳудудларга қараганда 2-3 баробар кам. Бир марта дорилаш билан кўзланган ҳосилни олиш мумкин. Эгизбулоқ ва Оқтом қишлоқларида истиқомат қилувчи 9 минг аҳолининг камида 350-400 нафарини иш билан таъминлашга эришилади. Асосан кам таъминланган, ишсиз аҳолига 1 гектар, 50 сотихдан ер майдонлари берилди. Келгусида шу узумзорлар ёнида майиз қуритадиган цех ташкил қилиб, маҳсулотларимизни хорижга экспорт қилиш ниятимиз бор.

Айни пайтда узумзорларда иш қизғин. Яқин беш йилда кўчатлар тўлиқ ҳосилга кириб, ҳар гектаридан ўртача 1 ярим минг тоннадан ортиқ узум олиш имконияти яратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер