Фарғонанинг ноёб қушлари
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятининг табиати гўзал, қушлар олами ҳам ноёб ва бетакрор. Бедана, каклик, қумри, тоғ ғурраги, ёввойилашган хонаки каптар ва бошқа турдаги каптарлар кўп учрайди. Баъзан вилоятнинг асл ҳолича сақланаётган табиат ёдгорликлари ва пурвиқор тоғларида булбул, тўтиқушларнинг ноёб турларига дуч келиш мумкин. Ҳозир қушсеварлар ўз хонадонларида кўплаб турдаги тўтиқушлар, каптарларни боқишади. Уй шароитида бедана боқиш ҳам авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъана ҳисобланади.

— Вилоятда ноёб, ўрнини тўлдириб бўлмайдиган, экологик, илмий, маданий ва эстетик жиҳатдан қимматли табиий объектлари бўлган 3 та ҳудуд давлат табиат ёдгорликлари сирасига киритилган, — дейди Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мутахассиси Нодирбек Эҳсонов.— Булар Ёзёвон чўллари, Олтиариқдаги Зилха қумликлари ҳамда Қува туманида жойлашган Акбаробод давлат табиат ёдгорлигидир.

Мисол учун, Фарғона давлат ўрмон хўжалиги тасарруфидаги Ёзёвон чўллари давлат табиат ёдгорлиги умумий ер майдони 1471,5 гектарни ташкил этади. Бу ерда ноёб дарахтларнинг 5 тури, буталарнинг 24 тури ҳамда бир ва кўп йиллик ўсимликларнинг 165 тури ўсади. Табиат масканини ноёб қушлар ҳам ўзига макон этган. Бу ўзига хос қумли чўл ландшафтида 40 хилдан ортиқ ёввойи ҳайвонлар ҳам яшайди. Уларнинг орасида йўқолиб кетиш хавфи остида тургани учун республика «Қизил китоби»га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакиллари ҳам учрайди.

— Мутахассисларимиз томонидан кўп миқдорда тутиладиган ёввойи қушлар турларини рухсатнома асосида овлашга доир назорат тадбирлари мунтазам равишда олиб борилади, — дейди Н. Эҳсонов. — Ўз навбатида камёб ва йўқолиб бораётган қушлар турларини табиий яшаш муҳитидан ажратиб олишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан доимий назорат ўрнатилган.

Қува туманида 3 та ҳудуддаги 39,5 гектар майдонда жойлашган қумликларга муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми берилган. Табиат ёдгорликлари паспорти ишлаб чиқилиб, Қува туман ҳокимлиги ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан назорат қилиш белгиланган.

Бувайда тумани ҳокимининг 2003 йил 23 майдаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақомини бериш тўғрисида”ги қарорига асосан, 8,5 гектар майдондаги қумликларга муҳофаза этиладиган табиий ҳудуд мақоми берилган. Афсуски, назорат тадбирлари давомида бундай ҳудудларда қонунга хилоф равишда ов қилиш, ноёб қушлар, ҳайвонларни нобуд қилиш ҳолатлари ҳам фош этилмоқда. Ачинарлиси, бундай қушлар овчилар томонидан маълум бир пул эвазига умумий овқатланиш шохобчалари эгаларига етказиб берилади.

Фарғонанинг ноёб ва тобора камайиб бораётган қушларини авайлаб-асраш ҳар биримизнинг бурчимиз. Инсон ва табиат ўртасидаги мувозанат сақланиши, экологик барқарорлик таъминланишида бу жуда ҳам муҳимдир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг