Фарғонада «Ватанпарварлик ойлиги» тадбирлари кенг нишонланмоқда
Айни кунларда юртимизда «Ватанпарварлик ойлиги» ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 34 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида кенг қамровли тадбирлар ўтказилмоқда.
Шарқий ҳарбий округ хизматчилари томонидан Фарғона вилояти бўйлаб ташкил этилаётган ранг-баранг байрам тадбирлари иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирмоқда.
Ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, куни кеча Ёзёвон туманидаги маданият ва истироҳат боғида Шарқий ҳарбий округ ҳарбий хизматчилари билан юзма-юз учрашув ташкил этилди. Нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик жамулжам бўлган тадбирда Ватанни мадҳ этувчи қўшиқлар, ватандошлик руҳидаги мусиқалар янгради. Ҳарбийларнинг чиқишлари иштирокчилар томонидан катта олқишлар билан қарши олинди.

Шунингдек, тадбир доирасида туман марказида жойлашган Мустақиллик кўчаси бўйлаб ҳарбий хизматчиларнинг тантанали юриши бўлиб ўтди. Унда каттаю кичик фаол иштирок этиб, халқ ва армия ўртасидаги якдиллик ва бирдамликни яна бир бор намоён этдилар.
— Бундай тадбирлардан кўзланган асосий мақсад — аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини янада юксалтиришдир, — дейди Ёзёвон тумани ҳокими ўринбосари Шероз Мирзаалиев. — Учрашув давомида икки томонлама самимий мулоқот йўлга қўйилди. Ёшларда ҳарбийликка қизиқиш уйғотиш мақсадида Миллий армиямиз салоҳияти, жанговар тайёргарлик жараёнлари намойиш этилди.

Тадбир давомида ҳарбийлар иштирокида спорт мусобақалари ва миллий ўйинлар ташкил этилиб, ёшлар мардлик ва жасорат сабоқларидан баҳраманд бўлишди. Шу орқали уларга ҳарбий ҳаётни яқиндан ҳис этиш имконияти яратилди.
Айтиш жоизки, бугунги кунда Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманларида «Миллий армия — она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони» шиори остида ана шу каби маънавий-маърифий тадбирлар изчил давом этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг