Фарғонада мурожаатлар сунъий интеллект асосида назорат қилинмоқда
Фарғона шаҳрида давлат бошқаруви ва хизматлари соҳасида замонавий ҳамда инновацион ёндашувлар асосида хизмат кўрсатиш сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилмоқда.
Айни жараёнда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар жорий этилган ҳолда Фарғона шаҳрида рақамли мониторинг маркази ўз фаолиятини бошлади. Ушбу тизим орқали фуқароларнинг турли мазмундаги мурожаатлари телефон, Telegram-бот ва электрон платформалар орқали онлайн шаклда қабул қилинади. Натижада ҳар бир мурожаат таҳлилий асосда ўрганилиб, унинг ижроси қатъий назоратга олинади.
Марказга коммунал хизматлар, жумладан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова суви, иссиқлик таъминоти, чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича мурожаатларни онлайн тарзда йўллаш мумкин. Шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар, бандлик, қурилиш ва архитектура, кадастр, уй-жой масалалари, экология, фавқулодда ҳолатлар каби барча йўналишлар бўйича мурожаатлар қабул қилиниб, зудлик билан ижрога киритилади.
— Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 22 октябрда қабул қилинган «Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари Юсуфжон Юсупов. — Белгиланган вазифаларни тизимли амалга ошириш мақсадида шаҳардаги ташкилот, корхона ва муассасаларнинг мурожаатлар билан ишлашга масъул бўлимлари ягона марказий ахборотлар базасига интеграция қилинди.

Янги тизимнинг асосий афзаллиги шундаки, ҳар бир мурожаат автоматик равишда тоифаланиб, тўғридан-тўғри тегишли ташкилотдаги масъул ижрочига йўналтирилади. Ижро муддати ва сифати доимий мониторинг қилинади, бу эса такрорланувчи ҳамда тизимли муаммоларни аниқлаш имконини беради.
Мурожаатлар билан ишлаш жараёнида юзага келаётган муаммолар асосида таҳлилий таклифлар ишлаб чиқилади. Энг муҳими, ижро интизоми инсон омилисиз мониторинг қилинади. Бу эса аҳолининг куннинг исталган вақтида мурожаат йўллаши ва уларнинг тезкор ҳал этилишини таъминлайди.
Мазкур тизим сунъий интеллект соҳасидаги мутахассислар салоҳиятини ошириш, хизматлар кўламини кенгайтириш, ахборот тизимларини интеграция қилиш ҳамда ижтимоий ва коммунал соҳалар фаолиятини ўзаро мувофиқлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг