Фарғонада кунига ўртача 150 тонна хурмо экспорт қилинмоқда

14:32 04 Ноябрь 2024 Жамият
259 0

Ботир МАДИЁРОВ/“Халқ сўзи”. Мева ва сабзавотлар етиштириш ҳамда экспорт қилишда Фарғона мамлакатимизда етакчи вилоятлар сирасига киради. Бугунги кунда вилоятда узум, беҳи, олма ва хурмо экспорти жадал давом этмоқда.

Фарғона вилоятининг барча ҳудудларида хурмо етиштириш борасида ўзига хос тажриба шаклланган. Айниқса, Учкўприк, Ўзбекистон, Фарғона ва Тошлоқ тумани ҳамда Қувасой шаҳрида хурмодан ҳар йили мўл ҳосил олинади.

2023 йили вилоятда 4 млн. 500 минг долларлик 6458 тонна хурмо Польша, Россия, Украина, Беларусь, Қирғизистон ва Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинган эди. Бу йилги мақсад янада улкан.

Фарғона вилояти божхона бошқармасидан маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда умумий қиймати 8,5 млн. долларга тенг 13 минг 126 тонна хурмо экспортга жўнатилган. “Водий” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг Олтиариқ туманидаги “Экспортга кўмаклашиш маркази”да кунига ўртача 700 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга расмийлаштирилаётган бўлса, шундан ўртача 150 тонна қисмини хурмо ташкил этмоқда.

Айни жараёнда Божхона қўмитаси томонидан амалиётга жорий этилган “экспорт уч қадам” дастури орқали “даладан экспортга” тамойили асосида бундай маҳсулотлар тўғридан-тўғри чегара божхона постларида расмийлаштирилаётгани тадбиркорлар учун жуда қулай бўлмоқда. Ҳозирга қадар вилоятда 2700 тоннадан зиёд хурмо чегара божхона постида соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилиши таъминланди.

Бу тадбиркорлар вақтини тежаш, маҳсулотни ўз вақтида ҳамда сифати бузилмаган ҳолда кўзланган манзилга етиб боришида муҳим аҳамиятга эга.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер