Фарғонада дўстлик форуми
Шу йилнинг 29-31 март кунлари Фарғона вилоятида «Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон Дўстлик форуми» бўлиб ўтмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, кейинги йилларда яхши анъанага айланиб улгурган бундай форумлардан кўзланган асосий мақсад – халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Ўз навбатида қардош халқларнинг бу каби самимий мулоқоти ўзаро ҳамжиҳатликни яхшилаш, маданий-маърифий соҳадаги алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ишонч ва самарали ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда мазкур тадбирларнинг аҳамияти беқиёс, албатта.
Дастлаб Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжондан ташриф буюрган фестиваль қатнашчилари «Фарғона» халқаро аэропорти ҳамда Марғилон темир йўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди. Шарқона қадриятларга кўра, иштирокчиларга меҳмондўстлик анъаналари ва қадриятларимизга хос ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
— Бу каби юзма-юз учрашувлар Марказий Осиё халқлари бир тану бир жон бўлиб, муштарак мақсадлар йўлидаги орзуларимиз ижобат бўлишини таъминламоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси қирғиз миллий маданий маркази раиси Раҳматилла Жабборов. — Давлатларимиз раҳбарлари ташаббуси ва сиёсий иродаси туфайли кейинги йилларда чегаралар очилгани ҳамда ҳамжиҳатлик туйғулари яхшиланиб бораётгани бу борадаги интилишларимизга янада куч-қувват бахш этаётгани эътиборга молик.
Форум тадбирлари доирасида Фарғона шаҳридаги Қиргули мавзесида жойлашган «Дўстлик уйи» рўпарасидаги файзли хиёбонда концерт дастури ташкил этилди. Унда қадрдон ва мумтоз куй-қўшиқлар, эстрада оҳанглари, қардош халқларнинг севимли тароналари жаранг сочиб, барчани шодон даврага чорлади.
— Бугун туркий халқлар тобора аҳил-иноқ бўлиб бораётган даврда яшаяпмиз. Шу боис биз қанчалик бирлашсак, ҳамжиҳат бўлсак, кучимизни бир жойга жамласак – улкан қудрат пайдо бўлади, — дейди Озарбайжон Республикасининг Диаспора бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Валех Гаджиев. — Анчадан буён юртингизда бўлмаган эдим, янгиланиш ва ўзгаришлар жуда катта. Бундан беҳад қувондим.
Мусиқий дастурда ҳам ана шундай бунёдкорлик ва яратувчанлик, инсоний фазилатлар ва эзгу қадриятлар тараннум этилиб, мамлакатларимизда тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлиши учун энг яхши тилаклар билдирилди. Эзгу ниятларимиз ижобат бўлиб, қадрдон диёрларимизда файз-барака бўлаверсин!
Маълумки, ўтган йилнинг 31 март санасида уч мамлакат – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида «Дўстлик стелласи» тантанали равишда очилган эди. Бугун тадбир қатнашчилари Ўзбекистон туманида жойлашган ушбу мажмуада бўлиб, унинг пойига анвойи гуллар қўйишди.
Шу муносабат билан ўтказилган учрашувда мезбонлар билан бирга, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжондан келган илм-фан намояндалари, миллий парламентлар аъзолари, хорижий ҳамкор ташкилотлар вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказлар, дўстлик жамиятлари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Айни пайтда вилоят бўйлаб Дўстлик форуми тадбирлари давом этмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг