Фахрийлар меҳнатининг муносиб эътирофи
Пойтахтимиздаги Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши қарори билан мамлакатимиз тараққиёти, юрт равнақи, жамиятимиз ривожи йўлида фаол меҳнат қилаётган, бугунги кунда ҳам жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этиб, ибрат бўлаётган ёши улуғ юртдошларимизга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев, жамғарма бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром, уларнинг саломатлигини асраш, ҳаётини мазмунли ўтказиш борасида ғамхўрликлар давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини таъкидлади.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг тегишли Фармони ва қарори асосида ҳар йили “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши томонидан узоқ ва самарали меҳнат қилган, эл-юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиз “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирлаб келинмоқда.
Жорий йилда ҳам турли соҳа вакиллари, шу жумладан, профессор-ўқитувчилар, олимлар, тиббиёт, халқ таълими, қишлоқ хўжалиги, маданият ва санъат соҳалари вакилларидан бир гуруҳи “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тантанали тақдирлаш маросимида жамиятимизнинг фаол фахрийлари — олимлар, академиклар, илм-фан, адабиёт, маданият, спорт, санъат, соғлиқни сақлаш, халқ хўжалиги соҳалари фидойилари, шунингдек, Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фахрийларига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони топширилди.

“Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган Тошкент Педиатрия тиббиёт институти академик лицейи директори Ортиқбой Ишанқулов мамлакатимизда юз нафардан зиёд иқтидорли ёшларнинг фан олимпиадаларида фаол қатнашиб, олтин, кумуш, бронза медалларига сазовор бўлиши, эллик нафардан ортиқ ёшнинг диплом ва сертификат билан тақдирланишига муносиб ҳисса қўшган.
— Президентимизнинг биз, нуронийларга кўрсатаётган улкан эътиборидан ғоят мамнунмиз, — деди О. Ишанқулов. — Бундай савобли юмушлар бизларни ёшлар таълим-тарбиясига янада кўпроқ масъулият билан ёндашишга чорлайди.
Тантанали тадбирда санъат усталари иштирокида катта концерт дастури намойиш этилди.
Моҳинур КОМИЛОВА,
“Нуроний” жамғармаси матбуот котиби.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг