Эзгулик-ла боқсин кўзлар дунёга

10:03 29 Апрель 2025 Сиёсат
197 0

Ўзбекистон янги халқаро ташаббуслар марказига айланмоқда

Бугун олам кўз ўнгимизда трансформация жараёнларини бошдан кечирмоқда. Уларнинг кўлами ва қамрови шу қадарки, фақат дунё тартиботи ўзгарган даврлар билан қиёслаш мумкин. Аввалги “ўйин қоидалари” ўтмишда қолмоқда. Янгилари эса эндигина шаклланяпти ва давлатларни ноаниқ шароитларда иш юритишга мажбур қилмоқда. Глобал иқтисодиёт тебраниб турибди, жаҳон сиёсий харитасида янгидан-янги “қайноқ нуқта”лар пайдо бўляпти. Халқаро муносабатлар эса мувозанатда бўлса-да, арзимаган нотўғри ҳаракат бутун бошли минтақалар ҳаётининг издан чиқишига олиб келадиган даражада ўта беқарор ҳолатда.

Бу ўзгаришларнинг қанчалик сезилаётганини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг яқинда бўлиб ўтган ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада кенгайтириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида айтган сўзларидан ҳам англаш мумкин. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жаҳон иқтисодиётида фавқулодда вазият кузатилмоқда, уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорларида 10 триллион доллар маблағ йўқотилди. “Бу тебранишлар бизга таъсир қилмайди, деб ўйлаганлар адашади”, деди Президент. Бу сўзлар нафақат огоҳлантириш, балки сиёсий вазифа ҳамдир: Ўзбекистон дунёда юз бераётган ҳодисаларга фақат некбинлик билан эмас, совуққон ҳушёрлик билан ҳам назар солади.

Вазият Европадан Яқин Шарққача, Жанубий Осиёдан Африкагача бўлган улкан ҳудудда давом этиб келаётган ва бирдан лов этиб ёниб кетиши мумкин бўлган зиддиятлар туфайли янада мураккаблашмоқда. Янги танглик ўчоқлари, жумладан, чегараларимиздан унчалик узоқ бўлмаганлари, бизга бетарафлик ва барқарорлик абадий эмаслигини эслатиб турибди. Сарҳадларни мустаҳкамлаш ва муҳофаза қилиш лозим.

Ҳамма эшитаётган овоз

Бугунги глобал ноаниқлик шароитида Шавкат Мирзиёев президентлигининг илк йилларидан олиб бораётган ташқи сиёсат стратегиясининг аҳамияти, айниқса, яққол намоён бўлмоқда. Бу ерда сўз, энг аввало, Марказий Осиёнинг минтақавий интеграциялашуви Қояси ҳақида бормоқда. Бу баландпарвоз формула эмас, балки коллектив барқарорлик, хавфсизлик ва тараққиётнинг амалий воситасидир.

Минтақа давлатларининг ўзаро яқинлашуви бўйича қадамлар жуда эҳтиёткорлик билан қўйилди. Бироқ бундай вазминлик ортида узоқни кўзлаб чуқур ўйланган сиёсат ётарди. Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё қарама-қаршиликлар уммонидаги “барқарорлик оролчаси” мақомини сақлаб қолмоқчи экан, у ҳеч бўлмаганда барча эшитиши керак бўлган умумий овозга эга бўлиши кераклигини яхши англаган эди.

Ва бу овоз эшитилди.

Бугунги кунда биз минтақанинг янги субъект сифатида шакллангани ҳақида айта оламиз. Марказий Осиё энди аввалгидек кимнингдир таъсири остида бўлган чекка ўлка, буюк давлатлар ўртасидаги “буфер” эмас. У — мустақил, жипслашган ташқи сиёсат актори. Унинг нуфузи нафақат жуғрофияси (Марказий Осиё мамлакатлари жами 4 миллион квадрат километр майдонни эгаллаб, ҳудуд жиҳатдан дунёда 7-ўринда туради) ва демографияси (аҳолиси 80 миллион киши атрофида, бу эса — дунё бўйича биринчи йигирматаликка киради, дегани), балки дунё давлатлари, хусусан, глобал ўйинчилар билан шакллантираётган муносабатларининг сифати билан ҳам белгиланади.

“Марказий Осиё плюс” форматидаги учрашувлар бунинг яққол исботи бўлди: кучли стратегик иродага эга бўлган, ўз манфаатлари ва уларга эришиш йўлларини яхши англаган минтақалар билан тенглик асосида мулоқотлар йўлга қўйилди. Тошкент томонидан илгари сурилган ташаббусни минтақа давлатлари қўллаб-қувватлади ва бугун унинг самарасини инкор этиб бўлмайди.

“Марказий Осиё плюс” форматидаги учрашувни биринчи бўлиб Ҳиндистон 2022 йил 27 январда ўтказди. Кейин — Россия (саммит Остонада 2022 йил октябрда бўлиб ўтди) ва Хитой (Сиань шаҳрида 2023 йил 19 майда). Шундан сўнг бу жараёнга Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши (Жидда, 2023 йил 19 июль), АҚШ (Нью-Йорк, 2023 йил 19 сентябрь), Германия (Берлин, 2023 йил 29 сентябрь) ва Европа Иттифоқи (Самарқанд, 2025 йил 4 апрель) қўшилди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, Марказий Осиё — ЕИ саммитининг айнан Ўзбекистонда ўтказилиши рамзий маънога эга. Тарихий тамаддунлар чорраҳаси бўлмиш Самарқанд тенг ҳуқуқли, прагматик ва натижага йўналтирилган янги турдаги дипломатия саҳнасига айланмоқда. Ўзбекистон Президенти Самарқанд саммитида айтиб ўтганидек, Буюк Ипак йўлининг асосий йўналишлари чорраҳасида жойлашган ушбу шонли шаҳар цивилизациялар мулоқоти ҳамда Шарқ ва Ғарб ўртасидаги дипломатия, савдо ва маданий алмашувларнинг муҳим маркази бўлган.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, минтақа мамлакатлари ўртасида ишонч ва яхши қўшничилик мустаҳкамланаётир, кенг кўламли ҳамкорлик ва кооперация алоқалари кенгаймоқда. Марказий Осиёнинг очиқлиги ва барча шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр экани минтақада хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашнинг энг муҳим шартига айланди.

Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен саммитда нутқ сўзлар экан, Самарқанднинг тарихий ролини таъкидлаб, у кўп асрлар давомида Марказий Осиёнинг уриб турган юраги, улкан савдо йўлининг маркази бўлиб келганини, бу қадимий шаҳар янги ҳамкорлик ва дўстона келишувларга ҳам гувоҳ бўлганини айтди.

— Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги биринчи саммитда иштирок этиш — бу бизнинг узоқ муддатли дўстлигимизда янги саҳифа очиш имкониятидир, — деди у. — Янги глобал тўсиқлар пайдо бўлмоқда. Аммо биз Марказий Осиёда бошқа йўл борлигини кўрсатмоқдамиз. Марказий Осиё фахрли, суверен давлатлар минтақаси бўлиб, кўҳна тарих ва катта мақсадларга эга. Минтақадаги стратегик жойлашув глобал савдо йўллари ва инвестициялар оқимини очиши мумкин. Ва бу янги инвестициялар суверенитетни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Булар сизнинг иқтисодиётингизни мустаҳкамлайди. Ва энг муҳими, улар янги дўстликка туртки бўлади, одамларни бирлаштиради. Биз европаликлар бу янги бобда сизнинг минг йиллик тарихингиздаги ҳамкорларингиз бўлишни хоҳлаймиз.

Илгари бўлиб ўтган олий даражадаги саммитларни санаганда, айримлари режалаштирилган, аммо ҳеч кимга боғлиқ бўлмаган ҳолда ўтказилмай қолганини ҳам эслаб ўтиш керак. Япония, Жанубий Корея раҳбарлари билан, ўтган дам олиш кунларида эса Италия раҳбари билан учрашувлар бўлиши керак эди. Бу ҳам бир кўрсаткич. Негаки, шу ташаббуслар ортидаги мақсад ва ниятлар ўз кучида қолди. Японияда, нуфузли “Nikkei” газетасида қайд этилганидек, Марказий Осиёни, шу жумладан, Ўзбекистонни янги иқтисодий имкониятлар очиб берувчи стратегик жиҳатдан муҳим минтақа, деб ҳисоблашади.

Нашрда Япония ҳукуматининг Марказий Осиё билан муносабатларни фаоллаштиришга тайёр экани таъкидланади. Унда эслатилишича, 2024 йилга режалаштирилган “Марказий Осиё — Япония” биринчи саммити Японияда кучли зилзила юз бериш хавфи сабабли собиқ Премьер-министр Фумио Кишида томонидан қолдирилган экан.

Газетадаги маълумотларга кўра ҳукумат янги раҳбари Шигеру Ишиба маъмурияти бу ташаббусни ҳамда Япониянинг минтақадаги иштирокини кучайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда.

“Марказий Осиёда, айниқса, Ўзбекистонда кейинги пайтда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Япониянинг сиёсий доираларида Марказий Осиёни стратегик жиҳатдан муҳим минтақа, деб ҳисоблаш тенденцияси кузатилмоқда”, деб ёзади “Nikkei” газетаси мухбири.

Чегаралар — тўсиқ эмас, кўприклардир

Хўш, Марказий Осиёга ва бизнинг мамлакатимизга бўлган қизиқиш асосида нима ётади? Энг аввало — минтақанинг сиёсий жиҳатдан етуклиги, мулоқот ва ислоҳотлар учун очиқлиги, чегара масалаларининг тартибга солингани. Бунда ҳам Ўзбекистоннинг етакчи ролини эътироф этмаслик мумкин эмас. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлатимиз ҳар бир баҳсни дипломатик йўл билан ҳал қилиш тарафдори, бунда масъулият ва оқилона ҳаракатлар намойиш этилмоқда.

31 март куни Хўжандда уюштирилган учрашув нафақат дипломатик воқеа бўлди, балки у Марказий Осиёнинг янги минтақавий архитектурасини мустаҳкамлади. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзолангани — бу собиқ иттифоқ маконидаги энг давомий ва нозик жараёнлардан бирининг тугатилганидир. Бу қарор нафақат Фарғона вилоятининг мураккаб этнографик шароитидаги тарихий кескинлик ўчоғини бартараф этди, балки ушбу минтақанинг етуклиги, ўзаро даъволардан воз кечиб, энди манфаатларнинг умумий географиясига ўтишга тайёрлигини намойиш қилди.

Ўзбекистон бу сафар ҳам минтақавий яқинлашувнинг ташаббускори бўлди. Расмий Тошкент 2016 йилдан бошлаб яхши қўшничилик муносабатларини нафақат илгари суриб келади, балки энди уларни институционал меъёрга айлантирди. Уч томонлама битимнинг имзоланиши Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистон билан илгари имзоланган стратегик шартномаларнинг мантиқий давоми бўлди. Бошқача айтганда, Марказий Осиёнинг сиёсий жиҳатдан ўзини таъминлай оладиган минтақа эканини, бу ерда хавфсизлик ва тараққиёт бўйича жиддий масалалар ташқи босим орқали эмас, балки ички келишув асосида ҳал этилишини тасдиқлади.

Ушбу воқеага халқаро ҳамжамиятнинг муносабати дунё Марказий Осиёнинг трансформация жараёнларини диққат билан кузатиб бораётганини кўрсатди. Чегара масалалари тартибга солиниши бўйича турли давлатлар томонидан берилган ижобий баҳо минтақанинг барқарорлик маконига айланганининг эътирофидир.

— Хитой Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни ҳудудий масалалар тўлиқ ҳал этилгани ва умумий чегара тўғрисидаги шартнома имзолангани билан табриклайди, — деб баёнот берди ХХР ташқи ишлар вазирининг расмий вакили Го Цзякунь.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ёзма баёнот бериб, унда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан уч давлат чегаралари кесишган жойни белгилаш ҳақидаги битим имзоланганини олқишлади.

“Биз ушбу келишув Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва ҳамкорликка хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз”, деб эътироф этди Туркиянинг ташқи сиёсат маҳкамаси вакили.

Муҳими, барча муносабатлар ягона тезисга асосланган — ҳудудий баҳсларни мулоқот орқали ва дипломатик механизмлар ёрдамида ҳал этиш Марказий Осиёдаги янгича сиёсий маданият туфайли юз берди. Шундай маданиятки, уни кўпроқ айнан Ўзбекистон шакллантирмоқда.

— Бу воқеа минтақавий ҳамкорликнинг жуда муҳим босқичини англатади. Келишмовчиликлар даврини енгиб ўтиш, чегара масалалари ҳамда Фарғона водийсида сув захираларини тақсимлаш бўйича битимга эришиш уч мамлакат ўртасида ҳамкорлик учун қулай шароит яратди, — деб эътироф этди Россия Фанлар академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти сектор мудири Станислав Притчин.

Экспертнинг фикрича, Фарғона водийсини ўзаро тақсимлаб олган Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон узоқ вақт яхши қўшни ва дўст мамлакатлар сифатида эмас, балки антагонистлардек қабул қилинган. Аммо 2016 йилдан вазият яхши томонга ўзгара бошлади. Давлат раҳбарларининг учрашуви туташ нуқта тўғрисидаги келишувни мустаҳкамлаб, чегара масалаларини ҳал этишда сўнгги аккорд бўлди.

Марказий Осиё шароитида биз нафақат чегараларни тартибга солиш ҳақида гапирамиз, балки бу — минтақавий субъектликнинг янги даражасидир. Чегараларни кесиб ўтиш жараёни соддалаштирилгани, ижтимоий ва иқтисодий алоқалар қайта тиклангани, этник ва маъмурий туташувлардаги хавф даражасининг камайиши — буларнинг ҳаммаси ўзаро муносабатларнинг янгича моделини яратади. Марказий Осиё “муаммоли” минтақа образидан чиқди, энди кўп томонлама шароитларда ўзаро ишонч модели сифатида мустаҳкамланади.

“Чегара тўсиқ эмас, балки кўприкдир” деган формула шиор эмас, балки амалиётга айланди. Ва бу, албатта, Ўзбекистоннинг минтақа келажаги учун қўшган катта ҳиссасидир.

Миллий устуворликлар ва глобал трендлар

Яқинда бўлиб ўтган яна бир муҳим воқеага тўхталмасликнинг иложи йўқ. 1889 йили асос солинган энг кўҳна халқаро ташкилот — 181 та миллий парламент ва 15 та минтақавий ассоциацияни ўзида бирлаштирган Парламентлараро Иттифоқнинг ассамблеяси илк бор бизнинг юртимизда бўлиб ўтди. Айнан Тошкент унинг 150-юбилей анжуманини қабул қилди, бу эса Ўзбекистон глобал сиёсатнинг фаол қатнашчиси сифатида тан олинганлигини англатади.

Пойтахтимизга ташриф буюрган кўплаб парламент аъзолари шу тадбирнинг ўтказилишини юксак халқ­аро ишонч, қолаверса, Ўзбекистонда кечаётган демократик трансформация жараёнларининг эътирофи сифатида баҳолашди. Саноқли йиллар ичида мамлакатимизда парламентаризмнинг мустаҳкам институционал асослари шаклланди, қонун чиқарувчи органнинг ваколатлари кенгайтирилди, парламент дипломатияси эса ташқи сиёсатнинг самарали воситасига айланди.

— Биламанки, бундай йиғилишларни ташкил этиш осон эмас. Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентидан бизни ўз мамлакатида қабул қилгани учун миннатдормиз. Шу билан бирга, Сенат Раисига барча ташкилий масалаларни пухта амалга оширгани учун ҳам раҳмат айтмоқчиман, — деди Парламентлараро Иттифоқ раиси Тулия Эксон. — Яна бир бор таъкидламоқчиманки, бундай ассамблеяга мезбонлик қилиш мамлакатнинг ПИ анъаналарига содиқлиги ва фаол иштирокини англатади. Бизнинг бу ерда бўлишимиз Ўзбекистоннинг ташкилот фаолиятига қўшган кўп йиллик ҳиссасини англатади.

Анжуман 140 га яқин мамлакатлардан келган 2 мингдан ортиқ делегатларни бир жойга тўплади ва Тошкентни ҳақиқий глобал мулоқот марказига айлантирди. Айнан шу ерда, Марказий Осиёнинг юрагида, барча қитъалардан келган парламент аъзолари диққат билан тинглаган сўзлар янгради. Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида бутун дунё учун долзарб бўлган кун тартибини аниқлаб берди. Улар келишмовчиликларни дипломатик йўл билан тартибга солишдан тортиб камбағалликка қарши курашиш, аёллар тенг ҳуқуқлиги, ёшларни сиёсий ҳаётга жалб этиш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш этикасигача бўлган масалаларни ўз ичига олади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон томонидан барча даражада илгари сурилаётган қадрият — ижтимоий адолат масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Юбилей ассамблеясининг “Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати!” дастурий шиори мамлакатимизнинг ички кун тартиби ва ташқи сиёсатдаги мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев Парламентлараро Иттифоқ доирасида Ёшлар парламентлари глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳам Тошкентнинг халқаро майдондаги субъект сифатида ўсиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.

Президент нутқи нафақат миллий устуворликлар, балки глобал трендларга ҳам тегишли бўлди. Ундаги фикрларга кўра сўнгги йилларда дунёда юзага келган беқарорлик, мураккаб халқаро вазият, кучайиб бораётган хавф-хатарлар шароитида парламент дипломатияси ўзаро ишонч, мулоқот ва конструктив ҳамкорликнинг асосий механизми бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон фақат анжуманни қабул қилаётган томон бўлиб қолмасдан, балки форумнинг ғоявий драйвери сифатида аниқ таклифлар киритди.

— Ўзбекистоннинг жадал тараққиёти катта таассурот қолдиради. Мамлакат инфратузилмани модернизация қилишдан тортиб, ижтимоий ва иқтисодий йўналишлардаги катта ютуқларигача бўлган барча соҳада ривожланиш сари интилмоқда. Ислоҳотлар фаол амалга оширилаётгани, мамлакат янги Қоялар учун очиқ ва глобал муаммоларни ҳал этишда ҳамкорликка тайёрлиги кўриниб турибди, — деди Чехия парламентининг Депутатлар палатаси аъзоси Виктор Войтко. — Айниқса, Ўзбекистонда ҳукм сураётган муҳитни алоҳида айтиш жоиз. Бу ерда қадриятлар улуғланади, шу билан бирга, келажакка ишонч билан қараб, одамлар ва бизнес учун янги имкониятлар тақдим қилинади. Ўзбекистон тараққиёт ва эртанги кунга бўлган ишонч муҳитида ўзининг янги ривожланиш босқичига қадам қўймоқда. Аминманки, бундай ёндашув туфайли мамлакат янада олдинга силжишни давом эттиради ҳамда шу орқали бутун дунёнинг эътибори ва ҳурматини ўзига жалб қилади.

Бундай кенг кўламли тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши тасодиф эмас, балки мамлакатимизнинг халқаро ташаббуслар марказига айланиши бўйича изчил стратегиянинг мантиқий давомидир. Кейинги йилларда Тошкент ва Самарқанд тез-тез муҳим учрашувлар, музокара ва анжуманлар учун майдон вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистон дунё харитасида конструктив мулоқот нуқтаси сифатида мустаҳкамланмоқда. Парламентлараро Иттифоқ ассамблеяси бунинг яна бир тасдиғи бўлди.

Ўзбекистон шундай қилиб — тинчлик, адолат, барқарор тараққиёт ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот қадрланадиган янгича халқаро қиёфасини шакллантириб, ўзининг таъсир доирасини кенгайтирмоқда. Расмий Тошкентнинг нуқтаи назари глобал миқёсдаги баҳсларда тобора фаолроқ янграяпти. Мамлакатимиз янги замон кун тартибида нафақат иштирок этишга, балки уни шакллантиришга ҳам тайёр.

Албатта, дунёда юз бераётган ўзгаришларни қабул қилиши қийин бўлган сиёсатдон ва экспертлар доим топилади. Кимдир ўтмишда қолиб кетган “таъсир доираси”, “назорат”, “манфаатлар тўқнашуви” каби тушунчалар билан фикрлайди. Кимдир эса аввалдан ўрганиб қолгани боис Марказий Осиёни ҳамкор сифатида тан ололмайди ва уни босим ўтказиш объекти, деб ҳисоблайди. Бундай ёндашувлар вақти келиб йўқ бўлиб кетиши турган гап. Чунки замонавий Ўзбекистон ва бутун минтақамиз ўз ташқи сиёсатини халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, прагматизм ва ўзига ишонч асосида, ортиқча эҳтиросларсиз ва камситишларсиз қурмоқда.

Халқаро муносабатларда ким бошқаларни ҳурмат қилишни билса ва ўзаро манфаатли мулоқот ташкил эта олса, ўша ютади. Негаки, қўполлик — бу доимо нўноқлик билан яширилган ахлоқий, иродавий ва сиёсий кучсизлик белгисидир. Ўзбекистон эса янги геосиёсий шароитда барқарорлик, субъектлик ва ўзаро ҳурмат — энг муҳим қадриятлар эканини тушунган ҳолда ўз йўлидан дадил ва хотиржам бормоқда.

Айнан шунинг учун Ўзбекистоннинг сиёсий нуфузи ортиб боряпти. Ўзига ўта юқори баҳо бергани учун эмас, балки ечимлар таклиф қилиш қобилияти туфайли. Босим қилгани учун эмас, балки изчил давом эттирилаётган ишлар туфайли. Биздан қўрқишаётгани учун эмас, балки бизни тинглашни бошлаганликлари туфайли.

Бу эса мамлакатимиз тўғри йўналишда бораётганининг, пухта ўйланган барқарорлик стратегиясини амалга ошираётганининг яққол исботидир.

Ниятлари улуғ, қадами қутлуғ,

Фидойи инсонни кўришсин улар.

Талпинган қалбларда меҳрлар ўтлуғ,

Ёнма-ён, елкадош юришсин улар.

 

Одамийлик нурин дилига жойлаб,

Борар заковат ва юксак қалб билан.

Миллат эртасини нурафшон айлаб,

Борар она юрт ва азиз халқ билан.

 

Бахтга ёрлик этса қилмай андиша,

Қўлни-қўлга берган қучади зафар.

Тинчлик солномасин безаб ҳамиша,

Асрлар ошади бу олий хабар.

 

Токи кўнгил уйи тўлсин зиёга,

Токи хаёлларда нур ёйсин чаман.

Эзгулик-ла боқсин кўзлар дунёга,

Уни асраганни асрасин Ватан!

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер