Эзгу ташаббуслар маркази

09:05 12 Август 2025 Сиёсат
252 0

Фото: Архив сурат

Ўзбекистон етакчисининг сиёсати ҳамкорликнинг ўзаро ишончга асосланган янги архитектурасини шакллантирмоқда

Юрган — дарё дейишади. Дарёлар оқиб-оқиб, ўз йўлида учраган воҳаю водийларга обиҳаёт бахш этади, чўлларни чаманзорларга айлантиради, боғу хиёбонларни яшилликка буркайди. Йўл юрган, доим ҳаракатда, изланишда, интилишда бўлган инсон ҳам худди дарёлар каби бошқаларга эзгулик улашади, бунёд этади, яратади, яшнатади.

Мақсади сари интилган кишига “Йўлинг равон бўлсин!” дея тилак билдирилиши ҳам бежиз эмас. Инсон қай манзил томон ҳаракат қилмасин, йўлнинг созлиги машаққатларни камайтиради, йўловчига қувват, руҳига куч, истакларига шижоат беради.

Демак, инсон организмини қон томирлари озуқа моддалари билан таъминлагани каби йўллар жамиятда маданий алоқалар, қадриятлар, маҳсулотлар, нарса-буюмлар, товарлар, ахборот алмашинувида, умуман, тараққиётда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Йўллар қадим замонлардан бери тамаддунлар шаклланишида, халқлар ўртасида иқтисодий ва маданий алоқалар мустаҳкамланишида ҳал қилувчи ролни ўйнаб келгани шундан. Улар нафақат юкларни ташишга, балки билимлар, технологиялар ва маданий бойликларни алмашишга ҳам хизмат қилган.

Бош позицияларга қайтиш

Ўзбекистоннинг тарихий миссияси ҳамиша алоҳида бўлган. Эрамиздан аввалги III-II мингйилликлардаёқ бугунги Ўзбекистон ҳудуди илк трансконтинентал йўл — Буюк ҳинд йўлининг марказида жойлашган. Бу йўл Ҳинд водийсини Марказий Осиё — Бақтрия ва Хоразм билан боғлаган, сўнг Кавказорти ва Қора денгиздан ўтиб, халқаро савдонинг кенг тармоғига уланган.

Кейинчалик, антик ва ўрта асрлар даврида Ўзбекистоннинг марказдаги жойлашуви ўзининг афзаллигини яна бир бор намоён қилган — бу сафар Шарқ ва Ғарбнинг йирик тамаддунларини бир-бирига боғлаган Буюк Ипак йўли доирасида. Унинг асосий йўналишларидан бири илм-фан ва савдо тараққиётининг рамзига айланган Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари орқали ўтган. Айнан шу ерда тамаддунлар алмашинуви юз берган, илм-фан, ҳунармандчилик ривожланган, маданият гуллаб-яшнаган.

Тарих даврийлик билан ажралиб туради. Худди бир неча аср аввалдаги каби транспорт йўлакларининг аҳамияти яна ортиб бормоқда. Глобал геосиёсий ўзгаришлар, логистика занжирларининг узилиши ва янгича иқтисодий воқеликлар шароитида айнан минтақалараро йўналишларда марказий ўринларни эгаллаб турувчи мамлакатлар кучли ўсиш учун ноёб имкониятларни қўлга киритмоқда. Ва аксинча, четда қолганларнинг тақдири оғирлашиб, тараққиёт эмас, таназзул сари юз тутмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг сиёсати — бу қатъийлик ва узоқни кўра билиш сиёсатидир. Мамлакатимиз Евроосиё транспорт тизимини лойиҳалаштиришда яна марказий ўринни эгаллаётган экан, бу Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган очиқликка асосланган сиёсат туфайлидир.

Шавкат Мирзиёев Президентликка сайланган илк кунларданоқ яхши қўшничилик, минтақавий интеграция, савдо-иқтисодий диверсификацияга қаратилган курсни илгари сурмоқда. Бу дипломатик шиорларгина эмас, балки аниқ натижаларга олиб келувчи стратегиядир. Айнан шу стратегия туфайли мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятида Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғловчи занжир ҳалқасига айланди.

Ўзбекистон раҳбарининг яқинда Туркманистон мезбонлик қилган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясидаги иштироки бунга яққол мисолдир. Етакчилар, жумладан, БМТ Бош котиби, Қозоғистон, Тожикистон Президентлари, бошқа давлатлар ҳукумат раҳбарлари бир жойга тўпланган ушбу анжуманда Ўзбекистон раҳбари дастурий нутқ сўзлаб, асосий таҳдид ва муаммоларни бартараф этиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Президентимиз эслатганидек, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатлар қатор объектив қийинчиликларга дуч келмоқда: юк ташиш бўйича тарифларнинг юқорилиги, транспорт йўлаклари ва инфратузилмасининг чекланганлиги, транзит мамлакатларнинг божхона сиёсатига қарамлик. Ушбу омиллар тўғридан-тўғри иқтисодий йўқотишларга олиб келмоқда. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Марказий Осиё минтақаси транспорт харажатлари туфайли ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизгача бўлган қисмини йўқотмоқда. Логистика харажатлари товарлар қийматининг 60 фоизигача қисмини ташкил этади, бу эса жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан бир неча баробар юқори.

Президент сўзларига кўра, айнан шунинг учун ҳам янги ишончли транзит йўлаклари ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш Марказий Осиёда барқарор тараққиётнинг муҳим шартига айланмоқда.

Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев денгизга чиқиш имконияти бўлмаган давлатларнинг барқарор ривожланиши ва ушбу долзарб муаммони ҳал қилиш учун учта принципиал шартни бажариш лозимлигини айтиб ўтди. Булар — инфратузилмани модернизация қилиш, ўзаро боғлиқликни кучайтириш ва глобал тенг ҳуқуқлиликнинг асосий элементи бўлган ривожланиш ҳуқуқини таъминлашдир. Мамлакатимиз раҳбари таъкидладики: “Бугун бизни бирлаштирган кун тартиби фундаментал масала — адолат масаласига дахлдордир. Бу — денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган давлатларга жаҳон иқтисодиётида тенг шароитларда иштирок этиш имкониятини таъминлашдир”.

Шу билан бир қаторда кейинги йилларда Ўзбекистонда транспорт-логистика тармоғини модернизация қилиш бўйича кенг қамровли чоралар амалга оширилди. Иқтисодий ислоҳотлар, савдонинг эркинлашуви, инвестиция муҳитининг яхшиланиши ўз натижаларини бермоқда: рақобатбардошлик ўсяпти, инновациялар жалб этиляпти, ҳамкорларнинг ишончи ортмоқда.

Минтақавий кўламдаги лойиҳаларга ҳам алоҳида эътибор берилди. Президентимиз сўзларига кўра, бугун минтақада ягона транспорт-логистика макони шаклланмоқда. Марказий Осиёни сайёрамиз миқёсидаги транзит хабига айлантиришга қаратилган дастурлар амалга оширилмоқда.

Конференция тадбирлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг “Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” орденини топшириш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Ушбу мукофотни Ўзбекистон ва унинг кўп миллатли халқига алоҳида эътибор ва ҳурмат, Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг эътирофи сифатида қабул қиламан, деди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, конференция давомида Президентимиз томонидан айтилган Қоялар эксперт доираларда катта қизиқиш уйғотди. Масалан, Испаниянинг етакчи нашри “El Mundo Financiero”да мамлакатимизнинг халқаро транспорт коммуникацияларини диверсификация қилиш бўйича саъй-ҳаракатларига бағишланган мақола чоп этилди. Унда таъкидланишича, Ўзбекистон специфик муаммоларни ҳал қилишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этмоқда. Изчил амалга оширилаётган барқарор транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш, савдо йўналишларини диверсификация қилиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар миллий тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш билан бевосита боғлиқ.

“Ўзбекистоннинг денгиздан йироқлиги эндиликда ҳеч кимни чўчитаётгани йўқ. Бугун бу Ўзбекистон учун халқаро устуворликларни белгилаш ва мамлакатни янги Евроосиё логистикасининг фаол қатнашчисига айлантирувчи омилдир”, деб қайд этилди нашрда.

Юқори даражадаги анжуманда киритилган ташаббуслар нафақат Президентнинг стратегик тафаккурини кўрсатади, балки унинг адолатли дунёга интилишини, минтақа доирасида ва ундан ташқарида глобал тараққиётнинг янги, адолатли архитектурасини шакллантиришга бўлган астойдил интилишларини ҳам намоён этади.

Буларнинг барчаси давлат миқёсида теран фикрлаш, келажакни кўриш ва шакллантира олиш қобилиятидан дарак беради. Ўзбекистон — нафақат минтақа марказидаги давлат, балки ташаббуслар, мулоқот, барқарорлик ва тараққиёт марказидир. Мамлакат ўта муҳим ва бир вақтда жуда масъулиятли роль билан янги даврга кириб бормоқда.

Ўзбекистон мазкур халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этиб, транспорт ва логистика инфратузилмасини янгилаш, янги халқаро йўлаклар яратиш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни амалга оширмоқда. Трансафғон темир йўли, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ва бошқа кўплаб йўналишлар орқали Ўзбекистон ўзининг стратегик аҳамиятини мустаҳкамламоқда ва глобал иқтисодиётга интеграциялашув сари дадил илгариламоқда, деб ёзилган мақола якунида.

Лидерлик геосиёсати

Мамлакатимизнинг ортиб бораётган нуфузи, сўзсиз, унинг етакчиси — Президент Шавкат Мирзиёевнинг геосиёсат майдонида кучайиб бораётган таъсири билан бевосита боғлиқ. Ўзбекистон раҳбари минтақада ва унинг ташқарисида кенг миқёсда эътирофга сазовор бўлаётган янги ривожланиш моделининг меъмори сифатида донг таратмоқда. Президент таваллуди муносабати билан кўплаб давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари томонидан йўлланган қутловлар бунинг яққол исботидир.

Ўз номаларида дунёнинг етакчи давлатлари, қўшни мамлакатлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш, унинг халқаро субъектлилигини мустаҳкамлаш ва халқ фаровонлигини оширишга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлайди.

Бу каби юксак баҳо дипломатик иборалар билангина чекланиб қолмайди. Ўзбекистон Президентининг сиёсати ва ташаббуслари мамлакат ичидаги вазиятга ижобий таъсир ўтказибгина қолмай, бутун Марказий Осиё минтақасида ишонч ва прагматизмга асосланган ҳамкорликнинг янги архитектурасини шакллантираётгани алоҳида урғуланади.

Мамлакатнинг ортиб бораётган обрўси оддий фуқарога нима беради? У ҳар бир инсонга аниқ-равшан, ўз ўлчами ва аҳамиятига эга манфаатлар олиб келади. Содда ва айни вақтда ҳаётий мисоллардан бири — фуқароларимиз учун халқаро мобилликнинг эркинлаштирилиши. Ташқи ишлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистон ўз фуқароларига эркин ҳаракатланишни таъминлаш борасида анча илгарилаб кетди: Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти соҳиблари визасиз 40 га яқин мамлакатларга боришлари мумкин, яна 42 мамлакат билан эса киришнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинган.

Бир эсга оладиган бўлсак, 2016 йил ҳолатига 52 та мамлакатга соддалаштирилган тартиб асосида бориш мумкин эди. Ҳозирда эса ушбу рўйхат 82 та давлатгача кенгайган. Шунда ҳам мазкур таомилга шартли равишда амал қилинар эди: кириш-чиқишни қайд этувчи идора тамғасини урдирмасдан фақат собиқ иттифоқнинг 9 та республикасига боришга рухсат берилган эди, холос.

Бугун ҳолат тамомила бошқача. Охирги уч йилда қатор давлатлар, жумладан, Хитой, БАА, Ўмон ва Эрон билан визасиз тартиб жорий этилди. Фаҳмлаганингиздек, айнан шу мамлакатлар етакчилари билан Ўзбекистон Президенти учрашган ва илиқ муносабатлар ўрнатибгина қолмай, ўзаро ишонч натижасида соддалаштирилган тартибга келишиб олинган. Бундай ёндашув изчил давом эттирилишига шубҳа йўқ, зеро, Саудия Арабистони, Қатар, Вьетнам ва бошқа мамлакатлар ҳам виза талабларини юмшатишди. Яна ўнлаб давлатлар билан кириш шартларини эркинлаштириш юзасидан фаол музокаралар олиб борилмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги манбаларида айтилишича, мамлакат раҳбарининг топшириғига биноан ушбу йўналиш мазкур маҳкаманинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаб олинган.

Бу каби муваффақият Ўзбекистонга, унинг раҳбариятига бўлган ишончнинг бевосита натижасидир. Келтириб ўтилган мисол мамлакат лидерининг обрўси, республиканинг халқаро эътирофи аҳоли фойдасига хизмат қилаётганини кўрсатади.

Расмий Тошкентнинг саъй-ҳаракатлари хорижда ҳам юқори баҳоланмоқда. Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш босқичини шарҳлар экан, Жанубий Корея онлайн-экспорт-импорт уюшмасининг раиси Чо Дон Хве Президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсати асосида очиқлик, прагматизм ва яқин қўшничилик тамойиллари ётишини айтади. Унинг таъкидлашича, давлат раҳбари яқин қўшнилар билан муносабатларни шакллантиришда, аввало, конструктив ва ўзаро ишончга асосланган сиёсатга устуворлик қаратган. Экспертнинг сўзларига кўра, чегара масалаларини ҳал этиш, трансчегаравий савдони ривожлантириш, умумий сув ва инфратузилмавий ресурсларни бошқаришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

— Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам фаол сиёсат юритмоқда, — дейди Чо Дон Хве. — ЖСТга аъзо бўлиш юзасидан олиб борилаётган музокаралар, виза сиёсатини либераллаштириш, туризм ва халқаро бизнесни ривожлантириш, халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш — буларнинг барчаси давлатнинг мутлақо янги қиёфасини шакллантиради. Мамлакатнинг ўзида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳам алоҳида эътироф этиш зарур: инвестициялар учун шароитларни яхшилаш, коррупцияга қарши курашиш, эркин иқтисодий зоналарни ташкил қилиш, давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш шулар жумласидан. Мазкур чоралар текстилдан тортиб энергетикагача бўлган етакчи тармоқларга сармоя жалб этишга имкониятлар эшигини очади.

Унинг сўзларига кўра, Тошкентнинг кўп векторли ташқи сиёсати барқарор ривожланиш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш имконини беради. Суверенитет ҳамда стратегик мустақилликни унутмаган ҳолда Ўзбекистон Хитой, Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Жанубий Корея, Япония ва Малайзия билан стратегик муносабатларни шакллантирмоқда.

Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, БМТ Ривожланиш дастури каби тузилмаларнинг ортиб бораётган эътибори Ўзбекистоннинг ислоҳотлар сиёсатига бўлган ишончдан далолат беради. Халқаро ҳамкорлар инфратузилма, рақамлаштириш, энергетика соҳаларига, давлат бошқарувини ислоҳ қилишга инвестициялар киритмоқда. Таълим соҳасига ҳам салмоқли сармоялар кириб келяпти. Ўзбекистонда нуфузли олий ўқув юртларининг филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Эксперт мазкур жараёнларни келажакка, инсон капиталига, глобал фикрловчи, локал иш юритишга қодир янги авлодни шакллантиришга йўналтирилган инвестициялар дея баҳолайди.

Айнан изчиллик, прагматизм ва очиқлик — Ўзбекистон Президентининг нафақат ишонч, балки стратегик барқарорликни юзага келтирадиган замонавий сиёсатининг мазмунини ташкил этади. Ўзбекистон жаҳондаги ўз мавқеини баландпарвоз шиорлар ҳисобига эмас, балки пухта ўйланган ва аниқ-тиниқ сиёсат эвазига мустаҳкамлаб бормоқда.

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, мамлакат минтақада, халқаро муносабатларда ўз фуқаролари наздида ўзини қайтадан кашф этмоқда. Бу жараёнда етакчининг уфқ ортини илғашга қодир, мураккаб глобал вазиятга қарамай олға интилувчи сиёсий иродаси ўта муҳим роль ўйнайди.

Илҳомлантирувчи намуна

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ташаббуслари ва мамлакатнинг халқаро нуфузи ошиб бораётгани ҳақида гап кетганда, Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар йўли самарадорлиги етакчи халқаро институтлар ва таҳлил марказлари томонидан тобора кўпроқ эътироф этилаётганига кўз юмиб бўлмайди.

Улар орасида Халқаро валюта жамғармасининг яқиндаги ҳисоботини келтириш мумкин. Ҳужжатда қайд этилишича, 2016 йилдан бери Ўзбекистон иқтисодиётида ялпи ички маҳсулот йилига ўртача 5,7 фоиз кўрсаткичда барқарор ўсишни намоён этмоқда. Айниқса, мамлакатда қашшоқлик даражаси 2024 йилда 8,9 фоизгача пасайгани эътиборга лойиқ. Бундай маълумотлар нафақат ижобий макроиқтисодий тенденцияларни, балки миллий иқтисодиётда юз бераётган чуқур таркибий ўзгаришларни ҳам акс эттиради.

ХВЖ ҳисоботида “Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтишда сезиларли ютуқларга эришди”, деб таъкидланади. Жамғарма экспертлари савдони либераллаштириш, валюта алмашув курсини ислоҳ қилиш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни муваффақиятли жалб этишни ўсишнинг асосий драйверлари сифатида алоҳида ажратиб кўрсатган. Шу билан бирга, жамғарма ислоҳотларни, айниқса, банк сектори ва корпоратив бошқарув соҳаларида давом эттиришни тавсия қилади. Бу эса янги Ўзбекистонда изчил илгари сурилаётган ташаббуслардан яна бири — мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб киришининг муҳим шартидир. Жорий ўзгаришлар суръати шу йўсинда давом эттирилса, жамғарма прогнозига кўра, мамлакат яқин йилларда тахминан 6 фоиз даражасида ўсишни сақлаб қола олади.

Берилаётган бу баҳолар мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий модель тобора очиқлик, самарадорлик ва модернизация тамойилларига таянаётганини англатади. Унда тобора ижобий тенденциялар намоён бўлмоқда, сабаби у муваффақиятли хорижий тажрибага асосланган ҳолда амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган транспорт инфратузилмасини янгилаш бўйича кенг кўламли дастур ташаббуси бунга ёрқин мисол бўла олади, унинг натижаларини ҳамма жойда кузатиш мумкин.

Америка Қўшма Штатларининг тарихий тажрибаси бунга ёрқин мисолдир. XX асрнинг ўрталарида, Президент Дуайт Эйзенхауэр даврида АҚШда бутун мамлакатни қамраб олган штатлар ўртасидаги автомагистраллар тармоғи дастури — “Interstate Highway System” амалга оширилди. Бу ташаббус нафақат саноат, савдо ва логистикани ривожлантириш учун рағбат, балки кичик ва ўрта корхоналар, аграр сектор ва меҳнат бозорининг ўсиш омили ҳам бўлди. Ягона транспорт тизимини яратиш аҳолининг юқори ҳаракатчанлигини таъминлади, бу эса, ўз навбатида, ички иқтисодий алоқадорликни мустаҳкамлашга ёрдам берди.

Жуғрофий жиҳатдан Евроосиёнинг қоқ марказида жойлашган ва денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун мазкур тажриба, айниқса, муҳим. Йўллар, темир йўл узеллари ва логистика марказларига тизимли инвестициялар киритилиши мамлакатни қитъадаги энг муҳим транзит нуқтасига айлантирмоқда.

Мамлакатда мазкур режаларни бажариш учун кўп ишлар қилинмоқда, аниқ лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, агар 2009 — 2016 йилларда Ўзбекистонда автомобиль йўлларини ривожлантиришга 9,4 трлн. сўм ажратилган бўлса, 2017 — 2024 йилларда бу кўрсаткич 60 трлн. сўмни ташкил этди. Йўл ишлари ҳажми беш баробар ошди, 106 минг километрлик йўл ҳолати яхшиланди, 713 та кўприк қайта қурилди ва мингдан ортиғи таъмирланди. Капитал таъмирга муҳтож йўллар улуши 68 фоиздан 27 фоизгача пасайди. Жорий йилда 21,5 минг километр автомобиль йўллари ва 320 та кўприк қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш режалаштирилган. Ажратилган умумий маблағ — 13 трлн. 245 млрд. сўм!

16 та халқаро лойиҳа доирасида 1300 километр автомобиль йўллари қайта қурилди, умумий қиймати 2,2 млрд. доллар бўлган яна 9 та лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Пуллик йўллар қурилишига хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатнинг янги инфратузилма архитектураси мақсадли шакллантирилаётганидан далолат беради.

Жаҳон миқёсидаги яққол мисол сифатида Кениядаги “LAPSSET” лойиҳасини кўрсатиш мумкин. Бу лойиҳа Ламу портини Жанубий Судан ва Эфиопия билан боғловчи транспорт йўлагидир. Ушбу кенг кўламли лойиҳанинг амалга оширилиши аллақачон катта миқдордаги хорижий инвестицияларни жалб қилиш, минтақавий савдо ҳамда бандликни таъминлашнинг драйверига айланди. Башоратларга кўра, “LAPSSET” 1,2 млн.гача иш ўрни яратади ва Кениянинг Шарқий Африкадаги логистика ролини кучайтиради.

Аввал таъкидлаганимиздек, Ўзбекистон ҳам денгизга чиқиш имкониятига эга эмас, лекин бу географик чекловни халқаро инфратузилма йўлакларида иштирок этиш орқали мунтазам равишда тўлдириб келмоқда. Июль ойида Хонкендида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитида Президент Шавкат Мирзиёев Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини якунлаш муҳимлигини таъкидлади. Келгусида Трансафғон йўлаги билан боғланадиган ушбу магистраль улкан минтақани қамраб олувчи ва мамлакатнинг транзит салоҳиятини кучайтирувчи ягона транспорт маконини яратади.

Иорданиянинг етакчи “Ammon News” газетасида мамлакатимизнинг иқтисодий трансформациясига бағишланган махсус мақола чоп этилди. Унда шундай дейилади: “Ўзбекистон иқтисодий янгиланишнинг илҳомлантирувчи намунасидир. Иқтисодиётни диверсификациялаш, инновацияларни жорий этиш, рақамлаштириш ва барқарор ривожланиш орқали мамлакат глобал инвестициялар ва технологиялар харитасида муносиб ўрин эгаллашга интилмоқда”.

Муаллифларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларига, рақамли иқтисодиётга, инфратузилма лойиҳаларига тобора кўпроқ инвестиция киритмоқда. Бу эса уни халқаро инвесторлар учун жозибали ҳамкорга айлантиради, минтақавий инновациялар маркази ролига даъвогарлик қилиш имконини беради.

Дарҳақиқат, мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар маълум бир нуқталарга қаратилган эмас, балки тизимли хусусиятга эга. Ўзбекистон халқаро институтлар билан алоқаларини мустаҳкамлаган ва стратегик тафаккурга таянган ҳолда модернизация йўлидан дадил илгарилаб бормоқда ва бу давлат сиёсатининг ҳар бир қадамида намоён бўлмоқда.

Хорижий матбуотнинг ҳисоботлари ва мақолаларида янги Ўзбекистон муваффақиятларининг тилга олиниши Президент томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар, изчил амалга оширилаётган чуқур ўйланган ва мувозанатли сиёсатнинг натижасидир. Ҳеч шубҳа йўқки, Ўзбекистон бу йўлда ўзининг стратегик мақсадларига интилиш, халқаро майдондаги позициясини мустаҳкамлаш ва халқининг фаровонлигини ошириш курсини сақлаб қолади. Янги Ўзбекистон эзгу ташаббуслар марказига айланаётгани, жонажон Ватанимизнинг янада равнақ топаётгани миллий етакчимизнинг оқиллиги, узоқни кўра олиш қобилияти, қатъий сиёсий иродаси ва мардонавор жасорати самарасидир.

Саҳардан бедорлик, шижоат, журъат,

Қолар пок ниятлар бағрида мангу.

Шаштида сабот бор, сабру матонат,

Нур каби бетакрор яралган жон у!

 

Зулматга чорласа аллакимсалар,

Эзгулик йўлига бахшида бу нур.

Кимлардир тинчликни менсимасалар,

Ёруғлик томонга у бошлаб борур...

 

Умрини бағишлаб миллатга, шонга,

Беллашар замонда шитоб билан у.

Ҳар кўнгил, ҳар ўлка, ҳар хонадонга

Боради илми нур — китоб билан у.

 

У миллат дилбанди!

Боққил замондош,

Унга талпинади яқину йироқ.

Бор бўлсин шундай нур бахш этган Қуёш,

Қадами қутлуғдир, тилаги порлоқ!

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?