Европа Комиссияси ядро энергетикасини «яшил энергетика» деб тан олди

20:17 21 Февраль 2022 Иқтисодиёт
789 0

Архив сурат

Европалик қонунчиларнинг ядро энергетикасини «яшил энергетика» мақомига лойиқ кўриш ёки кўрмаслик борасидаги қизғин мунозаралари якунланди, деб ҳисоблаш мумкин.

Гап шундаки, 2022 йил 2 февраль куни Европа Комиссияси «Иқлим тўғрисида қўшимча ваколат берилган қонун»ни тасдиқлади. Бу маълум шартлар асосида ядро ва газ энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни Европа Иттифоқи таксономиясига киритиш имконини беради. Европа Иттифоқи таксономияси иқтисодий фаолиятни экологик талабларга мувофиқлиги нуқтаи назаридан тоифаларга ажратувчи ҳужжатдир. Унга кўра, атом электр станцияларига 2045 йилгача, газ инфратузилмасига эса 2030 йилгача янги сармоялар киритишга рухсат берилмоқда.

Европада бошланган энергия инқирози ва у билан боғлиқ равишда, бизнес соҳаси ва жамиятдаги тобора кучайиб бораётган кескинлик шуни кўрсатдики, қайта тикланадиган энергия «яшил» иқтисодиётига ягона йўл сифатида ўтиш аввалгидек идеал эмас. Сиёсатчилар, иқтисодчилар ва экологлар иқлим мажбуриятларини бажариш, ҳамда иссиқлик ва ёруғликсиз қолмаслик мақсадида паст углеродли энергия манбаларига ўтиш учун янада оқилона ёндашув зарурлигини англадилар.

Хусусан, 2021 йилнинг ноябрь ойида мутахассислар атом энергетикаси, ҳақиқатдан ҳам паст углеродли эканлигини тасдиқладилар. Бутун ҳаёт цикли давомида карбонат ангидрид (CО2) эмиссияси қуёш, шамол, гидроэнергетика ва улардан ҳам кўпроқ иссиқлик энергияси билан рақобатлашади. Шундай қилиб, Люксембург фан ва технология институти (ЛФТИ) ҳамда Бутунжаҳон ядровий ассоциацияси (БЯА) билан биргаликда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси (БМТEИК) томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, атом электр станцияларида ишлаб чиқариладиган бир киловатт электроэнергия учун 5,1 дан 6,4 граммгача CО2 эмиссиясини ҳосил қилади. Таққослаш учун, қуёш электр станциялари ҳар киловатт соатига 8 дан 83 граммгача CО2 эмиссиясини ҳосил қилишини кўриш мумкин.

Атом энергетикасини «Европа иттифоқи таксономияси»га киритиш қарори жуда муҳим. Чунки кўпгина Европа мамлакатлари аллақачон атом қувватларига эга ва масалан, Германиядан фарқли ўлароқ, ундан воз кечмоқчи эмаслар. Бугунги кунга келиб, Европа Иттифоқи мамлакатларида 114 та реактор ишламоқда ва бу дунёдаги атом энергетикаси реакторлари умумий сонининг 26 фоизини ташкил этади. Улар Европа учун ишлаб чиқариладиган барча электр энергиясининг 27,4 фоизини етказиб бермоқда.

Мутахассисларнинг баҳолаш ва тавсияларини, шунингдек, фан ва техника ютуқларини ҳисобга олган ҳолда Европа Комиссияси газ ва ядровий фаолиятга, ўтиш давридаги шартларга қатъий риоя қилган тақдирда, хусусий сармоя киритиш муҳим роль ўйнаши мумкин, деб ҳисоблайди. Масалан, атом энергетикаси ядро ва экологик хавфсизлик талабларига тўлиқ жавоб бериши зарур.

«Европа Иттифоқи 2050 йилгача иқлим барқарорлигига эришиш тарафдори ва бу мақсадга эришиш учун қўлимиздаги барча имкониятларни ишга солишимиз керак. Ўтиш даврида хусусий сармояларни кўпайтириш бизнинг иқлим ўзгариши соҳасидаги мақсадларимизга эришишнинг калитидир. Бугун, биз кўмир каби зарарли энергия манбаларидан узоқлашишни қўллаб-қувватлаш мақсадида маблағни сафарбар қилишга ёрдам берадиган қатъий шартларни ўрнатмоқдамиз. Сармоядорлар ҳар қандай инвестиция қарорларини қабул қилишда газ ва ядровий фаолиятни осонгина аниқлашлари учун биз бозорнинг шаффофлигини оширмоқдамиз», дейди Иқтисодий барқарорлик бўйича Европа Комиссияси аъзоси Майрид MакГиннес.

Европа комиссияси қарори ўзбекистонлик экологларнинг ҳам эътиборини тортди. Уларнинг фикрича, Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан ушбу қўшимча қонуннинг қабул қилиниши бугунги кунда дунёдаги атом энергетикасини электр энергияси ишлаб чиқаришнинг асосий манбаларидан бири сифатида аҳамиятини тушуна бошлаганини кўрсатди.

«Ядро энергетикасининг «яшил» иқтисодиётини ривожлантириш таксономиясига киритилиши, ҳатто бир қатор ўзгартишлар ва қўшимча тадқиқотлар билан ҳам ушбу соҳага кенг сармоя киритиш учун эшик очади. Жаҳон ҳамжамиятининг атмосферага карбонат ангидрид чиқиндиларини минималлаштиришни ва атом энергиясини илғор энергия технологияларига асосланган иқтисодий барқарор фаолият рўйхатига киритишни таъминлаш истаги барча мамлакатлар иқтисодиётининг ривожланиши учун шароит яратади. Муқобил энергия турлари (қуёш, шамол парклари ва гидроэлектростанциялар) керакли миқдордаги электр энергиясини ишлаб чиқаришни тўлдиради, аммо улар атом энергиясини алмаштира олмайди. Бошқача қилиб айтганда, иқтисодий кўринишдаги формуласи қуйидагича — ресурсларни кам олиш (ер, хом-ашё) — кўпроқ энергия ишлаб чиқариш. Бу ҳолат ҳозирги пайтда Европа Иттифоқи мамлакатлари учун барқарорликнинг асосий тамойилидир», дейди «UzLITI Engineering» компаниясининг атроф-муҳитни қўллаб-қувватлаш гуруҳи раҳбари Людмила Хегай ушбу қарорга изоҳ бераркан.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Ўзбекистонда 2020 — 2030 йилларда мамлакатни электр энергияси билан таъминлаш концепцияси қабул қилинган бўлиб, унга кўра қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергияси ишлаб чиқариш улуши 26 фоизни, атом электр станцияларида 15 фоизга яқинини ташкил этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер