Етук муҳандислар — келажак таянчи

09:09 12 Сентябр 2025 Жамият
86 0

Давлатимиз раҳбари 8 сентябрь куни таълим тизимини ислоҳ қилиш масалаларига оид тақдимот билан танишиб, иқтисодиёт тармоқларининг ҳозирги ва келгуси талаблари асосида техника ҳамда муҳандислик йўналишларини ривожлантиришни муҳим вазифа сифатида белгилаб берди.

Айни пайтда бутун дунёда муҳандислик соҳаси юксак даражада рақамлашмоқда. Автоматлаштириш, сунъий интеллект, “ақлли” тизимлар ва бошқа илғор технологиялар нафақат ишлаб чиқариш жараёнларини, балки таълим мазмуни ва усулларини ҳам тубдан ўзгартирмоқда. Илғор инновацияларни ўзлаштириш жараёнида малакали муҳандисларга бўлган талаб тобора ортиб бормоқда.

Мавжуд прогнозларга кўра, 2030 йилгача жаҳонда тахминан 1 миллион муҳандис етишмаслиги мумкин. Бу нафақат ривожланган давлатларда, балки тараққиёт йўлидаги мамлакатларда ҳам жиддий оқибатларга олиб келиш эҳтимоли яқин. Хусусан, ривожланаётган мамлакатлар мазкур жараёндан икки баробар зарар кўриши, яъни малакали мутахассислар чет элга кетиши (интеллектуал миграция), шу билан бирга, ички бозордаги талабни қоплашда қийинчиликлар юзага келиши мумкин.

АҚШ Меҳнат департаменти маълумотларига кўра, 2023 — 2031 йиллар оралиғида муҳандислик соҳасида иш ўринларига талаб 13 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу даврда 200 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Айниқса, электр муҳандислиги, компьютер инжиниринги, саноат муҳандислиги ва биотиббиёт йўналишларида юқори эҳтиёж кузатилади.

Буюк Британия тажрибаси ҳам бу борада муҳим таҳлил манбаи бўлиши мумкин. Муҳандислар институтининг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат ҳар йили тахминан 124 минг янги муҳандисга муҳтож. Аммо кадрлар етишмовчилиги туфайли ЯИМнинг тахминан 5 фоизгача йўқотилиши хавфи мавжуд. Бу эса саноат, инфратузилма, транспорт, телекоммуникация ва экология соҳаларидаги лойиҳаларни кечиктиради.

Юқоридаги рақам ва таҳлиллар муҳандислик таълимига стратегик ёндашув талаб этилаётганини яққол намоён қилмоқда. Бугунги кундаги таълим тизими эртанги рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашдек муҳим вазифани ўз зиммасига олиши лозим.

Билим, тажриба ва рақамли саводхонлик уйғунлиги

Ўзбекистонда муҳандислик соҳасига қаратилаётган эътибор бу жараённинг муҳим таркибий қисмига айланди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, “яшил” энергия, қурилиш, агросаноат, логистика ва ахборот технологиялари каби тармоқлардаги ривожланиш замонавий муҳандис кадрларга бўлган эҳтиёжни янада оширмоқда. Бу эса таълим муассасаларида ўқитиш методларини қайта кўриб чиқиш, замон талабларига мос, компетенцияга асосланган ўқитиш моделларини жорий этишни тақозо қилмоқда.

Мамлакатимизда мазкур йўналишда етакчи ўрин тутаётган таълим муассасаларидан бири Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетидир. Олийгоҳ мамлакатда техник кадрлар тайёрлашнинг байроқдори сифатида замонавий муҳандислик таълими моделларини амалиётга жорий этмоқда.

Ҳозир университет таркибида бешта — энергетика муҳандислиги, электроника ва автоматика муҳандислиги, механика муҳандислиги, геология-қидирув ва кон-металлургия, нефть ва газ факультетлари фаолият юритмоқда. Университетда 39 та бакалавриат йўналиши ва 60 дан ортиқ магистратура мутахассисликлари бўйича таълим олиб бориляпти. Илмий тадқиқот фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ўндан зиёд илмий-тадқиқот марказлари, замонавий лабораториялар, инновацион технопарклар ва стартап марказлари ташкил этилган.

Университет таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш, “Саноат 4.0” талабларига мувофиқ кадрлар тайёрлашга қаратилган бир қатор инновацион дастурларни жорий этмоқда. Хусусан, инверс таълим — замонавий педагогик ёндашувлардан бири бўлиб, унинг асосий мақсади талабаларни дарсга олдиндан тайёр ҳолда келишларини таъминлашдир. Бу усулда назарий материаллар электрон тарзда олдиндан тақдим қилинади, аудитория машғулотлари эса амалий топшириқлар, муаммоли вазиятлар ечими ва жамоавий муҳокамаларга бағишланади. Бундай ёндашув талабаларда мустақил ўрганиш ва таҳлил қобилиятини ривожлантиради.

Лойиҳавий таълим модели орқали эса талабалар гуруҳларда ишлаб, ҳаётий муаммоларга ижодий ечимлар топиш билан назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш имконига эга бўлмоқда. Бу усул уларда муаммоларни ҳал этиш, коммуникация ва етакчилик салоҳиятини шакллантиради.

Фан, технология, муҳандислик, математика уйғунлигидаги (STEM) ёндашув эса талабаларда инновацион фикрлаш ва тизимли таҳлил кўникмаларини шакллантиришни мақсад қилади. Бу йўналишдаги машғулотлар талабаларнинг ижодкорлиги ва таҳлилий қобилиятини кучайтиради. Виртуал лабораториялар ва AR/VR технологиялари ёрдамида реал муҳитга яқин шароитда, хавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда амалий машғулотлар олиб борилмоқда. Айниқса, физика, электроника, машинасозлик каби техник фанлар бўйича интерфаол тажрибалар талабаларнинг билимни амалга татбиқ этиш қобилиятини оширмоқда.

Ижтимоий кўникмалар — мутахассиснинг мулоқот маданияти, жамоавий ишлаш, етакчилик, вақтни бошқариш каби шахсий фазилатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бу кўникмалар талабаларнинг меҳнат бозорида муваффақиятли рақобатлашувини таъминлайди.

Бундан ташқари, университет “Erasmus+”, “Netstan” ва бошқа халқаро дастурларда фаол иштирок этмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар илмий алмашинув, стажировка ва тажриба ўрганиш имкониятларига эга бўлмоқда. Бу эса таълим жараёнини халқаро тажриба билан бойитишга хизмат қилади.

Университет йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда амалий лойиҳалар, саноат стажировкалари ва буюртма асосида мутахассис тайёрлаш дастурларини йўлга қўйган. Бу ҳамкорлик таълим ҳамда ишлаб чиқаришни янада яқинлаштириб, мутахассисларнинг бозор талабларига мос ҳолда шаклланишини таъминлаяпти. Университет ҳузурида янгидан ташкил этилган юқори технологияли лабораториялар — энергетика, механика ҳамда ахборот технологиялари йўналишларида талабаларнинг назарий билимларини амалий машғулотлар билан мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Илғор ташаббуслар — амалда

Таълим жараёнини рақамлаштириш, уни халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш мақсадида бир қатор илғор ташаббуслар амалга оширилмоқда. Хусусан, университет ҳузурида Рақамлаштириш маркази ҳамда рақамли таълим контентини яратишга ихтисослашган махсус гуруҳлар фаолият юритади. Бу эса таълим жараёнининг тўлиқ рақамли муҳитда ўтишига, билимларнинг замонавий ва инновацион шаклда узатилишига мустаҳкам асос яратмоқда.

Муҳандислик соҳаси ҳозирда бутун дунёда шиддат билан рақамлашяпти. Инсон қўли билан яратилаётган ҳар қандай қурилма, иншоот ёки технологик лойиҳа, аввало, виртуал муҳитда моделлаштирилади, рақамли синовлардан ўтказилади ва сунъий интеллект ёрдамида таҳлил этилади. Бу жараён ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ресурсларни тежаш ҳамда хатоларни олдиндан аниқлаш имконини яратади.

Университет ана шундай талаб ва реал воқеликларни ҳисобга олган ҳолда, рақамли муҳандислик таълим моделини босқичма-босқич жорий этмоқда. Талабаларга “Саноат 4.0” концепцияси асосида, яъни рақамли трансформация, автоматлаштириш ҳамда “ақлли” тизимларга мослашган таълим услуби яратилган.

Бугун “AI”, “Big Data”, “IoT”, “3D” моделлаштириш, “Рақамли ихтиро” каби атамалар нафақат IT соҳаси мутахассислари учун, балки ҳар бир муҳандис учун кундалик касбий фаолиятнинг ажралмас қисмига айланмоқда. Зеро, замонавий муҳандис фақат конструкция яратибгина қолмасдан, уни рақамли муҳитда таҳлил қилиши, функционаллиги ва самарадорлигини баҳолаши, сунъий интеллект орқали оптималлаштириши талаб этилади.

Университетда ушбу талабларга жавоб бериш мақсадида “Python”, “MATLAB”, “AutoCAD”, “SolidWorks”, “TensorFlow” каби илғор дастурий таълим воситалари асосида махсус курслар ҳамда амалий машғулотлар ташкил этилган. Талабалар рақамли муҳандислик, машинали ўқитиш, интеллектуал тизимлар, моделлаштириш ва рақамли таҳлил соҳаларида чуқур билим ҳамда амалий кўникмаларни эгаллаб бормоқда.

Рақамли иқтисодиёт сари йўналган янги Ўзбекистон учун замонавий, инновацион фикрловчи ҳамда технологик билимга эга муҳандисларга эҳтиёж кун сайин ортяпти. Университетимизда амалга оширилаётган илғор педагогик моделлар, замонавий инфратузилма ҳамда саноат билан интеграциялашган ўқув тизими мамлакат муҳандислик таълимининг келажагини белгилаб бераётган асосий таянчлардан бирига айланмоқда.

Суннатилла ҒОИБНАЗАРОВ,

Тошкент давлат техника университети декани,

техника фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?