Эртанинг хушнуд умиди

11:29 26 Май 2020 Жамият
1342 0

Мамлакатимиз Президенти томонидан коронавирус пандемияси шароитида белгиланган чора-тадбирларда таъминотчи корхона ва ташкилотлар олдига аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ҳамда электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминланиши доимий назоратга олиниши, ҳамда нарх-наво барқарорлиги устувор тутилган эди.

Аҳолининг ҳаётий эҳтиёжларида унинг табиий ва суюлтирилган газ билан таъминланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис газ таъминотчилари белгиланган тартиб асосида ишни ташкил этишиб, бунда эҳтиёжманд қатлам ва олис ҳудудларда истиқомат қилувчилар таъминотига эътибор қаратишмоқда.

Хусусан, “Ҳудудгаз Навоий” масъулияти чекланган жамиятининг Учқудуқ филиали томонидан вилоятнинг шимолий ҳудудларидаги аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш амалга оширилади. Бошқачароқ айтсак, филиал томонидан ишлаб чиқариш тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларидан ташқари Учқудуқ шаҳрининг кўп қаватли уйларидаги 7040 та хонадон ҳамда чекка ҳудудлардаги 2697 та оила суюлтирилган газ билан таъминланади.

— Учқудуқ шаҳри аҳолисига суюлтирилган газ газ таъминоти учун ўрнатилган газгольдер қурилмалари орқали Қизилқум ҳудудида истиқомат қилувчи истеъмолчиларига эса газ баллонлари ёрдамида хонадонма хонадон етказиб берилмоқда, — дейди “Учқудуқ тумангаз” филиали раҳбари Дўстмурод Сувонов. — Шу кунгача истеъмолчилар учун суюлтирилган газ етказиш режаси ошиғи билан бажарилди.
 

Учқудуқ туманига суюлтирилган газ ишлаб чиқариш заводларидан жамият тасарруфидаги 6 дона МАН русумли махсус суюлтирилган газ ташувчи автотранспорт воситалари ҳамда 4 дона темир йўл вагонлари орқали ташиб келтирилади. Келтирилган газни қабул қилиш, махсус автомашиналарга қуйиш ҳамда маиший газ баллонларига ўтказиш эса иш қуввати 250 тонна бўлган Учқудуқ газ тўлдириш станцияси орқали амалга оширилмоқда. Тўлдирилган газ балонлари “Исузу” махсус автотранспорт воситаларида истеъмолчиларга етказиб берилади.

Таъкидлаш жоиз, Учқудуқ вилоятнинг энг олис ва йириқ тумани бўлиб, вилоят марказидан 300 километр узоқликда жойлашган. Ҳудуднинг Қозоғистон билан чегарадош бўлган “Кўкаяс” овул фуқаролар йиғини туман марказидан 200 километр шимолда бўлиб, овулда жами 11 тагинаистеъмолчи оила истиқомат қилади.

– Саккиз йилдан буён “Кўкаяс”га газ етказиб бераман, — дейди “Учқудуқтумангаз” филиали экспедитор ҳайдовчиси Сирож Мўминов. — Ушбу ҳудудда истеъмолчи кам бўлса-да, уларнинг эҳтиёжи биз учун муҳим. Биз ҳар қандай вазиятда ҳам уларга суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб беришга ҳаракатидамиз. Истеъмолчиларимизнинг хурсандлиги, ишимизга барака, бизга эса ғайрат бағишлайди.

– Карантиндан аввалига бироз саросимага тушган эдик, — дейди “Кўкаяс” ОФЙда яшовчи фуқаро Ерхон Костанов. — Бизнинг бу олис ҳудудларга энди нон-тузимизни етказса керагу, газ баллонларини олиб келишмасов, деб ўйлагандик. Аммо, мана, газ ходимлари шундай оғир вазиятда ҳам бизга суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб беришяпти. Газ балонларини беришидан олдин дезинфекция қилишяпти.

“Ҳудудгаз Навоий” МЧЖ томонидан айни кунларда жорий йилнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида газ тақсимлаш қурилмаларини техник кўрикдан ўтказилиб, уларни мавсумга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

– Газ тақсимлаш қурилмаларини техник тафтишдан ўтказиш, таъмирлаш, бўёқлаш бўйича кунлик, ойлик режалар белгиланган. Ҳозирда Навоий шаҳри, Кармана ва Нурота туманларида йирик ҳажмдаги ишлар, амалга оширилмоқда, — дейди Жамиятнинг газ тармоқларидан комплекс фойдаланиш ва назорат қилиш бўлими муҳандиси Маҳмуд Жумаев.

Вилоятнинг йирик ҳудуди Кармана туманида табиий газ истеъмолчилари 31810 тани ташкил этади. Уларга йилнинг тўрт фаслида ҳам табиий газни бир маромда етказиб бериш, юзага келиши мумкин бўлган барча носозликларнинг олдини олиш мақсадида филиалга қарашли 3 та газ тарқатиш станцияси ва 1225 та газ тақсимлаш пунктлари чуқур тафтишдан ўтказилди.

Унинг натижаларига кўра 64 та юқори босимли ва 1161 таси ўрта босимли газ тақсимлаш пунктларидан 1090 тасида режим созлаш ишлари олиб борилиб, шундан 22 таси тўлиқ таъмирланди. 9 та ГТПнинг темир қутилари янгисига алмаштирилди.

Газ сизиб чиқиши, яъни исроф бўлишига йўл қўймаслик учун жорий йилнинг апрель ойида 927,7 километр газ қувурларидан 871 километр қисми кўрикдан ўтказилди. Натижада туманнинг “Маликрабод” қўрғони, “Кумошкон” ва “Аллон” маҳаллалари ҳудудидан ўтган газ қувурларининг 3 тасида газ сизиб чиқиш ҳолатлари аниқланиб, жойида бартараф этилди.

Шу билан бирга “Пахтаобод” ва “Камолот” маҳаллаларидаги 2,5 километр, “Кўҳна Қўрғон” маҳалласидан 0,15 километр ўрта босимли газ қувурлари тартибга келтирилиб, тиргаклари янгисига алмаштирилди. “Дўстлик” маҳалласидаги ўрта босимли газ қувурининг 0,5 километр қисмига эса 80 дона тиргак ўрнатилди.

Мухтасар қилсак, дастур доирасида барча йўналишлар бўйича амалий ишлар олиб борилиб, 2020-2021 йил куз-қиш мавсумини газ таъминотида беташвиш ўтказиш чоралари кўрилмоқда.

Темур ЭШБОЕВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер