Эртанги кунга умид уйғотиб...
Фото: “Халқ сўзи”
Дилшод Саноқулов Ғиждувон туманининг чекка ҳудудларидан саналган Миракон маҳалласида яшайди. Ногиронлиги бор. 22 ёшда. Ҳаётга чанқоқ бу йигит ён – атрофидагилар билан имо – ишора орқали мулоқот қилади. Меҳнатсевар.
— Ўғлимнинг қўли гул,— дейди унинг онаси Умида Облоева.— Мономарказда ҳунар ўрганди. Тажрибали усталарга шогирд тушди. Ҳозир замонавий дераза-ромларни ясаш билан машғул. Қишлоқдошларимизга баҳоли қудрат ёрдами тегяпти. Айтмоқчи, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси кўмагида субсидия асосида умумий миқдори 11 миллион сўм бўлган устачилик анжомлари сотиб олди. Ишлаяпти. Энди фарзандимнинг эртанги кунидан кўнглим тўқ.
Она барибир она -да. Ҳар тонгни фарзандининг бугуни – ю эртаси ташвишида қарши олади. Тақдирнинг аччиқ синовлари олдида бўйин эгмайди. Бу синов олдида ёлғиз эмаслигини ҳис этади. Давлатнинг, жамиятимизнинг Дилшод сингари саломатлигида нуқсони бўлган ёшлар тақдирига бефарқ эмаслиги онаизорни суюнтиради.
— Автомобилларга техник хизмат кўрсатишга ихтисослашган корхонада меҳнат қиляпман,— дейди соғлиғида нуқсони бор суҳбатдошимиз, Бухоро тумани Тўқсабой қишлоғида яшовчи Миржон Ҳамидов. —Ёшлар ишлари агентлиги тавсияси асосида мономарказда ўқидим. Ҳунар ўргандим. Сизга ёлғон, менга чин, энди ҳаёт мен учун янада мазмунли бўлиб қолди. Чунки ишлаяпман. Одамларга кўмагим тегяпти.
Миржон ҳам ёшлар ташкилоти тавсияси асосида мономарказда ўқиди. Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш сирларини ўрганди. Субсидия асосида зарур асбоб – ускуналар олиб, ўз – ўзини банд қилди.
— Соғлиғида нуқсони бўлган ўғил – қизлар давлатимизнинг доимий эътиборида, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилоят бошқармасининг ахборот ва медиа бўйича мутахассиси Зарнигор Нафиддинова. — Уларни нафақат касб – ҳунарли, балки ижтимоий ҳимоя қилиш борасида ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Мана, “Эътибордагилар” деб номланган лойиҳани олиб кўрайлик. Унга кўра, ногиронлиги бўлган, тезкор даволанишга муҳтож ёшларнинг 15 нафарига 96 миллион сўм миқдоридаги муолажа сарф — харажатлари қоплаб берилди. Умуман, жорий йилнинг шу кунига қадар 138 нафар ногиронлиги бўлган оилаларга 978 миллион сўмдан зиёд даволаниш харажатлари тўланди.102 нафар ногирон фарзандли оилаларга 134 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Шу биргина лойиҳа доирасида 350 нафардан зиёд ёшнинг таклиф ва муаммолари ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.
“Инсон қадри учун меҳр карвони”, “Ёшлар ойлиги”, “Меҳр улашиб” сингари ижтимоий лойиҳалар, турли спорт мусобақалари ҳам соғлиғида нуқсони бўлган ўғил – қизларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб – қувватлашда қўл келмоқда. Мамлакатимиз Президентининг 2021 йил 21 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб –қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борада дастуриламал вазифасини ўтаяпти.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг