Энди уй-жой омонат эмас, қонуний

11:42 12 Август 2025 Жамият
260 0

Кўплаб оилалар учун йиллар давомида ҳужжатсиз уйда яшаш орқали кечган ҳаёт бир қарашда одатийдек туюлса-да, бунинг ортида ҳадик ва хавотир бор эди. “Таги йўқ” уйларда умр кечирган одамлар учун ҳар куни бир ташвиш қалбни безовта қиларди: “Эртами-индин давлат келиб уйимни бузиб кетмаса бўлди...” Мана шундай вазиятда 2024 йил 5 август куни қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун юртдошларимиз ҳаётига умид ва хотиржамлик олиб кирди.

Қонун 2024 йил 8 ноябрдан кучга кирди ва шундан сўнг вилоятларда кенг кўламли ишлар бошланди. Бунинг моҳияти шундаки, эндиликда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва улардаги уйларга ҳам расмий мулк ҳуқуқи берила бошланди. Халқ депутатлари вилоят кенгашлари қарорлари қабул қилиняпти, кадастр ходимлари эса хонадонма-хонадон юриб, ҳар бир уйни хатловдан ўтказмоқда, зарур ўлчовларни олиб, ахборот тизимига киритаётир. Бу жараён аҳолидан ортиқча сарсонгарчилик ва қоғозбозлик талаб қилмайди.

Андижон вилоятида ҳам жараён шиддат билан кетмоқда. 2025 йил 11 август ҳолатига кўра 47 минг 107 та уй-жой хатловдан ўтказилди. Шулардан 18 минг 104 таси “Эътироф ААТ” тизимига киритилди ва 2 минг 943 та объект бўйича мулк ҳуқуқи расмий равишда эътироф этилди. Шу билан бирга, таҳлиллар вилоятда яна 224 минг 920 та уй ҳали ҳужжатсиз эканини кўрсатмоқда. Режага кўра фақат 2024–2025 йиллар мобайнида 351 та маҳалладаги 141 минг 809 та уй рўйхатга олинади. Энг муҳими, қонун талабларига биноан 2028 йилга қадар ҳужжатсиз уй қолмаслиги белгиланган.

Маҳалладаги ўзгаришларнинг аҳамиятини одамлар ўз ҳаётларида ҳис қилмоқдалар.

— Биз бу хонадонда 1979 йилдан бери яшаймиз,—дейди Булоқбоши тумани Гулистон маҳалласида истиқомат қилувчи Холисхон ая Ҳайитова. —Уйимиз ҳужжатсиз экани доим бир хавотир уйғотарди. Президентимиз чиқарган қонун туфайли кадастр ходимлари келиб, уйимизда ўлчов ишларини қилди, ҳисоб-китобларини тайёрлади. Бизга ҳеч қандай қийинчилик қолмади. Энди уйимиз қонуний ўзимизники бўлди. Бу биз учун катта бахт!

Бундай имконият, нафақат, шахсий мулкдорлик туйғусини мустаҳкамлайди, балки жамиятдаги барқарорликка ҳам хизмат қилади. Чунки уйининг эртанги кунидан ишончи комил одам меҳнатга ҳам, ҳаётга ҳам бошқача қараш билан ёндошади. Аввал “омонат уй” деган хаёл қалбни қийнаган бўлса, энди унинг ўрнида янгича ифтихор ва хотиржамлик турибди.

Жараённинг яна бир муҳим жиҳати унинг очиқ ва шаффоф тарзда олиб борилаётганидир. Интеграциялашган тизим орқали ҳар бир хонадон эгаси ягона ҳужжатни қўлга киритиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу ҳужжат эса оила таянчи, фарзанд мероси ва келажак пойдевори ҳисобланади.

Бу қонуннинг ҳаётдаги аҳамияти ниҳоятда катта эканини одамлар нигоҳидаги, юз кўзидаги қувончдан ҳам пайқаб олиш қийин эмас. Уйингиз қонун билан ҳимоялангани, ҳеч ким уни дахл қила олмаслиги инсон учун энг катта хотиржамлик, аслида. Мана шу туйғуни одамлар ўз ҳаётида аниқ ҳис этиш имкониятига эга бўлдилар.

Дилнозахон ИСМОИЛОВА,

Давлат кадастлари палатаси

Андижон вилояти бошқармаси ходими

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?