Ер узум, осмон узум...(Фото)

20:02 18 Август 2020 Жамият
7896 0

Қуёшнинг олтинранг шуъласи асаднинг шамолини олиб, сарғайган шода-шода узумлар доналарида аксланади. Узоқроқ термулиб қолсангиз, ишкомдан гўё нур ёғаётгандек ёки новвот томчилаётгандек тасаввур уйғотади.

Беихтиёр хаёлингизда халқимизнинг ардоқли шоири, Олтиариқ замини фарзанди Эркин Воҳидовнинг:

Офтоб машшотаси

Ток сочини нурдан тараб,

Зангининг бўйнига осмиш

Шодаи маржон узум.

Тоқи ишком мисли осмон,

Ҳар тараф юлдуз сочур.

Воҳ ажаб, бу не синоат,

Ер узум, осмон узум,

деган гўзал мисралари жонланади.

Дарҳақиқат, мисоли еру осмонни тўлдириб, шодаи маржон бўлиб осилиб турган Олтиариқ узумларини кўрган ҳар бир инсонда ҳайрату ҳавас жўш уриши турган гап.

Шоҳимардон дарёсининг ҳаётбахш ирмоқларидан, биллурдай тоза жилғалардан тўйиниб сув ичган узумларнинг ҳар донаси бош бармоқдек келиб, оғзингизга солсангиз, ширинлиги тилни ёради.

Бу — тупроққа таъзим қилиб, ундан дуру гавҳар ундираётган олтиариқлик бободеҳқонларнинг ер билан тиллашиш ва диллашиш ҳадисини олганидан. Зеро, Олтиариқнинг тупроғи — зар, деҳқони — заргар, деб бежиз айтишмайди.

Элимизнинг ризқ-насибасини яратувчи миришкорларда узумнинг «Ҳусайни», «Ризамат ота», «Келин бармоқ», «Мерс», «Шоҳонак» сингари ўнлаб навларини парваришлаш бўйича жуда катта ҳаётий тажриба бор. Абдувоҳид Мирзажонов, Иброҳим Раҳимов сингари халқ селекционерлари серҳосил, эртапишар, касалликларга чидамли навларни ўзаро пайвандлаш орқали экспортбоп узум навларини янада такомиллаштиришга эришди. Айтганча, бир неча йиллар олдин ўзбек олими томонидан яратилган «Ризамат ота» нави айнан олтиариқликларнинг саъй-ҳаракати билан бугун жаҳон бозорида энг харидоргир ва қиммат нархда сотиладиган узумга айланди.

Айни пайтда туманда йилига ўртача 50 минг тонна узум етиштирилиб, унинг 65-70 фоизи Россия, Қозоғистон, Беларусь, Бирлашган Араб Амирликлари сингари мамлакатларга экспорт қилинади. Олтиариқлик тадбиркорлар — Ҳокимназар Маматов, Адҳамжон Абдураҳмонов узумни Европа, араб давлатларига экспорт қилишни йўлга қўйиш ҳаракатида юришибди. Уста боғбон Исақжон Бойматов Ҳиндистондан олиб келган узум навини маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш бўйича тинмай изланмоқда.

Ҳусанжон Ғофуров узумни баҳор фаслида ҳам ишкомда табиий ҳолида сақлайди, унинг хонадони гўёки очиқ осмон остидаги музей. Аслида унинг тадбиркорлигига қойил. Айни пишиқчилик пайтида килосини ўртача 10 минг сўмдан сотиш мумкин бўлган узумни у меҳнати эвазига маълум муддат сақлаб, қиш-қировли, баҳорнинг илик узилди кунларида 30-35, баъзан 100 минг сўмгача сотади.

— Узум токдан узилмай тургани сари шарбатга тўлиб, худди асал, новвот, қандга ўхшаб қолади. Табиий дармондориларга роса тўйинади, — дейди Ҳусанжон ака. — Тўғри, туманда 60 минг тонна сиғимга эга мева-сабзавот сақлайдиган 70 та музлатгичли омборхона бор. Лекин узумни истаган пайтда токдан қўл билан узиб олиб ейишнинг роҳатига нима етсин!

Ҳаёт шиддати олтиариқликларни ҳам деҳқончиликка илм билан ёндашиб, инновацион ғояларни татбиқ этишни тақозо этаётгани айни ҳақиқатдир. Президентимизнинг Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифлари чоғида белгиланган вазифалар доирасида туманда минглаб гектар ерларда узумчилик плантациялари барпо этиляпти. Анъанавий хўраки навлар билан бирга кишмиш, майизбоп узум навларини экишга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жаҳон бозорини нари борса тўрт-беш ой эмас, йил — ўн икки ой узум билан таъминлаш мақсадида истиқболли бизнес-режалар ишлаб чиқиляпти.

Яшаш яхши, яхши яшаш ундан ҳам яхши. Яхши яшаш учун эса ердан тортиб, қуёшгача — ҳаммаси керак, барчаси зарур. Буни ўз вақтида англаб етган олтиариқликлар кўз илғамас олис самолардан мўъжизалар кутиб яшашга одатланмаган. Улар мўъжизалар шундоққина қўл узатса ушлаб олиш мумкин бўлган жойда — ўзининг оиласида, томорқасида сидқидилдан қилинган меҳнатда эканлигини жуда яхши билади. Ҳамма гап ана шунда.

Йилнинг тўрт фаслида ҳам елкасидан кетмони, қўлидан гулқайчиси тушмайдиган олтиариқликлар меҳнатига таъзимдамиз!..

Ботир МАДИЁРОВ
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер