Энди талаба деканат эшигида сарғаймайди
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқарувини модернизация қилиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, энг муҳими – коррупцияга қарши курашни кучайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борадаги ислоҳотларни янада самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни, Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар комплаенс тизими жорий этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2025 йил 10 декабрь куни коррупцияга қарши курашиш, комплаенс назоратини такомиллаштириш ва рақамлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тақдимоти билан танишар экан, ҳар бир вазирлик ва идорада мазкур хизматнинг жорий этилиши шарт эканлиги ҳақида кўрсатма берди.
Коррупция – аксарият жамиятларда ижтимоий-иқтисодий ривожланишга путур етказувчи жиддий жиноятдир. Бирор-бир мамлакат, минтақа, жамият коррупциядан иммунитетга эга эмас. Коррупция тадбиркорликка, фанга, таълимга, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб соҳаларга жиддий зарар етказади, мамлакат коррупциялашган тизимда муваффақиятли ривожлана олмайди.
Агар коррупция Олий таълим муассасасида содир бўлса, бу аввалги ёшлардан буткул фарқ қилувчи ҳур фикрли янги Ўзбекистон ёшларининг давлатга бўлган ишончини пасайтиради ва таълимий кайфиятига жиддий таъсир ўтказади. Соатлаб деканат эшигида сарғайиб муаммосини ҳал қила олмаган талабанинг ўқишга бўлган иштиёқи сусаяди. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларини биринчилар қаторида Тошкент Кимё халқаро университети амалиётда қўллай бошлагани университетимиз талабалари учун зўр янгилик бўлди. Университет ректори А.Аллакулиев томонидан ташкил этилган Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази йўналиш деканатлари, бугалтерия, ўқув бўлими ва университет қабул бўлими, Call-center билан интеграция қилинган бўлиб, университетнинг йўналиш декан ўринбосарлари шу хонада мурожаатчи талабаларни қабул қиладилар.
Турли навбат ва сарсонгарчиликларнинг олдини олиш учун эса электрон навбат тизими жорий қилинган. Талабаларга хизмат кўрсатиш (Call-center) марказининг асосий устувор вазифаси – талаба ва абитуриентларга сифатли хизмат кўрсатиш, уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш, юзага келган муаммоларни ҳал қилиш ҳамда университет ва талабалар ўртасида самарали алоқа кўпригини таъминлашдан иборат. Мазкур марказ ҳозирги кунда кундузги таълим шакли бўйича қуйидаги мактабларни қамраб олади: Таълим мактаби, Бизнес мактаби, Санъат мактаби ва Муҳандислик мактаби. Шунингдек, Call-center маркази талабаларга бухгалтерия масалалари бўйича маълумот бериш, фанларни қайта топшириш учун рўйхатдан ўтказиш (регистрация қилиш) ҳамда ушбу жараёнлар билан боғлиқ мурожаатларни қабул қилиш вазифаларини ҳам бажаради. Бундан ташқари, марказ абитуриентларга ҳамда ўқишини бошқа олий таълим муассасасидан кўчирмоқчи бўлган талабаларга тўғри тавсиялар бериш, уларни керакли жараёнлар бўйича йўналтириш ва ҳужжатларини расмийлаштиришда амалий ёрдам кўрсатади. Қисқача айтганда, ушбу марказ талабанинг университетга кириш жараёнидан бошлаб, ўқишни муваффақиятли тамомлагунига қадар юзага келадиган кўплаб ташкилий ва маъмурий масалаларни ҳал қилишда хизмат кўрсатади. Талабалар учун яратилган бу шароит вақтни тежаш билан бирга, эскича тартибдаги қоғозда ариза бериш ва ариза натижаларини кутиш каби оворагарчиликлар ва коррупциянинг олдини олади.
Шунингдек, университет ректорининг комплаенс телеграм ботининг ишга туширилиши тизимдаги мавжуд муаммоларни раҳбар нигоҳи билан кўриш ва зудлик билан ечимини топиш имконини берди. Сир эмаски, сўнгги ойларда нуфузли Олий таълим муассасаларининг талабалари томонидан ижтимоий тармоқлардаги университет тартиб-қоидалари ва интизомига оид шикоятлар, видео мурожаатлар бот-бот тарқалмоқда. Бу муаммолар университет тизимида талабанинг мурожаатлари ўз вақтида қаноатлантирилмаганлиги оқибатидан юзага келади. Ижтимоий тармоқдаги битта мурожаат бутун бошли университет имижига салбий таъсир кўрсатади. Раҳбарият ва талаба ўртасида турли қоғозбозликларнинг кўплиги ва муаммонинг аниқ ечими мавжуд эмаслиги бу каби норозиликларни келтириб чиқариши мумкин. Бугунги кунда марказимизга бир кунда 200 дан ортиқ талаба турли хил масалада мурожаат қилади.
Мурожаатчи талабанинг мурожаати зудлик билан қаноатлантирилади. Шартнома ва тўлов билан боғлиқ муаммолари бўлса, марказда банк филиали ҳам фаолият кўрсатиб турибди. Аввалги тартиб бўйича талаба бирор масалага оид мурожаат билан ўз деканатига ариза ёзар, ариза тегишли бўлим ва раҳбарият имзосини олгунча вақт кетарди. Бу тизим марказлашгач, тизимли равишда шу куннинг ўзида масалани ечиш имконияти яратилди. Ректорнинг комплаенс ботига эса аноним усулда таълимдаги сифат тизимига оид мурожаатлар ёки коррупция ҳолатлари мавжуд бўлса талабалар, ота-оналар ахборот бериши мумкин. Аммо бу кунгача коррупцияга оид мурожаат келиб тушмади. Сабаби, университетимизда марказ ва комплаенс телеграм ботининг мавжудлиги профессор-ўқитувчилар ўртасида ҳам ўз ишига ва таълим сифатига масъулиятни икки карра оширади.
Мираббос Мирхамидов
Тошкент Кимё халқаро университети
Талабаларга хизмат кўрсатиш маркази раҳбари.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Тошкент – Самарқанд пуллик йўли қурилиши 2 миллиард доллардан зиёдга баҳоланмоқда
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
- Бир асрлик тарихга гувоҳ бино тақдири
- Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди
- Тошкентда Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг