Емаган сомсага пул тўлаш кимга ёқади?

11:14 08 Август 2025 Жамият
279 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Ёзнинг жазирама кунлари ортда қолиб, бироз салқин ҳаво эпкинлари эса бошлади. Табиийки, энди қишнинг совуқ, изғиринли кунларига тайёргарликни ҳам бошлаб юборса бўлади. Ахир қишнинг бир куни ҳам қиш деган нақл бежиз айтилмаган.

Аҳоли учун-ку, бу иш унчалик ҳам мураккаб эмас, уйидаги иситиш жиҳозларини шайлаб, зарур таъминотни мустаҳкамлаб қўйса бўлгани. Аммо бир неча юзлаб хонадонларга марказлашган иссиқлик манбаи етказиб бериши лозим бўлган корхоналарга қийин. Улар қишга пухта тайёргарлик кўрмаса, эртага панд еб қолиши ҳеч гап эмас.

Қашқадарё вилоятидаги кўп қаватли хонадонларга марказлашган иссиқлик манбаи хизматини кўрсатадиган Қашқадарё вилоят «Иссиқлик таъминоти» масъулияти чекланган жамияти ҳам айни кунларда қишки мавсумга пухта ҳозирлик кўриш ҳаракатида. Аммо бу жараён фақат ўзларигагина боғлиқ иш эмас. Тайёргарликнинг етарли даражада бўлиши, хизмат кўрсатиш сифатининг янада ошиши кўп жиҳатдан аҳолининг белгиланган тўловни ўз вақтида амалга оширишига ҳам боғлиқ. Айни пайтда эса бу борада муаммолар талайгина.

Масалан, биринчи август ҳолатида Қашқадарё вилоят «Иссиқлик таъминоти» масъулияти чекланган жамиятининг дебитор қарздорлиги 1 миллиард 794 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бу пулни йиғиб олмасдан туриб, фаолиятни давом эттириш қийин, албатта.

Шу мақсадда корхона ходимлари истеъмолчиларга талабнома юбориб, қарздорликни ўз вақтида бартараф этиши зарурлиги, акс ҳолда ундирув суд орқали амалга оширилиши ҳақида огоҳлантиришди. Бундан кўплаб аҳоли вакиллари норози бўлишди. Чунки...

— Қарши шаҳридаги 2-митти тумандаги хонадонлардан бирида яшайман, — дейди Сарвиноз Бурхонова. — Уйимиз турмуш ўртоғимнинг номида. Шу ерда қарийб 15 йилдан буён истиқомат қиламиз. Биз уйни сотиб олганимизда ичкаридаги иссиқлик тизимлари олиб ташланган эди. Ҳозир ҳам марказлашган иссиқлик манбаига уланмаганмиз. Аксарият қўшниларимизда ҳам шу ҳолат. Лекин ҳар йили «Иссиқлик таъминоти»дан келиб, қарзни тўлашимизни талаб қилишади. Иссиқлик манбадан фойдаланмаётганимизни айтсак, «Бунинг фарқи йўқ. Ҳамма тўлаши керак» деган жавобни оламиз. Ахир емаган сомсага пул тўлаш кимга ёқади?

Бизга мурожаат қилган яна бир нечта фуқароларнинг айтишича, 2000 йиллар бошидан бошлаб қарийб 15-20 йил давомида Қарши шаҳрининг аксарият ҳудудларида марказлашган иссиқлик манбаи ишламаган. Натижада улар кераксиз деб ҳисоблаган иситиш тизими қурилмаларини олиб ташлаб, бошқа индивидуал иситиш воситаларидан фойдаланишга ўтишган.

Сўнгги уч-тўрт йил ичида эса бу борадаги вазият ўзгарди. Эски қозонхоналар таъмирланиб, ишдан чиққан тизимлар янгиланди. Лекин ҳали ҳамма ҳам марказлашган иситиш тизимига қайта улангани йўқ. Кимдир индивидуал иситиш тизимларидан фойдаланишни афзал кўраётган бўлса, яна бошқа бировнинг бунга имконияти етмаяпти. Масалан, тизимга янгидан уланиш учун зарур қурилма ва жиҳозларни сотиб олиш камида 5 миллион сўмдан ортиқ харажатни талаб этар экан. Бунга ҳамманинг ҳам қурби етмайди.

Қашқадарё вилоят «Иссиқлик таъминоти» масъулияти чекланган жамияти масъуллари эса ана шу ҳолатни ҳисобга олмасдан, барчадан бирдек тўлов талаб қилмоқда. Юзага келган миллионлаб нореал қарздорликни шу йўл билан бартараф этишмоқчи, шекилли.

Аслида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги тегишли қарори билан тасдиқланган «Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш Қоидалари»нинг 4-банди талабларига кўра, иссиқлик манбаини етказиб берувчи корхона хизматни истеъмолчилар билан икки томонлама (ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, бошқарувчи ташкилот ва бошқалар ҳам жалб этилганда уч томонлама) шартнома асосида амалга ошириши зарур. Бугунги ҳолатда эса Қашқадарё вилоят «Иссиқлик таъминоти» МЧЖ вилоят бўйича 13 минг 700 та хонадонга марказлашган иссиқлик манбаи етказиб бериши кўзда тутилган бўлса, уларнинг 6300 дан ошиғи билан расман шартномалар тузилган. Қолган хонадонлар эса хатлов қилинмаган. Уларнинг қайси бири чиндан ҳам иссиқлик манбаидан фойдаланяпти, қайси йўқ, бу маълум эмас.

Хўш, бу ҳолатда барча истеъмолчилардан бирдек тўлов талаб қилиш қанчалик ўринли?

— «Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш Қоидалари»га кўра, марказлашган иситиш тизими орқали иситилиши белгиланган хонадонлар уй ичидаги тизим қурилмаларни ўзбошимчалик билан олиб ташлаши мумкин эмас, — дейди Қашқадарё вилоят «Иссиқлик таъминоти» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Қаҳрамон Жўраев. — Тўғри, кўп йиллар давомида тизим ишламади, натижада фуқароларнинг индивидуал иситиш қурилмаларидан фойдаланишга ўтганини тушунамиз, лекин энди ишлаяпти. Демак, истеъмолчилар ҳам энди тармоққа уланиши зарурда. Бу хавфсизлик томонлама ҳам, хизматнинг арзонлиги борасида ҳам қулай-ку.

Масъулнинг талаби ҳам ўринсиз эмас. Лекин «У қилиши керак, бу қилиши керак» деган иддаолар билан муаммо ҳал бўлиб ҳам қолмайди. Қачонки Қашқадарё вилоят «Иссиқлик таъминоти» МЧЖ барча истеъмолчилар бўйича хатлов ўтказиб, расман шартномалар тузмас, тармоқдан узилган хонадонларга тушунтириш ишларини олиб бориш, кам таъминланган хонадонларнинг тизимга қайта уланиши учун қулайликлар яратиш йўллари ҳақида бош қотирмас экан, икки томон ўртасидаги низо ва муаммоларга ечим топилмайди.

Аммо ёддан чиқармаслик керак: энди халқни кўзини қўрқитиб, «фалон жойдан келдим» деб алдаб пулини олиб бўлмайди. Қонун ҳамма учун баробар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер