Элда эъзоз топган аёллар

14:28 07 Март 2026 Жамият
431 0

“8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Президент Фармонига асосан Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида алоҳида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга катта ҳисса қўшаётган хотин-қизларимиз давлат мукофотларига сазовор бўлди. Улар орасида парламент юқори палатаси аъзолари ҳам бор.

Қуйида уларнинг дил сўзи билан танишасиз.

Жамила БОБАНАЗАРОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Аёл — меҳр ва садоқат тимсоли. Шу билан бирга, у замонавий жамиятда фаол сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жараёнларнинг тенг ҳуқуқли иштирокчисидир. Қолаверса, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг кўзланган натижаларни беришида ҳам хотин-қизларимизнинг муносиб ҳиссалари бор. Албатта, мазкур жараёнда аёллар ташаббусларининг қўллаб-қувватланиши, ҳар бир аёлнинг ўз имкониятларидан фойдаланиши учун шарт-шароитнинг яратилиши муҳим омил бўляпти. Бу эса мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, ижтимоий адолат ва инсон қадрини улуғлаш тамойилларининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётганидан далолат беради.

Мана шундай улуғ айём арафасида Президентимизнинг “8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ “Дўстлик” ордени билан мукофотланганим мен учун улкан шарафдир. Бу мукофотни мамлакатимиз ташқи сиёсатини ривожлантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва инвестиция муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларимизнинг эътирофи сифатида қабул қилдим.

“Дўстлик” ордени — аввало, халқлар ўртасидаги дўстона муносабатлар, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат рамзи. Шу боис ушбу мукофотни юртимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтираётган, миллатлараро алоқаларни мустаҳкамлаётган барча фидойи инсонларга берилган мукофот, деб биламан.

Давлатимиз раҳбарининг бизга билдирган ишончи янада масъулиятли бўлиш, янги ташаббуслар билан чиқишга ва мамлакатимиз манфаатларини халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилишга чорлайди.

 

Мойра ТОШОВА,

Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, хотин-қизлар ҳамда ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу жараёнларда иштирок этиш мен учун катта шараф ва ифтихордир. Шу маънода, Президентимизнинг “8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан “Mеҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганимни янада самарали ва виждонан хизмат қилишга даъват сифатида қабул қилдим.

Ушбу орден барча ҳамкасбларим билан биргаликда олиб борилаётган изчил ишларнинг эътирофи бўлди, десам, хато эмас. Чунки натижа жамоавий меҳнат самарасидир.

Тақдирлаш маросимида менга “Бу мукофот босиб ўтилган йўлми ёки босиб ўтилган йил натижасими?” деган савол беришди. Албатта, иккаласи ҳам. 1996 йилдан буён маҳаллада ишлайман. Агар ўша вақтларда бирон киши менга вақт келиб маҳалланинг нуфузи ошади, кўчалари обод бўлади, маҳалла раисининг қўлида миллион-миллион маблағи бўлади, муаммолар маҳалланинг ўзида ечим топади, маҳалла раиси депутат, сенатор бўлади деса, очиғи, ишонмас эдим. Чунки бундан 10 — 15 йиллар муқаддам бундай жараёнларнинг амалга ошиши ақлга сиғмасди. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бу ҳаётий ҳақиқатга айланди. Шукрки, шу кунларга ҳам етиб келдик.

Давлатимиз раҳбарининг хотин-қизларга қаратаётган юксак эътибори ва ишончи биз, аёлларни янада фаол, ташаббускор ва қатъиятли бўлишга чорлайди. Ушбу мукофот кўп қатори мени ҳам бундан кейин янада шижоатли, янада масъулиятли бўлишга ундайди.

 

Ҳамроқул ҚАРШИЕВ

(«Халқ сўзи») ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер