Эл суйган адиб
Фото: Архив сурат
Бугун — Ўзбекистон халқ ёзувчиси
Асқад Мухтор таваллуд топган кун
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор 1920 йил 23 декабрида Фарғона шаҳрида туғилган. Ижодкор халқимиз қалбидан носир, шоир, моҳир таржимон сифатида жой олган. Унинг «Пўлат қуювчи», «Ҳамшаҳарларим», «Раҳмат, меҳрибоним», «Чин юракдан» каби шеърий китоблари, «Дарёлар туташган жойда», «Қорақалпоқ қиссаси», «Бухоронинг жин кўчалари» каби қиссалари, «Опа-сингиллар», «Туғилиш», «Давр менинг тақдиримда», «Чинор», «Аму» каби романлари ва бошқа кўплаб асарлари халқимизнинг маънавий мулкига айланган.
КЎК ТОШ
Мен тошман, кўк тош. Отим — Яшм. Ўн минг йиллардан бери кўрмаган томошам қолмади. Биров бошига кўтаради, биров сиртимга миниб ўтиради, биров тўрига қўяди, биров — гўрига. Юрмаган йўлим, кўрмаган элим йўқ. Бир Ер юзининг қайси бир нуқтасида ётсам, менгаку барибир, лекин одамларга ҳайронман, тоғу тош демай, дарёми-денгиз демай, дам дунёнинг у чеккасига, дам бу чеккасига судраганлари-судраган мени. Чиройли эканман, асил эканман, шаффоф эканман, хўш, келиб томоша қилавер. Йўқда, меники бўлсин. Шу «Сеники-меники» деган фақат одамда бўлади, назаримда — уруш-жанжали ҳам, қирғини ҳам шундан, ўлими ҳам, кулфати ҳам.
Тағин, бунинг гуноҳини ўзларидан соқит қилиш учун, менинг тўғримда мудҳиш афсоналар тўқишганини айтмайсизми!
Кейинги бир неча минг йил давомидаку Чин-Мочиннинг ҳашаматли саройларини безаб, анча тинч ўтирдим. У хоқоннинг қасридан бу хоқоннинг саройига сургалиб анча сайқаллашиб қолган бўлсам ҳам, бус-бутун эдим, биров жон бергани ҳам йўқ мени деб. Аммо, мана энди, Чингиз дегани келаётганмиш туман-туман лашкари билан дала даштни дуду тўзонга чулғаб. Мени деб келаётганмиш. Мен керак бўлсам, мана турибманку, кел, ол. Нима қиласан бутун бир мулкатни ўтга тутиб, шаҳарларни кўкка совуриб, лак-лак лашкарни қириб, бегуноҳ элатларни қон-қора қақшатиб! Ёраб!!!
Айтдимку, дунёнинг қайси чеккасида ётсам — менга барибир, деб. Мана энди, тағин судраб кетишаяпти. Чин-Мочинда мени муқаддас ҳисоблар эдилар, мана энди тинчлигим бузилди, мени деб юзта от, уч юзта навкар овора. Кўп ўтмай, қумда судрайдиган ёғоч чанага тушдим. Чунки устига хода қўйиб мени лўкиллатиб олиб кетаётан тўртта фил кеча кечаси ўлиб қолди. Чўлга ярамас эканда жониворлар. Кейин тўртта туя ўркачига жойлаб кўришди, бўлмади, сирғалиб тушиб қумга юмаладим. Олтита навкарни босиб қолдим, ерга чалпакдай ёпишиб жон беришди шўринг қурғурлар. Бу воқеадан кейин хоқоннинг ўзи яна тўрттасини эҳтиётсизлиги учун қамчилаб ўлдирди. Энди мана «чана» даман. Эй, азиз жонини аямаган одамлар-эй... Менгаку, минг йил чўт эмас, бу гумроҳларнинг умри ахир бир нафас. Ўйлаб кўрсачи, қадрига етсачи!
Мени жойимдан қўзғаганнинг ўзи бир фалокатга дучор бўлади. Бу афсонани, ҳали айтганимдай, одамларнинг ўзлари тўқиб чиқарган, ўзлари шунга ишонишади ҳам. Асли ўзи шундай, шекиллида, неча марта синаганман, ўзим ҳам ишониб қолдим афсонага. Қўл теккизишса, хавотирланиб тураман. Лекин одамлар... ҳамон жойимда тинч қўйишмайдида.
Ҳалиги Чингиз дегани ҳам мана мени не азоб билан олиб келдию, ўзи, ўша афсонада айтилганидай, бекордан-бекор шамоллаб, тўсатдан қазо қилди. Менинг Чин-Мочиндан Мовароуннаҳрга кўчиб олганим қолди.
Бу ернинг хўжайини ҳам, унинг оти Чиғатой эди, нафимни кўриб-кўрмай ўлиб кетди. Одамлар буни ҳам менинг касофатимга йўйишди, албатта.
Инсон ўтмишдан сабоқ олмас эканда. Ўша Чиғатойнинг невараси яна менга қўл уриб, Нахшабда тахт қилиб устимга миниб ўтирди. Э... бунга ҳам ёрлақагани йўқ. Очиғи, гап менинг ҳақимдаги афсонада эмас, ҳаммаси одамларнинг очкўзлигидан. Ахир, Чин-Мочин хоқонлари мени қайтиб олиб кетиш учун не-не ҳийла-найранглар ишлатишмади, не-не пораю бойликлар ваъда қилишмади, орадаги сотқинлик, хиёнатлар ғойиб бўлган, ўлиб кетган не-не одамлар.
Ахири, меники бўлғуси хўжайиним улуғ Темур барига чек қўйди, очкўз урушқоқларнинг нафсини тийиб, бошини қўшиб, бир тож остига жипслаштирди. Бу машғулотлар билан бўлиб, у зот менинг тақдиримни жилла кўздан қочирдилар. Аммо бир донишманд набиралари қадримга етди. Мени топиб, пойтахтга кўчириш учун махсус йўл солдирди. Шикаст етмасин, деганда. Кешдан Самарқандгача дастлаб мен юрган ўша текис йўл ҳали ҳам бор, балки кўргандирсиз.
Донишманд мени буюк бобосининг қабрига қўйдирди. Мангулик тоза ҳусним шу зотнинг абадий шуҳратига монанд эди, бир неча юз йил одамларга шу фикрни эслатиб, тинч ётдим.
Афсус, улуғлар ўлар экану, одамларнинг баднафслиги ўлмас экан. Ўзини жаҳонгир ҳисоблаган ёвқур ҳукмдор Нодиршоҳ яна менга кўз тикди. Самарқанднинг бошқа ганжиналари билан бирга мени ҳам Машҳадга кўчириб олиб кетишни буюрди. Улуғ зот қабридан қўпориб... Аммо ўз амри ўз кўнглига ғулғула солди, менинг ҳақимдаги мудҳиш афсона ёдига тушиб, ҳукмдор суст кетди. Қўрқоқ юрагига тасалли қидириб, улуғ Темур хотирасига фотиҳалар ўқитиб, мени пойтахт қасрида муқаддас тош деб эълон қилишга ваъда бериб, ўз дилини овутди. Бироқ у, барибир, қўрқоқ бир ўғри эди. Дилидаги ҳадик ҳаловатини олди. Авлиёларнинг арвоҳлари, оҳ соҳибқироннинг қўпорилган қабри, мақбара вайроналари тушларига кириб, баданини совуқ тер босиб уйғониб кетарди. Қўрқувдан телба бўлишига сал қолганда ахири мени Самарқандга қайтариб, ўрнимга қўйишга фармон берди. Яна сафар, яна судра-судра, йўл азобидан дарз кетган куним, Нодиршоҳни ўз одамлари сўйиб қўйибди, деган гап тарқалди. Буни ҳам одамлар, ноилож, менинг касофатимдан кўрдилар.
Шундан кейин қабр тепасида яна бир неча аср тинч қўйишди. Сағанада ястаниб ётиб мен учун янгилик эмас, ётавердим. Мақбара муҳташам, ҳамиша гавжум, тўда-тўда бўлиб дунёнинг ҳар чеккасидан келиб зиёрат қилишади. Мундоқ бўптида, келиб кўриш мумкин бўлгандан кейин, сеники-меники қилиб талашиш, қўпориш, бузиш, урушиш на ҳожат! Юқорида айтдимку. Ер юзининг қайси нуқтасида ётиш менинг учун барибир, деб.
Шундай қилиб, одамларга эс кирибди, деб бамайлихотир ётсам, э-воҳ, надоматлар бўлсинки...
Бир куни яна келиб қолишди. Бу сафар улар кўпчилик эди, на афсонага, на қисматга, на Худога, на арвоҳга ишонадиган одамлар. Келишдию, бисмиллосиз, қўлларига мирсангу чўкич олишди.
Улар ҳали... эртасига жаҳон бўйлаб қонли қирғин бошланишини, тўрт йил давомида эллик миллиондан ортиқ инсон ер тишлашини билишмас эди.
Бу 1941 йилнинг 21 июни эдида. Ҳали тарихнинг энг фожиали тонги отмаган эди.
ОМОН ҚОЛГАН ОДАМ
1956 йили эди. Етимхонада бирга ўсган тенгдошларимни учратиб қолдим. Йигирма йилча кўришмаган бўлсакда, мен у ҳақда анча-мунча гапни эшитиб билар эдим. Ўзим умримда кўп қийинчилик, мушкул вазиятларни бошимдан кечирганман. Лекин менинг кўрган кунимни бунинг кўргиликлари олдида жаннат деса бўларди.
У тарихчи ёш муаллим эди. 1941 йили урушга кетганини биламан, кейин кўп ўтмай, бедарак йўқолганини эшитдим. Урушдан кейин маълум бўлдики, асир тушиб, тўрт йилда концлагерь даҳшатларини бошидан кечирибди. Ғалабадан кейин ҳарбий қисмларимиз қутқазганда, оиласига дарак келди: очликдан чалажон бўлган ҳолича госпиталга жойлаштиришган экан. Аммо бир йил ўтар-ўтмай Колимада эмиш, деб эшитдик.
Ўша гапга ҳам тўққиз йил бўлди. Демак, жами ўн беш йилча жаҳаннам азобини чекиб омон қолган одам.
Лекин у ҳозир бундай кулфатни кечирган кишига сира ўхшамасди. Қулоч ёзиб кўришганимизда яна ҳам амин бўлдимки, у тоғни урса талқон қиладигандай соғлом, бақувват, оқ юзидан кулги чарақлаб турибди.
– Оббо, Фазлиддин-ей... — дедим ўша танишим эканига ишонқирамай. Спортчиларникидай дағал, кенг кафти билан елкамга уриб қўйди. Шунча мудҳиш синовлар кор қилмабди, азаматга. «Биз детдом болалари ҳаммамиз шунақамиз ўзи, — дея ғурурланиб қўйдим, — мушкул йиллар қаддимизни буколмай ўтди-кетди, биз эса ўша-ўша тетик!».
– Оббо, сен-ей, юр кетдик!
– Қаёққа?
– Қаёққа бўларди, ҳовлигада, ўтган қора кунларни эслаб чақ-чақлашамиз, оғайни.
– Йўқ, — деди у.
– Йигирма йилда бир кўришиба?
– Йўқ, Қўқон хонлигининг элчиси қабулхонамда кутиб ўлтирибди... Сиз ҳам боринг. Хуросонда вазият оғир...—деди у.
Кўзларимни пирпиратиб, юзига боқсам, ҳазиллашаётган кишига ўхшамайди, жиддий. У-бу гап топгунимча «хайр» деб жўнаб кетди.
– ... Аттанг... — дея шивирлаб, теракка суянганча орқасидан қараб қолавердим.
ТАФТ
Қобулда боғи Бобур деган қадамжо бор. Унинг баланд тўрида шоирнинг қабри сақланган. Оёқ томондаги қари тутни ўша вақтларда ўтқазилган, деб тушунтиришади. Қадамжони иккинчи бор зиёрат қилганимда ёнимда менга боғлаб қўйилган соқчидан бўлак одам йўқ эди. Унинг оти Маъриф, камбағалгина аскар бола.
Мен бу сафар тутга узоқ тикилиб қолдим. У қариб, йўғон танаси тамоман чириб, ўқ илдизи тупроққа айланган. Лекин бир ёнидаги жиндек ғудур пўстлоқдан озгина шира келиб бир-икки шоҳида яшил барглар ҳали ҳам шивирлашиб турибди. Наҳотки ўша асрлардан бери тирик? Уни ўтқазганлар, балки буюк бобомизни кўргандир. Пўстлоғида кимларнинг кафт излари бор экан? Шабадада қалтираб йилтиллаб турган бу сийрак барглар мўъжизадай туюлади, мен уларни ушлагим келдию, қўл теккизолмадим. Тиз чўкиб, тутнинг пўстлоғи бор томонга кафтимни узатсам, қўлим титраб, баданимга ўт югургандай бўлди.
– Ажабо... дедим аста силаб кўриб.
– Бўлмайди,— деди шу пайт тепамда турган Маъриф.
Ўрнимдан турдим. Ушлаш мумкин эмас экан, деб ўйлаб, хижолат тортдим.
Боғдан чиққандан кейин суриштирсам, Маъриф «бўлмайди»ни бошқа маънода айтган экан. Унинг отаси бозорда ўтинфурушларга тарозибонлик қилар экан. Хонадонда ўтиннинг сифатини яхши билишади.
— Энди у ёнса ҳам тафт бермайди. Чиринди, — деди аскар.
Асқад МУХТОР
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг